Дафндан кейин қабрни очиш мумкинми?

Дафндан кейин қабрни очиш мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таъкидлаш лозимки, мусулмон киши ҳаётлик даврида қандай ҳурмат-эҳтиромда бўлса, вафот этганидан кейин ҳам худди шундай эҳтиромда бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кишини эъзозлаш ҳақида шундай деганлар:

عَنْ عَائِشَةَ، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا” (رواه الإمام أبو داود)

яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вафот этган кишининг суягини синдириш – тирик кишининг суягини синдириш билан баробардир”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадисни шарҳлаган уламолар: “Тирик кишини суягини синдириш қандай гуноҳ бўлса, вафот этган кишининг суягини синдириш ҳам ўшандай гуноҳдир”, – деганлар.

Маййит қабрга дафн қилингандан кейин қайта чиқаришга шариатимиз рухсат бермайди. Фақат дафн қилинган жой бировнинг ери бўлиб, эгаси рози бўлмаса ёки маййитнинг кафани бировдан тортиб олинган мато бўлса, маййитни қабрдан чиқаришга рухсат берилган (“Фатовои ҳиндийя” китоби). Ҳатто бизнинг мазҳабимизда намоз ўқилмасдан кўмилган маййитни ҳам қабрдан қайта чиқарилмайди, балки маййит ҳали титилмаган (ёрилмаган), деб гумон қилинса (баъзи уламолар буни уч кунгача деганлар), қабрининг ёнига келиб, унга жаноза ўқилади.
“Фатҳул қодир” китобида қуйидаги жумла келтирилган:

وَاتَّفَقَتْ كَلِمَةُ الْمَشَايِخِ فِي امْرَأَةٍ دُفِنَ ابْنُهَا وَهِيَ غَائِبَةٌ فِي غَيْرِ بَلَدِهَا فَلَمْ تَصْبِرْ وَأَرَادَتْ نَقْلَهُ
أَنَّهُ لَا يَسَعُهَا ذَلِكَ

яъни: “Бир аёлнинг фарзанди у йўқлигида бошқа шаҳарга дафн қилинган бўлса ва у аёл сабр қила олмай боласининг қабрини кўчириб келишни хоҳласа, бундай қилиши жоиз эмасдир.

Машойихлар шунга иттифоқ қилганлар” (“Фатҳул қадир” китоби).

Демак, мусофир киши сафар давомида вафот этиб, ўзга юртда дафн қилинган бўлса, яқинлари унинг қабрини очиб, ўзларининг ватанига олиб кетишлари шаръан жоиз эмас.

Ҳатто дафндаги суннат амалларга амал қилинмасдан дафн қилинган маййит ҳақида фиқҳий китобларимизда шундай дейилган: “Маййит қиблага қараб ётқизилмагани ёки чап ёни билан ётқизилгани, ёхуд боши оёқ томонга қилиб қўйилгани маълум бўлса, қаралади: агар лаҳаднинг оғзи хом ғишт билан беркитилган, лекин ҳали тупроқ тортилмаган бўлса, очиб, суннатга мувофиқ қилиб қўйилади. Аммо бу нарса тупроқ тортилгандан кейин билинса, қабр очилмайди” (“Фатовои ҳиндийя” китоби).

Бир қабрга иккинчи маййитни қўйиш масаласида фиқҳий китобларимизда шундай дейилган:

وَلَوْ بُلِيَ الْمَيِّتُ وَصَارَ تُرَابًا جَازَ دَفْنُ غَيْرِهِ فِي قَبْرِهِ وَزَرْعُهُ وَالْبِنَاءُ عَلَيْهِ

яъни: “Қабрдаги маййит чириб, тупроққа айлангани маълум бўлса, шу қабрга бошқа маййитни қўйиш мумкин. Шунингдек, бу каби қабрлар ўрнида деҳқончилик қилиш ва иморат солиб, фойдаланиш ҳам жоиздир” (“Табйинул ҳақоиқ” китоби).

Уламоларимизнинг фатволарида бизнинг юртимизда бир қабрга иккинчи маййитни қўйиш учун орадаги муддат 40 йил атрофида бўлиши кераклиги айтилган. Шунингдек, зарурат билан қабристон бузиладиган бўлса, қабристонга охирги марта тахминан 40 йил аввал дафн қилингани маълум бўлганда, уни бузишга рухсат берилади. Акс ҳолда муддат келгунча кутилади.
Хулоса қиладиган бўлсак, шариатимиз рухсат берган маълум ўринлардан бошқа ҳолатларда дафндан кейин қабрни қайта очиш мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!