CCВ: Республика перинатал марказида йилига 1500 нафардан ортиқ эрта туғилган чақалоқлар реабилитация қилинмоқда

CCВ: Республика перинатал марказида йилига 1500 нафардан ортиқ эрта туғилган чақалоқлар реабилитация қилинмоқда

Оналар ва болаларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, чақалоқ дунёга келган заҳоти ундаги туғма нуқсонларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимизда малакали мутахассислар ва замонавий технологиялар билан таъминланган қатор тиббиёт муассасалари ташкил этилган.

Республика перинатал маркази — улар орасида энг етакчиси. Президентимизнинг “2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарори асосида муассаса фаолияти янада такомиллаштириб борилмоқда.

— Қарорда 46 та туманлараро перинатал марказда чақалоқлар реанимацияси бўлимини очиш кўзда тутилган, — дейди Республика перинатал маркази директори Нилуфар Ўринбоева. — Марказимиз мутахассислари томонидан туманлараро перинатал марказлар ходимлари учун махсус дастур бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб, тренинг ва маҳорат дарслари ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, туманлараро перинатал марказларнинг моддий-техник базаси хатловдан ўтказилиб, эҳтиёжлари аниқланди.

РПМ мутахассислари ҳам, ўз навбатида, доимий равишда GIZ, UNFPA,UNICEF каби халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида Германия, Туркия, Австрия, Италия, Россия ва бошқа мамлакатларда малака ошириб келмоқда.

Муассасанинг И.В.Кулаков номидаги она ва бола маркази, шунингдек, Россия Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, Россиянинг бош болалар жарроҳи, Иркутск шаҳридаги давлат болалар клиник шифохонаси бош шифокори Ю.А.Козлов билан имзолаган меморандумлар ҳам перинатал марказ ходимларининг ўз тажрибасини оширишларида қўл келмоқда.

РПМнинг неонатал бўлимларида йилига 1500 ортиқ муддатидан олдин туғилган чақалоқларга юқори технологик ёрдам кўрсатилиб, парвариш ва реабилитация қилиниши улар орасида ногиронлик ҳолатларининг икки баравар камайишига олиб келди.

Марказда икки, уч ва тўрт нафарлик эгизак ҳомилаларни туғдириш усуллари ишлаб чиқилгани ҳам диққатга сазовор. Муассасада 2021 йилда ва 2022 йил бошида ўттизга яқин тўртталик эгизаклар шу усулда дунёга келтирилган. Уларнинг барчаси муддатига етмай туғилган чақалоқлар ҳисобланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!