Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...

Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...

Ўқитувчилар доимо жамиятнинг олди қаторларида барчага ўрнак бўлиб келишган. Улар менинг тасаввуримда ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори кишилар бўлиб, атрофдагиларга ўз ҳуқуқини талаб қилишда, ноҳақликка қарши курашишда ҳам ўрнак бўлиб, ҳам кўмак берадиган зиёли қатлам вакиллари эди.

Йиллар ўтди. Муаллимлар ўзгара бошлади. Бундан икки йил аввал кўчада гул экаётган, далада пахта тераётган мактаб ўқитувчиларини саволга тутганимда улар хокисорлик билан «Қалб амри ва ўз хоҳишлари билан кўчага гул эккани чиқишганини, пахта хирмонига ҳисса қўшиш учун пайкалга бориб этак боғлаганлари»ни айтишганди.

Ўшанда улар умидсизлик билан бу жавоблари сайтда эълон қилинса ишдан ҳайдалишларини айтиб зорланганларида ҳайрон бўлганман.

Чунки, айнан шу касб эгалари фарзандларимизни ҳақиқатни гапиришга, эркин ва ҳур фикрлашга ўргатадилар, ахир?

Ўтган ҳафтада Наманган вилояти, Косонсой туманидаги мактаб ўқитувчиларининг «Яшил хиёбон» ҳудудида «шанбалик» ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилгани ҳақидаги хабар тарқалиб кетганди. Бироқ, туманга бориб ҳолатни ўрганганимизда, 2–умумтаълим мактаби директори Муҳриддин Котибов ва мактаб ўқитувчиларидан бири ўша ерга бетон қуйиш учун борилмаганига ишонтирмоқчи бўлишганди. Қўлимиздаги суратда эса директор бетон қуйиш ишларида қатнашаётгани кўриниб турарди.

Таажжуб, биз муаллимларга ёрдам бермоқчимиз, улар эса нега буни хоҳламайдилар?

Чуст шаҳридаги 9-мактаб

Шундай ҳолат Чустда такрорланди. Бу ерда ўқитувчилар мактаб қурилишида жавлон уриб ишлаётгани устидан чиқдик.

Икки кун олдин Kun.uz почтасига айнан мана шу мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги суратлар ва видеолавҳа келганди. Суратлар остига «Наманган вилояти, Чуст шаҳар 9-мактаб ўқитувчилари меҳнат таътили даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда. Ўқитувчилар директорнинг «Келмасангиз дарс соати берилмайди», деган дағдағасидан қўрқиб ишга чиқишмоқда. Бундай ишлар қачон тугайди? Ким биз ўқитувчиларни ҳимоя қилади?», дея изоҳ қолдирилганди.

Мазкур таълим муассасаси Чуст шаҳри марказида жойлашган бўлиб, бу йил «Обод марказ» дастури бўйича бош пудратчи «Обиджон Акмалхон ҳамкор» МЧЖ томонидан мукаммал қайта қурилмоқда.

Мактаб ичига кириб, иш жараёнини суратга ола бошладик. Бинонинг қурилиш кетаётган жойларида усталар бригадаси иш олиб бораётган бўлса, ташқи томонда улар билан  ўқитувчилар ҳам тенгма-тенг меҳнат қилишаётган эди. Турли юмушларни бажараётган педагоглар бизни кўргач фотокамера қаршисидан қочишга ҳаракат қилишди ва суҳбатлашишни исташмади.

Муассаса директори Равшаной Исмоилова олиб борилаётган ишларга бош-қош экан. Унга саволлар бера бошладик.

Раҳбар айни пайтда мактаб ўзлари орзу қилгандек кўринишга келаётганидан хурсандлигини, спорт ва тадбирлар заллари, ўқув ва лаборатория хоналари битса, болаларга таълим бериш сифати янада самаралироқ бўлиши ҳақида гапирди. Киройи гаплар.

Мактабда 1500 нафардан зиёд  ўқувчига 75 нафар педагог ходимлар дарс берар экан. Қарангки, уларнинг барчаси қонуний, буйруқ асосида таътилга чиққан. Директордан ўқитувчиларни дам олишдан қайтариб, нега ишлатиш учун чақирганини сўрадик.

«Ўзлари ишлайдиган мактаб ичида ишлашяпти. Ҳашарга бир кунга ёрдамга чақирдим. Ҳеч кимни мажбурлаб ишлатаётганим йўқ. Тозалаш ва атрофдаги ишларни ўзимиз қилмасак, четдан келиб биров қилиб бермайди. Мактабимиз жуда ёмон аҳволга келиб қолганди, мана таъмирлашга тушди. Шукр айтиб, келиб ишлашяпти», дейди мутасадди.

