Бухоролик ўқитувчи аёл ўлимидан 9 ой ўтиб эксгумация қилинди. Уни даволаган шифокор қамоққа олинган

Бухоролик ўқитувчи аёл ўлимидан 9 ой ўтиб эксгумация қилинди. Уни даволаган шифокор қамоққа олинган

Ғиждувонлик муаллима Гулмира Нуриддинова ўлимидан сўнг орадан 9 ой вақт ўтгач эксгумация қилинган ва унинг ўлимида гумонланиб шифокор Салоҳиддин Холов эҳтиёт шарт сифатида қамоққа олинган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Лайло Ҳайитова хабар бермоқда.

Ҳолатга кўра, марҳума Гулмира Нуриддинова 2018 йилнинг 1 январидан 4 январига қадар Ғиждувон туманидаги «Зарангари» МФЙ фуқароси, 65-сонли ҚВП мудири, шифокор Салоҳиддин Холовнинг яшаш уйида ташкил қилинган касалхонада амбулатор тартибда ётиб, даволаниб келган. 4 январга ўтар кечаси Гулмира Нуриддинова шифокорнинг уйидан чиқиб кетган. Шу куни соат 09:05 да ушбу хонадондан 1 километрча узоқликдан оқиб ўтувчи «Жаъфар» ариғининг 9-километридан унинг жасади топилган.

Мурда шу куни Ғиждувон туман СТЕ патологик анатомия бўлимига келтирилиб, туман ИИБ тезкор тергов гуруҳи аъзолари қатнашувида Ғиждувон туман суд-тиббий экспертиза эксперти Фахриддин Аҳмедов томонидан экспертиза ўтказилиб, танаси ёриб кўрилган. Ўлимга сабаб бўладиган бирор-бир касалликнинг морфологик белгилари аниқланмаган. Ошқозони кесиб кўрилганда, 0,5 литр атрофида хира лойқасимон сув бўлган. Чап юз, бурун усти терисида жойлашган юзаки қирилиш ва шилинмалар марҳума ўлимидан сўнг сув оқими таъсирида тананинг шу соҳаларини сув ҳавзасидаги қаттиқ ўтмас жисмларга урилиши, сирпанишидан юзага келган.

Гулмира Нуриддинованинг тана аъзоларида зўраки ўлим белгилари ёки танасида ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун хос бўлган жароҳатлар аниқланмаган. Хўш, шундай экан, юқорида кўрсатилганидек, эни 1,5 метр, сув сатҳи 40 см бўлган ва  бир нечта тўсиқлари бор ариқдан мурда қандай қилиб 9 километргача оқиб кетиши мумкин, деган савол кишини ўйлантиради. Марҳума 2018 йилнинг 4- январь куни Ғиждувон туманидаги «Имом Бакир» қабристонида дафн этилган.

Иш ҳужжатларига кўра, марҳума ҳаётлик даврида сурункали юрак ишемик касаллиги, гипертония III босқич, артериал гипертензия I даража, хавф гуруҳ IV босқич, бош мия орқа чуқурчаси кистаси, 12 бармоқли ичак пиёзча қисми яра касаллиги, эрозив гастрит билан оғриган, стационар даволанган.

Бу туҳмат! Қизимда ҳеч қандай касаллик кузатилмаган, соппа-соғ эди. Шифокор Салоҳиддин Холовнинг уйидаги касалхонадан бошқа бирор жойда даволанмаган. Унинг уйдаги касалхонаси ноқонуний фаолият юритаётганидан кейин хабар топдим. Қизимнинг бошида ўсимтаси бўлмаган. Дўхтир уни ўзи ўлдириб, кейин ариққа ташлаган.

Фазлиддин Нуриддинов, марҳуманинг отаси

Вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими терговчиси билан суҳбатда эса марҳуманинг турмуш ўртоғи Раҳматилло Муҳаммедов хотинининг қон босими кўтарилиб туриши, муқаддам унинг вилоят кўп тармоқли шифохонада ётиб даволангани, бундан ташқари, бир неча маротаба пойтахтдаги шифохоналар кўригидан ҳам ўтиб келгани ҳақида сўзлаган. Шунингдек, хотинининг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳеч кимга нисбатан гумони йўқлигини билдирган.

«Дарё» мухбири суриштирув жараёнида марҳума фаолият кўрсатган Ғиждувон туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори Улуғбек Умматов билан суҳбатлашган.

Гулмира Нуриддинова узоқ йиллар давомида ўзи ўқиган мактабда ўқитувчилик қилиб келган. Одоб-ахлоқли, ўз устида ишлайдиган ўқитувчи эди. Аммо тез-тез қон босими кўтарилишидан шикоят қилганда, ҳамшираларимиз томонидан доимий равишда биринчи ёрдам кўрсатиб келинган. Соғлиғи бўлмаган вақтида турмуш ўртоғини чақирганмиз ёки ўзимиз уйига машинада элтиб қўйганмиз.

