CСВ: Вазир хорижда жигар трансплантациясидан сўнг аҳволи ёмонлашган Мардонбекнинг онасига қўнғироқ қилди

CСВ: Вазир хорижда жигар трансплантациясидан сўнг аҳволи ёмонлашган Мардонбекнинг онасига қўнғироқ қилди

Kun.uz сайтида жигар циррози ташхиси қўйилган Каттақўрғон туманилик 2 ёшли Мардонбекка Ҳиндистонда трансплантация операцияси орқали жигар кўчириб ўтказилгани, унга онаси донорлик қилгани, бироқ ҳали чет элдан қайтмай туриб, аҳволи оғирлашган гўдакнинг соғайиши учун қўшимча кўмак зарурлиги юзасидан видеомурожаат эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабар чиққан заҳоти ҳолатни ўз назоратига олди.

Амрилло Иноятов,
вазир:

— Сал аввал Ҳиндистонда бўлиб турган Мардонбекнинг онаси Юлдуз Баратова билан телефон орқали шахсан гаплашиб, унга бундай дамларда ёлғиз эмаслигини айтдим. Биз онанинг ҳам, боланинг ҳам қисқа муддатда соғайиб, оёққа туриши учун барча тезкор чораларни кўрамиз.

Қолаверса, улар Ўзбекистонга қайтгач, даволаниши ва реабилитацияси билан боғлиқ жараёнларни тўлиқ ўз зиммамизга оламиз. Улар юртимиздаги энг нуфузли клиника ва тажрибали мутахассислар назоратида бўлади.

Нафақат жигар, балки инсон бошқа аъзоларининг трансплантацияси — ҳозирча юртимизда янги ўзлаштирилаётган соҳа. Шунга қарамай, давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, буйрак, жигар, юрак каби органларни кўчириб ўтказиш бўйича мутахассисларимиз маҳорат ва тажриба тўплаяпти.

Ҳозир бу борада мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиб, хорижнинг илғор клиникалари билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Чет элда мутахассисларимиз малакасини оширяпмиз.

Шуни ишонч билан айтаманки, бу саъй-ҳаракатларимиз яқин келажакда ўз натижасини кўрсатиб, болаларнинг бундай мураккаб ва ноёб операциялар учун вақт ва маблағ сарфлаб, хорижий давлатларга боришига ҳожат қолмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!