Чақалоқларнинг жинси «ўзгариб қолган», туғруқ вақтида 20 ёшли келинчак вафот этган Самарқанд перинатал маркази директори ишдан олинди

Чақалоқларнинг жинси «ўзгариб қолган», туғруқ вақтида 20 ёшли келинчак вафот этган Самарқанд перинатал маркази директори ишдан олинди

Сўнгги вақтларда Самарқанд шаҳридаги вилоят перинатал марказида кетма-кет нохуш воқеалар содир бўлмоқда. Бу ҳақда «daryo» хабар берди.

Ҳали Гиппократ қасамини ичган шифокор пора билан қўлга тушса, ҳали дояларнинг айби билан мурғак чақалоқларнинг «жинси» ўзгариб қолади. Яқинда шифохонада содир бўлган яна бир хунук ҳодиса ижтимоий тармоқларни ларзага солди: туғуруқ вақтида 20 ёшли келинчак вафот этди. Шу каби ҳолатлар туфайли марказ директори ишдан олинди.

Бугунги кунда тиббиёт муассасасининг раҳбари вазифасини директорнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари бажармоқда.

Шифохона ҳудудида баҳорда ўтқазилган арча кўчатлари, анвойи гуллар сувсизликдан қурий бошлабди. Кириш дарвозаси бошқа жойга кўчирилгани туфайли беморларнинг яқинлари эски дарвоза ёнидаги панжаралар устидан ёки унинг орасидан ўтиб, дорихоналарга бормоқда. Ичимлик сув уч кундан бери тез-тез ўчириб қўйилаётган экан.

Икки ой илгари туғуруқхонага мурожаат қилувчи ҳомиладорлар кўпайганлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан оғир аҳволдаги беморлар келиб, айримлари йўлакларда ҳам ўз навбатларини кутишган эди. Биргина жорий йилнинг август ойида марказда 788 та туғуруқ қайд этилган.

— Марказимизга бир кунда юздан ортиқ ҳомиладор аёллар мурожаат қилади, – дейди неонатология ишлари бўйича директор ўринбосари Санобар Хўжаева. — Кунига қирқдан зиёд туғруқни қабул қиламиз. Тақсимот бўйича асосан Каттақўрғон, Қўшработ, Пахтачи ва Нуробод туманларидан келган ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатишимиз керак. Аммо бошқа туманлардан келган аҳволи оғир беморларни ҳам қабул қилишга тўғри келмоқда. Айниқса, Ургут ва Тойлоқ туманларидан мурожаат қилувчилар кўп. Шифохонамиз 190 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда 254 бемор даволанмоқда. Шаҳримиздаги айрим туғуруқхоналар вақтинчалик ишламаётганлиги сабабли ҳам бизга мурожаат қилувчилар кўпайиб кетди.

Марказда туғуруқларнинг кўплиги сабабли дори-дармон таъминотида ҳам етишмовчиликлар мавжуд. Реанимация бўлимида Вела ускунаси, кардиомонитор, наркоз берувчи, жарроҳлик бўлимида эса ЭКГ, электросўрғич ҳамда жар­роҳлик столлари етишмайди. Айни вақтда чақалоқлар реанимацияси бўлимида чала туғилган чақалоқларга ёрдам берувчи 20 та Сепап уску­наси ўрнига 5 таси ишлаб турибди. Шунингдек, муассасага қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар зарур.

Чақалоқлар бўлимидаги УТТ хонасида ўнга яқин аёллар навбат кутиб турибди. Битта беморни текшириб, унга хулосани ёзиб бергунича 5-10 дақиқа вақт сарфланади. Дилфуза Қиличева шу ерда УТТ врач-мутахассиси бўлиб ишлайди. Бир кунда 50-60 га яқин аёлларни текшириб, ҳомиласи ҳолатини аниқлаб беришига тўғри келмоқда.

— Ускуналаримиз анча эскирган, янгисини олиш учун ўз таклифларимизни берган эдикЯнги рақамли ускуналар бўлса, икки баробар кўпроқ беморларни тиббий кўрикдан ўтказишимиз мумкин бўлади. Шунда турнақатор навбатлар ҳам бўлмасди. Кўчма УТТ йўқлиги туфайли қаватма-қават юриб, оғир беморларни текширувдан ўтказишда қийинчиликларга дуч келамиз,—дейди Д.Қиличева.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!