"Чирчиқдаги шифокорлар: "Меҳнат шартномаси йўқ, беморлар учун дорилар йўқ". Масалага ойдинлик киритилди

"Чирчиқдаги шифокорлар: "Меҳнат шартномаси йўқ, беморлар учун дорилар йўқ". Масалага ойдинлик киритилди

Куни кеча интернет сайтларида "Чирчиқдаги шифокорлар: "Меҳнат шартномаси йўқ, беморлар учун дорилар йўқ" сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Чирчиқ Давлат Педагогика институти ётоқхонаси қошида ташкил этилган провизор шифохонасига мутахассислар мажбурий жалб қилингани, муассасага пневмониянинг енгил шаклини ўтказаётган беморлар билан бир қаторда коронавирусга чалинган беморлар ҳам қабул қилингани, аммо ходимларга коронавирусга чалинганларни даволовчи мутахассислар билан тенг ҳақ тўланмаётгани айтилган.

Ўзбекистон Республикасига коронавирусни кириб келишини ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 16 июлдаги 36-сонли баёнининг 23-24- бандларига кўра, таълим муассасаларининг ётоқхоналари хориждан келувчи фуқароларни карантинда сақлаш жойлари сифатида, шунингдек, енгил шаклдаги беморларни даволашга мослаштирилиши кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 16 июлдаги 188-сонли буйруғига асосан Чирчиқ Давлат Педагогика институти ётоқхонаси базасида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ҳамкорлигида 200 ўринли провизор шифохонаси ташкиллаштирилиб, 2020 йилнинг 20 июлидан ўз фаолиятини бошлаган. Шифохонада ҳарорати кўтарилган, касаллик тахмин қилинган ва пневмониянинг енгил шаклини ўтказаётган беморлар сараланиб даволанади. Даволаниш жараёнида беморларда "COVID-19" инфекцияси аниқланган тақдирда зудлик билан ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.  

 

Масалани ўрганиш давомида Чирчиқ Давлат Педагогика институти ётоқхонаси қошида ташкил этилган провизор шифохонасининг тиббиёт ходимлари бундай мурожаатдан бехабар эканини маълум қилишган.

Маълум бўлишича, Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 1-гуруҳ тиббиёт ходимлари шу йилнинг 3 август куни 14 кунлик иш фаолиятини тугатиб, хизмат вазифасини навбатдаги тиббиёт ходимларига топширишган. Тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари қонунга мувофиқ расмийлаштирилган ва уларнинг 14 кунлик фаолияти учун 6 фоизли устама ҳақлари тўлиқ тўлаб берилади. 

Хулоса қилиб айтганда, Чирчиқ Давлат Педагогика институти ётоқхонаси базасида ташкил этилган шифохона коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишга мўлжалланмаган. Иш ҳақларини вақтида олмаслик билан боғлиқ муаммоларга дуч келганда тиббиёт ходимларидан тезкор штаб томонидан ташкил этилган ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраймиз.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!