БУЙРАК ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИНИ БОШДАН КЕЧИРГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНЛИК АЁЛ ФАРЗАНДЛИ БЎЛДИ

БУЙРАК ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИНИ БОШДАН КЕЧИРГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНЛИК АЁЛ ФАРЗАНДЛИ БЎЛДИ

Сурункали буйрак етишмовчилиги (терминал босқичи) билан касалланган беморларнинг турмуш тарзига назар солар эканмиз, уларнинг кун тартиби, ҳаёт сифати бошқа беморларникидан тубдан фарқ қилади. Беморларнинг кўпчилиги гемодиализ муолажасини олиб юришга мажбур. Битта бемор ҳафтасига 3 марта, 3-4 соатдан гемодиализ залида бўлиши унинг кўпгина ҳаётий юмушлардан четланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам буйрак трансплантацияси — сурункали буйрак етишмовчилигида ягона, самарали даволаш усули ҳисобланади.

— Буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказган беморлар гемодиализга эҳтиёж сезмайди ва албатта, ўзига ва оиласига бемалол вақт ажрата олади. Ёш беморлар илм олишда давом этиши, олий ўқув юртларига кириши мумкин бўлади. Келажакка умид кўзлари билан боқади, оила қуради, — дейди малакали хирург-трансплантолог Зоҳиджон Маткаримов. — Бу шифокорларнинг, беморнинг яқинлари ва айниқса, ўзининг машаққатлари эвазига ўртага чиқади.

Қорақалпоғистонлик Анесия Утагенова буйрак трансплантацияси амалиётини 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон бўйича биринчилардан бўлиб бошдан ўтказган беморлардан биридир. У 2020 йилда турмушга чиққан. Турмуш қилишидан аввал ҳам шифокорларнинг жиддий текширувларидан ўтган.

Яқинда Анесия тўнғич фарзандини дунёга келтирди.

Зоҳиджон Маткаримовнинг таъкидлашича, буйрак трансплантациясини бошдан ўтказган беморларнинг туғишини ривожланган давлатларда ҳам кўплаб нефрологлар бўйнига олмайди. Чунки ҳомиладорлик беморга салбия таъсир қилиб, ҳомила ва бўлғуси онанинг тақдири хавф остида қолиши мумкин.

— Юртимизда тиббиётга, айниқса, орган транспланталогиясини рифожлатиришга қаратилган эътибор ва яратилган кенг имкониятлар туфайли шундай натижаларга эришмоқдамиз, — дейди шифокор. — Агар бемор чет элда операция қилинганида, кейинчалик ҳомиладор бўлса ҳам назорат учун хорижга кетишига тўғри келарди. Бу эса ҳомиладор аёлнинг яна сарсон бўлишига сабаб бўлади, албатта.

Анесия Утагенова ҳомиладорлик вақтида ҳам малакали нефролог, трансплантологларнинг назоратида бўлган. Қувончли томони шундаки, унинг 3 килограм оғирликдаги фарзанди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида табиий туғиш йўли билан дунёга келди. Ҳозирда она ва боланинг аҳволи яхши. Уларга шифохонадан рухсат берилди.

— Ҳозир тиббий назоратимизда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказган 3 нафар ҳомиладор аёл бор. Улар ҳам фарзандларининг соғ-саломат дунёга келтириши учун саъй-ҳаракат қилмоқдамиз, — дея қўшимча қилди Зоҳиджон Маткаримов.

Табиийки, тиббиётимизда буйрак трансплантациясини муваффақиятли амалга ошириш, ҳатто беморларнинг жарроҳлик амалиётидан сўнг соғлом турмуш тарзига қайтиб, фаол ҳаётга аралашиб кетиши соҳамизнинг жадал ривожланиб бораётганидан дарак беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!