Улуғбек Умматов, мактаб директори

Ғиждувон туман прокуратураси катта терговчиси Дилшод Нарзуллаев томонидан ҳолат юзасидан қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Терговга қадар текширув натижасига кўра, Гулмира Нуриддинованинг ўлимида бирор шахс ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмагани боис, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан, жиноят иши қўзғатишдан рад этилган.

Кўп ўтмай, марҳуманинг яқин қариндошлари экспертиза хулосаси билан танишгач, экспертизанинг тўлиқ ва тўла ўтказилмагани, марҳуманинг ўлим сабаби тўғри аниқланмагани билдирилган. ЖПКнинг 173-моддаси, 1-қисми, 1-бандига асосан, ўлим сабабини аниқлаш шарти билан вилоят прокуратураси томонидан экспертиза тадқиқоти орқали Гулмира Нуриддинованинг мурдасини эксгумация қилиш белгилаган. Шунга кўра, Ғиждувон тумани, «Ҳавзак» МФЙ, Хўжалар қишлоғидан оқиб ўтувчи «Жаъфар» ариғидан мурдаси топилган аёл кўмилгач, орадан 9 ой ўтганидан кейин эксгумация қилинган. Марҳуманинг отаси Фазлиддин Нуриддиновнинг билдиришича, яқин қариндошлар эксгумацияга қарши бўлган.

Қабрни очмасдан ярим соатча олдин менга қўнғироқ қилиб, қизимнинг 9 ой илгари кўмилган жасадини эксгумация қилиниши ҳақидаги хабарни етказишди. Уйимиз ва қабристон оралиғи масофаси бор-йўғи 500 метр. Борсам, 30 нафарга яқин одам тўпланган. Орган ходимлари, тиббиёт вакиллари ҳам бор эди. Нега сўроқсиз эксгумация қилаяпсизлар, деб сўрадим. Вилоят прокуратураси 18-бўлим бошлиғи Анвар Ўрмонов эса Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси эксперти Шоҳсанам Ёдгоровани олиб келганини, узоғи билан икки ойда қизимнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатни очишини ва у албатта натижа беришини айтди. Шундан сўнг кун кечида, қоронғу тушгач, қизимнинг мурдаси қабрдан чиқарилди.

Фазлиддин Нуриддинов, марҳуманинг отаси

Эксгумацияда жасад қабрдан чиқарилгач, бирламчи экспертиза жараёнида кесиб тикилган жароҳатлардан ташқари, бошқа бирорта жароҳат ёки унинг изларини топиш имкони бўлмаган. Боши юмшоқ тўқима тикиш бўйича очилган ва ичида бош мия бўлган. Калла гумбаз суяклари арралаб, калла асос бўшлиғи долото ёрдамида очилган. 2х2 ўлчамдаги суяк парчаси олиб ташланган. 0,5 миллилитрли шприц ёрдамида сув, қон ёки йиринг борлигини аниқлашга киришилган. Бироқ бирор бир суюқлик топилмаган. Қоронғуликда сунъий ёруғликда ўтказилган эксгумация ҳаракати жараёнида мурданинг бошқа тегишли барча тана аъзолари тўлиқ текширувдан ўтказилган. Суяк тизимларида синиш, ёрилиш ёки шунга гумон бўлган ҳолатлар аниқланмаган. Эксгумация якунлангач, марҳуманинг мурдаси қабрга қўйилиб, қабр дастлабки ҳолатига келтирилган.

Эксгумациянинг 96-сонли қайта экспертиза хулосасига кўра, диатом-планктон текшируви жараёнида мурда ўпкасида 12 та экземпляр-планктон аниқланган. Шунга қарамасдан, «Ўпкада чўкишга хос бўлган ўткир эмфизема белгилари аниқланмаганлиги марҳуманинг сувга ўлимидан кейин тушганлигидан далолат беради» дейилган.

Қайта суд-тиббий текширувдан сўнг шифокор Салоҳиддин Холов Гулмира Нуриддинованинг ўлимида гумонланиб,  эҳтиёт шарти сифатида қамоққа олинган.

Вилоят прокуратураси катта терговчиси Жаҳонгир Ҳайдаров томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. Унга кўра, 2018 йилнинг 25 июль куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси, 3-қисми (шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, Жаҳонгир Ҳайдаров томонидан Салоҳиддин Холовга нисбатан бемор бошининг асосий артерияларини УЗДГдан ўтказмасдан, унга асоссиз равишда «Венофир», «Реасорбилакт», «Магнезия», «Глицин», «Дексаметазон» номли дори воситаларини қўллаш, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 134-моддаси (мурдани таҳқирлаш) ҳамда 186-моддаси 3-қисми (одам ўлишига сабаб бўлган хизматлар кўрсатиш) билан айбдорлик қўлланилган. 1-сонли эксперт Фахриддин Аҳмедов эса ЖКнинг 238-моддаси, 1-қисми (экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши) билан айбланган.

Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани суди юритувига келиб тушган. Бироқ, суд раиси Маҳмуд Ориповнинг «Дарё»га маълум қилишича, ЖКнинг тегишли моддалари билан айбланаётган Салоҳиддин Холов ва Фахриддин Аҳмедовга доир жиноят ишининг жабрланувчилар томонидан келтирилган ёзма раддияни холисона таъминлаш мақсадида ишни кўриб чиқиш ва судлов масаласини ҳал қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судига юбориш бўйича ажрим қабул қилинган. Шундан сўнг Гулмира Нуриддинованинг ўлими билан боғлиқ иш Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судига оширилган.

Суд давомида ҳолат бўйича олиб борилган тергов ишларида хатоликларга йўл қўйилганлиги очиқланган. Салоҳиддин Холов ЖКнинг 134-моддаси ҳамда 186-моддаси 3-қисми билан нотўғри айблангани, терговчининг хатога йўл қўйганига аниқлик киритилган. Судда судланувчига нисбатан катта терговчи томондан қўйилган ушбу айблар рад этилган.

Ҳукмга кўра, Салоҳиддин Холов ЖКнинг 116-моддаси, 3-қисми ва шу моддага асосан, ЖКнинг 45-моддаси (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик ҳуқуқидан ва 3 йил озодликдан маҳрум қилинган. Фахриддин Аҳмедовга нисбатан эса ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Lawyer’s Shield адвокатлик бюроси адвокати томонидан Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судига шифокор Салоҳиддин Холовга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш бўйича апелляция шикояти киритилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-, 23-, 82-, 176- ва 463-моддаларини Жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани суди қўпол равишда бузиб, асоссиз тарзда Салоҳиддин Холовни айбдор деб топган ва унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини нотўғри тайинлаган. Салоҳиддин Холовнинг ноҳақ айбланишига Ўзбекистон Республикаси суд тиббий экспертиза бош бюроси комиссиявий тиббиёт экспертизасининг 2018 йил 15 ноябрдаги 96-сонли хулосаси асос қилиб олинган. Ваҳоланки, ушбу экспертиза томонидан меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга зид равишда хулоса берилган.

Республика суд тиббий экспертиза бош бюроси эксперти Шоҳсанам Ёдгорова томонидан тайёрланган 96-сонли қайта экспертиза хулосасида марҳуманинг сувга ўлимидан кейин тушганлиги, бироқ марҳуманинг ички органларидан 12 та диатом-планктон топилгани қайд этилган. Ваҳоланки, инсон сувга чўкканда унинг ички органларидан диатом-планктон чиқса, у ўлимидан олдин сувга чўккан ҳисобланади. Ажабланарлиси, экспертнинг хулосасида марҳума ўлимидан кейин сувга чўккан ва унинг ички органидан 12 та диатом-планктон топилган, булар бир-бирига зид. Эксгумацияда эътиборсизлик бўлган. Хўжакўрсинга иш қилинган. Терговчи ваколатини суиистеъмол қилган. Жасад ҳолатига нисбатан нотўғри хулосаланган. Бу бўйича судга мурожаат этилди. Лекин эксперт судга келмади.

Фахриддин Аҳмедов, Ғиждувон тумани суд-тиббий экспертиза эксперти

Адвокат томонидан шифокор Салоҳиддин Холовга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш бўйича апелляция шикояти киритилгач, иш ҳужжатлари Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига оширилган.

Қизимнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат яна мавҳум бўлиб қолди. Дўхтир аввал қизимни ўлдириб, уни ўзи ариққа ташлаганини тан олмаяпти. Тўғри, ўша кун кучли ёмғир ёққан, ариқда сув бўлган. Лекин қандай қилиб дўхтирнинг хонадонидан бир километрча узоқликдаги ариққа йиқилган қизимнинг мурдаси бир нечта тўсиқлардан ўтиб, 9 километр наригача оқиб боради? Балки мен нотўғри ўйлаётгандирман, балки суд-тергов жараёнида хатоликлар кечаётгандир. Балки ростдан дўхтир қизимни ўлдирмагандир. Қарийб икки йилдан буён аниқлик йўқ, аммо қани ўша жиноятчи, қани ўша қотил?! Жиноятни очиб беришсин. Ҳақиқий қотилни топишсин. Адолат қарор топса бас.

Фазлиддин Нуриддинов, марҳуманинг отаси

Салоҳиддин Холовнинг адвокати Ҳ.Аҳмедовнинг «Дарё»га билдиришича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза бош бюросининг «Барча турдаги суд-тиббий экспертизалар учун амалларни бажариш йўриқномалари»нинг 6,3-бандига асосан, «Агар калла асос суяк бўшлиғидан суюқликда диатом-планктон топилмаса, бу эксперт хулосасида чўкиш натижасидаги ўлимни истисно қилиш учун асос бўла олмайди», деб белгиланган бўлса-да, республика эксперти Шоҳсанам Ёдгорова томонидан қонунга зид равишда экспертиза хулосаси берилиши Салоҳиддин Холовнинг ноҳақ қамалишига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан апелляция шикояти Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан кўриб чиқилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!