CCВ: Болалар ва ўсмирлар соғлиги ҳамда онги учун фойдали ахборотлар жамланган янги платформа яратилди

CCВ: Болалар ва ўсмирлар соғлиги ҳамда онги учун фойдали ахборотлар жамланган янги платформа яратилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўсмирларнинг фаол ҳаёт кечириши, билим олишига кўмаклашиш ва интернетда хавфсизлигини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева, ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жофри Ижунба, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш имкониятлари кенг эканлиги ва бу жараёнда ёш авлодни турли ахборий хуружлардан асраш долзарб бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланди.

Шу боис ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ҳукумат идоралари ва мобиль алоқа оператори билан ҳамкорликда “Яхши нарсалар интернети” деб номланган янги платформа ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

— Бугунги кунда кўплаб ёшлар интернетдан, хусусан, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланади, — дейди С. Убайдуллаева. — Уларнинг имкониятларини инкор этмаган ҳолда шуни айтиш керакки, айни пайтда интернетдаги зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи жуда кўп маълумотлар алдов ва ғараз мақсадларда тарқатилмоқда. Бу эса ёшлар соғлиги ва онгига салбий таъсир этиши аниқ. Ўйлайманки, ушбу янги платформа болалар, ўсмирлар, ота-оналарнинг сифатли, хавфсиз, холис ва фойдали ахборотдан эркин фойдаланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур дастур “Соғлиқни сақлаш”, “Руҳий саломатлик”, “Таълим”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” каби йўналишлар бўйича зарур тушунчаларни ўз ичига олган.

Айниқса, ушбу лойиҳа интернетдан фойдаланиш имконияти чекланган, бунга шароити йўқ аҳоли қатлами учун ҳам мўлжаллангани эътиборга молик. Энг асосийси, ундан фойдаланиш мутлақо бепул.

Платформа ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида фаолият кўрсатиб, айни пайтда унинг контентини бойитиш устида иш олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи, ЮНИСЕФ экспертлари, волонтёрлар ёрдамида платформа контентини тўлиқ ўрганиб чиқиш ишлари якунига етди. Ушбу инновацион дастур бугундан бошлаб ишга тушади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!