Чиқиндилар «Заргарлик»дан чиқадими? ёхуд «Eko house» нега жуфтакни ростлади?

Чиқиндилар «Заргарлик»дан чиқадими? ёхуд «Eko house» нега жуфтакни ростлади?

Заргарлик маҳалласи Жиззах шаҳрининг марказида жойлашган. Мазкур фуқаролар йиғинидаги 12 мингдан зиёд аҳоли чиқиндилар вақтида олиб кетилмаётгани, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига етарли эътибор қаратилмаётганидан азият чекмоқда. Мутасаддиларнинг бепарволиги одамларни хуноб қилди. Бу ҳақда Маҳалла нашри ёзмоқда.

Маҳалла марказидаги 19-умумтаълим мактаби билан 26-кўп каватли уй оралиғидаги кўчадан бироз юрсангиз, 28-кўп қаватли уй рўпарасидаги чиқиндихонага дуч келасиз. Таралаётган бадбўй ҳид кўнгилни айнитади.

28-уйда яшаймиз, дейди Малоҳат исмли аёл. Кун бироз исиши билан чиқиндихонада пашшалар ғужғон ўйнайди. Болаларни-ку, ташқарига чиқармай қўйганмиз. Деразани очсангиз хона ичи турли ҳашаротлар билан тўлади. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ҳар бир хонадондан жон бошига 2 минг 200 сўмдан йиғиб олишади. Айримлар 6 ой, бир йиллик бадални тўлаб қўйган. Энди билсак, чиқинди оладиган Eko House ташкилоти одамлар тўлов қилмаяпти, деб жуфтакни ростлабди.

Тоза ҳудуд давлат унитар корхонасининг Зафаробод тумани филиалидан ҳашарга келган Мусо Эшимовнинг таъкидлашича, 10 кундан буён 12 та машина билан чиқинди ташиб кетилмоқда.

Eko house нега жуфтакни ростлади?

Маҳалла ҳудудини кўздан кечирганимизда кўп қаватли уйлар, савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш шохобчалари атрофи бегона ўтлар исканжасида эканини кўриб оғриндик. Ҳар қадамда полиэтилен парчалари, озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқлари сочиб ташланган. Ачинарлиси, бу ҳол на маҳалла фаолларини ва на аҳолини ташвишга солган. Акс ҳолда Заргарлик маҳалласининг айни пайтдаги қиёфаси бошқача бўлмасмиди?

Маҳалламизда 2 минг 165 та хонадон бор, дейди йиғин раиси Саъдулла Мелибоев. 2019 йил учун Eko House масъулияти чекланган жамияти билан чиқиндиларни ўз вақтида ташиш бўйича шартнома имзоланган эди. Кўпгина фуқароларимиз олдиндан тўлов қилишди. Лекин Eko House ташкилоти шартнома шартларини бажармади. Март ойининг сўнгига келиб, маҳалладаги 3 та чиқиндихона ўз ҳолига ташланди. Шу боис Тоза ҳудуд давлат унитар корхонаси ва Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан қайта шартнома қилишга мажбур бўлдик. Айни пайтда улар бутун кучни маҳалламизга ташлаган.

Eko House масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Номозбоевниг таъкидлашича, ҳақиқатан ҳам, корхона йил бошида Жиззах шаҳридаги 27 та маҳалла билан шартнома имзолаган. Икки томонлама имзоланган шартномага кўра, чиқинди учун ҳар жон бошига 2 минг 200 сўмдан тўлов белгиланган. Аҳоли сони аниқлангандан сўнг кўрсатаётган хизмат учун ойига 211 миллион сўм маблағ тушиши ойдинлашди. Бироқ ушбу маҳаллалар январь ойидаёқ шартнома шартларини бузган. Йил бошида амал-тақал қилиб, 7 миллион сўм, февраль ойида эса бор-йўғи 63 миллион сўм тушум бўлган.

Корхона харажатларини ҳисоб-китоб қилсак, ҳар ойга иш ҳақи, 13 автомашинанинг ёқилғиси ва бошқа чиқимлар билан ўрта ҳисобда 150 миллион сўм зарур, дейди Eko House масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Номозбоев. 2 ой бадалига кўрсатилган 422 миллион сўмлик хизматнинг 70 миллиони тўлаб берилса, бу банкрот сари йўл дегани эмасми? Ўрганишларимиз давомида айнан Заргарлик маҳалласи фуқароларидан бор-йўғи 200 киши тўлов қилаётгани маълум бўлди. Бир йил ёки олти ойга тўлов қилганлар ҳам, шикоят қилаётганлар ҳам шулар.

Айни пайтда Заргарлик маҳалласидаги 54 та кўп қаватли тураржой биноларига 5 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатмоқда. Ширкатлар томонидан ўтган йили кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, уй-жой фондларини таъмирлаш, уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Биноларнинг фасад қисми, томи, ертўлаларида жорий ва капитал таъмирлаш ишлари уддаланди. Бироқ бугунги кунда кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, гулзорлар барпо этиш эътибордан четда қолаётир.

6 та тўрт қаватли уйларга хизмат кўрсатамиз, дейди Заргарлик маҳалласига хизмат кўрсатиб келаётган Жиззах ёқути хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Мавжуда Абдукаримова. Ўтган йили 130 миллион сўмлик кредит эвазига 39-уйнинг кириш йўлаги, айвончаси, томи таъмирланди. Темир эшиклар, рақамли қулфлар ўрнатилди. Йўлаклар бетонлаштирилди. Бироқ аҳолида ҳанузгача жамоат мулкига эгалик ҳиссини шакллантира олмаяпмиз. Ҳали ҳам кўпчилик атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ. Уйлар атрофининг бегона ўт босаётгани, дов-дарахтларга шакл берилмаётгани ва ниҳоят, атрофни чиқинди босаётгани сабаби ҳам ана шундай сансалорлик натижасида юзага келмоқда.

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада ривожлантириш ҳудудларнинг экологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш имконини беради. Юзага келган экологик муаммоларни ҳал этишнинг бирдан бир йўли эса кўрсатилаётган хизмат ҳақини ўз вақтида тўлашдир. Бугун Жиззах шаҳрини Тоза ҳудуд давлат унитар корхонаси ва Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси чиқиндилардан тозаламоқда. Бу ташкилотларга ҳам тўловлар ўз вақтида амалга оширилмас экан, кун келиб улар ҳам Eko House масъулияти чекланган жамияти каби йўл тутиши турган гап. Бу ҳақда Жиззах шаҳар ҳокимлигининг мутасаддилари жиддийроқ ўйлаб кўрсалар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб борсалар айни муддао бўларди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!