«Coca-Cоlа» промо-акцияси можароси: ғолибга машина берилмаяпти

«Coca-Cоlа» промо-акцияси можароси: ғолибга машина берилмаяпти

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган «Coca-Cola Uzbekistan, LTD» МЧЖ компанияси томонидан «Ўзбекистонда Янги йил Промо-акцияси 2020» доирасида кўплаб қимматбаҳо совринлар ўйналгани ҳамда унда миллионлаб истеъмолчиларнинг иштирок этганлиги ва совринларни қўлга киритганлиги аҳолининг катта қисмида қизиқиш уйғотди. Мазкур акция доирасида юртдошларимиз кўплаб совринларни қўлга киритиб, янги йилни ўзгача кайфият билан кутиб олган бўлса ажаб эмас. Бу каби акцияларнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ўттиз миллиондан ортиқ истеъмолчи бозорига эга бўлган давлатда ўтказилиши компаниянинг имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатмасдан қолмайди албатта, аммо бундай кенг қамровли ўйинларда қандайдир муаммо пайдо бўлиши табиий ҳол.

ЯНГИ ЙИЛДА ЯНГИЧА КАЙФИЯТ

Яқинда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига компания томонидан ўтказилган Промо-акцияда бош соврин ҳисобланган «Nissan Sylphy» автомобилларидан бирининг ғолибига айланган Норматов Сайфиддин мурожаат қилиб, 2021 йил 14 январь куни «ZoʻrTv» телеканалидаги жонли эфирда у томонидан ўйналган «DIP440NR» прома кодли қопқоқ ғолиб деб топилгани, жонли эфирда у билан телефон орқали боғланишганлигини ҳамда «Nissan Sylphy» автомобилини қўлга киритганлигини маълум қилишганлигини, бундан жудаям хурсанд бўлганлигини маълум қилган.

УМРИ ҚИСҚА БЎЛГАН ҚУВОНЧ

Аммо, ҳозирда у томонидан «Coca-cola classic» маҳсулотини харид қилиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган «DIP440NR» прома кодли қопқоғи вояга етмаган қизи томонидан чиқинди сифатида ташлаб юборилганлиги сабабли, унга ютуқ сифатида чиққан автомобилни компания томонидан берилишида муаммолар юзага келганини маълум қилган.

Албатта, ушбу ҳолатда "Cоcа-cоlа" компаниясининг эътирозлари ўринли бўлиши мумкин, сабаби Промо-акция қоидаларига кўра прома кодли қопқоқлар акция якунига қадар истеъмолчида сақланиши лозим бўлган. Аммо танганинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, истеъмолчи томонидан атайлаб содир этилмаган, унинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда йўқотилганлигини инобатга олиб, истисно тариқасида автомобилни топшириши компаниянинг статусига муносиб бўлган бўлар эди. 

АКЦИЯНИ ЎТКАЗИШДАН АСЛ МАҚСАД НИМА?

Албатта, бу каби ютуқли ўйинларда муайян мақсад кўзланади. Асосан, бундай акциялар истеъмолчи ва компания ўртасида ўзаро илиқликни пайдо қилиб, харидорларда компанияга нисбатан ихлосини оширишдан иборат бўлади. Арзимаган сабабни рўкаж қилиб, харидорнинг «оғзидаги ошини» юлиб олиб, ҳафсаласини пир қилиш қайси қонунда ёзилган? Ватан ҳимояси йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган бу шахснинг манфаатига бундай беписандлик билан ёндашиш мақсадга мувофиқ бўлмас эди. 14 январь куни бир ҳарбийнинг хонадонига кириб келган ушбу қувончнинг умри қисқа бўлгани алам қиларли ҳолат. Қизиқ, шу ўринда савол туғилади, ютуқли қопқоқ йўқолгани билан, ушбу код ҳақиқатда бўлганини тасдиқловчи регистрация мавжудлиги етарли эмасми? Ёки компания бундай қанақадир манфаат кутганмикан? 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу казусни ўрганиб чиқиб, халқаро эътироф этилган нормалар ва қадриятларга таянган ҳолда, инсон, унинг шаъни ва қадр қимматини олий даражадаги масала сифатида тан олиб, фуқаро Норматов Сайфиддин (Normatov Sayfiddin)га промо-акция ғолиби сифатида «Nissan Sylphy» автомобилини топширилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!