Бухородаги ахлатхонада яшаётган аёл ҳақидаги мақоладан сўнг мутасаддилар вазиятни ўрганди

Бухородаги ахлатхонада яшаётган аёл ҳақидаги мақоладан сўнг мутасаддилар вазиятни ўрганди

Бухоро шаҳар хотин-қизлар қўмитаси «Халқ сўзи Online»да эълон қилинган «Ахлатхонада яшаётган аёл» номли мақола юзасидан вазиятни ўрганди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мақолада Бухоро шаҳрининг Абдураҳмон Жомий кўчасидаги кўп қаватли уйлар ёнида жойлашган ахлатхонада Шаҳодат Худойбердиева исмли аёл оиласи билан оғир шароитда яшаб келаётгани, у ижтимоий муҳофазага, турар жойга муҳтожлиги ҳақида сўз боради.

Ушбу мақолада келтирилган ҳолатлар тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда фуқаро Шаҳодат Худойбердиеванинг турмуш ўртоғи Умид Тошовлар иштирокида жойида ўрганилган.

1988 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Шаҳодат Худойбердиева вилоят марказининг Алпомиш кўчаси, «Б» сонли уйда рўйхатда туради ва худди шу манзилда турмуш ўртоғи ва фарзанди билан яшаб келади.

Шаҳодат Худойбердиева ҳозирда Бухоро шаҳар «Махсуссавдохўжалик» корхонаси раҳбари томонидан Абдураҳмон Жомий кўчасида жойлашган 58-сонли чиқиндиларни тўплаш жойига масъул этиб тайинланган ва ҳар куни шу ерда эрта тонгдан кеч соат 23:00 га қадар атрофни тозалаш билан шуғулланади.

«Шу ҳудудда яшаётган аҳоли вакиллари, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашилганида уларнинг ахлатхона қоровули Шаҳодат Худойбердиевага нисбатан ҳеч қандай эътироз ёки шикоятлари йўқлиги, у доимий равишда ахлатхона ва унга яқин ҳудудни супуриб-сидириб юрганлиги, шу боис бу жойларда атрофга бадбўй ҳид анқиб ётмаслигини билдирган. Шаҳодат Худойбердиеванинг ўзи билан суҳбатлашилганида, у яшаш уйи борлиги сабабли турар жойга эҳтиёжи йўқлигини айтган. Буни у ўз қўли билан ёзиб берган тилхатида ҳам баён этди. Маълум бўлишича, Шаҳодат Худойбердиева баъзида кеч бўлиб қолган пайтларда кийим алмаштириш учун мўлжалланган хонада тунаб қолган», — дейилади хабарда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!