Чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлаётгани ростми?

Чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлаётгани ростми?

Ижтимоий тармоқларда Хоразмда чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлаётгани ҳақида маълумот тарқалган эди.

Мазкур хабарга аниқлик киритиш мақсадида Давлат ветеринария қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамкорликда “Гулобод” қишлоғига бориб, эпизоотик суриштирув ва ўрганишлар олиб боришди.

Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани “Гулобод” қишлоғи ҳудудида 1860 хонадон бўлиб, улар парваришлаётган 6228 бош қорамол ва қарийб тўрт минг бош майда шохли мол рўйхатга олинган. Мазкур чорва ҳайвонларининг барчасида эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар белгиланган графикка мувофиқ, ҳайвонларнинг иммун фонидан келиб чиқиб, амалга оширилмоқда.

2018 йилнинг 7 октябрида ташкил этилган ишчи гуруҳи “Гулобод” қишлоғи ҳудудидаги мавжуд чорва ҳайвонларини бирма-бир кўрикдан ўтказди. Уларда юқумли касалликлар, хусусан нодуляр дерматит касаллигига хос бўлган клиник белгилар топилмади. Клиник кўрик жараёнида 13 бош хирургик, 3 бош озиқадан заҳарланиш ҳамда 7 бош шамоллаш касалликларига чалинган қорамол аниқланиб, уларда белгиланган тартибда даволаш ишлари амалга оширилаётгани маълум бўлди.

Ўтган давр мобайнида ҳудудда 3 бош қорамол нобуд бўлган. Улар патологик (ёриб кўриш усули орқали) ўрганилганда “Травматик перикардит” ва “Жигар церрози” касалликлари оқибатида нобуд бўлганлиги тасдиқланди.

Шунингдек, “Гулобод” ҳудудидаги қорамолларда нодуляр дерматит касаллигига қарши режали равишда профилактик эмлаш ишлари ўтказилган. Эмланган ҳайвонларнинг 14 тасида эмлашдан кейинги асоратлар кузатилган ва уларда симптоматик (асоратларни йўқотишга қаратилган) даволаш ишлари ўтказилган.

Шу ўринда нодуляр дерматит касаллиги ҳақида (Dermatitis nodularis bovum, заразный узелковый дерматит) изоҳ беришни лозим кўрдик. У – давомли иситма, лимфа тизимининг зарарланиши, тери ости тўқималари ва ички органлар шиши, терида тугунчали тошмалар, некрозланувчи ўчоқли тери бўртмалари (ғадир-будур шиш) ҳосил бўлиши, кўз ва нафас ҳамда ҳазм қилиш органлари шиллиқ пардаларининг зарарланиши билан тавсифланувчи контагиоз инфекцион касаллик ҳисобланади.

Ҳайвонлар нодуляр дерматит касаллигини дерматофилёз – бунда тери қопламининг юза қаватларида бўртиб турувчи папулалар ҳосил бўлиши билан тавсифланувчи терининг сурункали жароҳатланиши, ҳашаротлар чақишига тери реакциясидан ҳамда сўна личинкаси жароҳатларидан фарқлаш лозим.

Одамлар нодуляр дерматит касаллиги билан касалланмайди.

Давлат ветеринария қўмитаси Ахборот хизмати жойида ҳақиқий ҳолатни ўрганиш натижаларига асосланган ҳолда “Хоразмда чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлмоқда” сарлавҳа остида тарқатилган маълумотлар асоссиз эканлиги ва тасдиғини топмаганлигини маълум қилмоқда.

Шунингдек, Янгиариқ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг расмий маълумотига кўра, “Гулобод” қишлоғида чорвачилик фермер хўжаликлари мавжуд эмас.​​

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!