Чироқчида жамоатчилик назорати билан ЙПХ ходимига баённома расмийлаштирилди (+видео)

Чироқчида жамоатчилик назорати билан ЙПХ ходимига баённома расмийлаштирилди (+видео)

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида ЙПХ ходими камера кўтарган одамлар қуршовида қолиб кетгани тасвирланган видеолар тарқалди. Хабарларда ходим маст ҳолатда бўлгани, одамлар уни тегишли чора кўришни талаб қилаётгани айтилган.

Қашқадарё вилояти ИИБ хабарига кўра, воқеа 11 январь куни Чироқчи туманидаги «Микрокредитбанк» биноси олдида юз берган.

Маълум қилинишича, ЙПХ катта инспектори катта сержант Насибали Ярматов 11 январь куни соат 14:20ларда Чироқчи тумани «Микрокредитбанк» рўпарасида ўрнатилган 3.27 йўл белгисига амал қилмасдан тўхтаб турган «Лабо» русумли автомашина ҳайдовчиси Шоҳрух Нуримов «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7 ва 92-бандларида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдончасига қўйиш мақсадида олиб кетган.

У автомашинани жарима майдончасига олиб кетаётган вақтида ўзига тегишли бўлган «Спарк» русумли автомашинани мажбурий тўхташ чироқларини ёқиб «Микрокредитбанк» рўпарасида ўрнатилган 3.27 йўл белгиси таъсир доирасида қолдириб кетган. У жарима майдончасидан қайтиб келгач, Шоҳрух Нуримов ЙПХ инспекторидан ўзига-ўзи маъмурий баённома расмийлаштиришни талаб қилган.

«Шундан сўнг Чироқчи тумани ИИО ФМБ ЙҲХБ бошлиғи капитан Ф.Янгибоев томонидан катта сержант Н.Ярматовга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунидаги 370-сонли Қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этганлиги учун UZ-19-серияли 70-263256-рақамли маъмурий баённома расмийлаштирилган», дейилади Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текширув ўтказилмоқда.   

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!