Бухоролик собиқ талаба ва шифокор ҳужжатларни сохталаштирди

Бухоролик собиқ талаба ва шифокор ҳужжатларни сохталаштирди

Бухорода собиқ талаба ва шифокор ҳужжатларни сохталаштириб, институт раҳбариятини чалғитишга уринди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Қувват Ярашов маълум қилмоқда.

Аниқланишича, Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиника мудири, шифокор Б.А. Бухоро муҳандислик-технология институтининг собиқ талабаси Т.Х.нинг найрангига чув тушган. 20 ёшли Т.Х. сабабсиз дарс қолдиргани боис, талабалар сафидан четлатилгач поликлиника мудири ёрдамида тайёрланган сохта ҳужжат орқали институт раҳбариятини чалғитиб, ўқишини тиклашга уринади.

Ўқишдан ҳайдалган талаба шифокор Б.А. билан жиноий тил бириктириб, ундан «касаллиги» тўғрисида сохта маълумотнома олади ва Бухоро муҳандислик-технология институтига тақдим қилади.

Собиқ талабанинг вирусли гепатит «А» ва «юқори нафас йўллари ўткир касаллиги»га чалинганлиги тўғрисидаги маълумотнома институт раҳбариятида шубҳа уйғотади. Туман ИИБ вакиллари томонидан олиб борилган суриштирув натижасида талаба ва шифокор қилмиши маълум бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Х. ва Б.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!