(Таҳририятда бошқа кунларда ҳам ўқитувчилар шу мактаб ҳудудида оғир ишларни қилаётгани тасвирларган суратлар бор).

Дарвоқе, мазкур мактабдаги қурилиш ишларига 3 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Мактаб директори ўринбосари Муқаддас Давронова ва инглиз тили фани ўқитувчиси Бурайма Мамадалиева ўқитувчилар ўз хоҳишлари билан ишлагани келганликларини айтишди.

Бу орада туман халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошев етиб келди. Туман педагоглари сардори бу йил 9та мактаб «Обод марказ» ва «Обод қишлоқ» дастури асосида таъмирланаётганини билдирди. Туманда жами 72та таълим муассасаси иш олиб борар экан.

«Чуст шаҳри марказида ўқувчилар учун ҳар томонлама барча қулайликларга эга мактаб деярли йўқ эди. 9-мактаб мукаммал таъмирланса, болалар учун зўр таълим даргоҳига айланади. Ўқитувчилар таътил вақтида ишлаши масаласига келсак, техник ходимлар таътилга чиқмаган эди. Ўшалар ишлаётгандир», дейди у.

Бироздан сўнг туш пайти бўлди шекилли, таътилда бўлса-да, мактабда жисмоний меҳнат қилаётган ўқитувчилар яқинлашишди. Улар офтоб урмаслиги учун турли матолардан ёпинчиқ ёпиниб олишганди. Саломлашувдан кейин улардан бири бошланғич синф ўқитувчиси эканлигини, яна бири инглиз тилидан дарс беришини айтишди.

Мактаб директори олдида истиҳола қилган ўқитувчилар, ўз инон-ихтиёрлари билан фақат бир кунга ҳашарга келганликларини таъкидлашар эди. Муаллималарнинг кўзларидан эса, «Сизлар келдингиз, ҳозир қайтиб кетасиз. Биз эса шу ерда раҳбарларимиз билан қоламиз...», деган маънони уқиш мумкин эди...

Бор гаплар

9 ойлик ўқув йили давомида болаларга таълим-тарбия берган ўқитувчининг таътили таътилдек ўтиши керак. Ўқитувчининг  бутун бир бошли давр давомида бироз чарчаган организми 3 ой дам олади ҳамда янги ўқув йилига ўзгача шижоат ва янги лойиҳалар билан кириб келади.  

Мактаб директори эса бундай демоқда: «Нима энди ходимларимиз мактабдаги участкасида ҳам ишламаслиги керакми?».

Нега энди? Агар у синф раҳбари бўлса, ўз синфи билан ажратилган ер участкасида, гулзорда ишласин. Дейлик, бир кунлик ҳашар ташкил қилинса, хоҳиши бўлса келсин.

Кўп йиллар давомида педагогларга туман ва шаҳардаги турли юмушларни бажарадиган дастёрдек қараш оқибатида таълимда турли муаммолар юзага келди. Ўқитувчиларни пахта теримидан ташқари далага олиб чиқиб чопиқ, «ягана», шунингдек кўчаларни супуриш, гул экиш сингари ишларга ҳам жалб қилишди.

Ўқитувчилар орзиқиб кутувчи, чўғи кўпроқ бўлган «отпуска пули» бериладиган кун мактабга солиқ, коммунал хўжалик, суғурта сингари бир қатор ташкилотлар келиб, муаллимнинг ёзда дам олиши, соғлигини тиклаши учун зарур бўлган пулни «туя қилиб» кетганини жуда кўп кўрганмиз.

Ажабланарлиси, устозлар ўзларини камситишларга оддий ҳолдек қараётганида. Улар раҳбарлардан чўчиб, «Бетон қуйгани ўзимиз виждон амри билан чиқдик», «Туман кўчаларига биз гул экмасак ким экади?», «Аравада ғишт ташисак ҳам, ўзимизнинг мактабга ташияпмиз», деганида ачиниб кетасиз.

Юқорида айтилганидек, фарзандларимизни ҳақиқатни гапиришга, эркин ва ҳур фикрлашга устоз ўргатади, ахир!?

Таълимнинг бугунги сифати келажагимизга, юксалишимизга, тараққий топишимизга жуда катта таъсир қилиши ҳаммамизга аён.

Ўқитувчи таътилга чиқдими, тамом. Дам олсин, ҳордиқ чиқарсин. Янги ўқув йилига куч тўпласин. Қурилишни қурувчи, сувоқни сувоқчи, чопиқни деҳқон қилади, бетонни эса бетончи қуяди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!