Бухорода Ўрта Осиёда ягона бўлган корхона ишга тушди

Бухорода Ўрта Осиёда ягона бўлган корхона ишга тушди

Бухоро шаҳрида “Тибтехника” Ўзбекистон- Жанубий Корея қўшма корхонаси иш бошлади.Жанубий Кореянинг “Вужин Плэимвужин плэим”, “KFM co ltd“, “Naomix Сorporation”, “Osy med co ltd”, “Pinico biomed materials co ltd”, “Reno medical co ltd” компаниялари билан ҳамкорликда “Тибтехника” МЧЖ негизида барпо этилган корхона коронар стендлар, коронар баллонлар ва диагностик катетер ва интродьюсерлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,3 млн АҚШ доллари миқдорида бўлиб, унинг 2,5 млн доллари кредит ҳисобидан, 1,0 млн доллари тадбиркор маблағлари ва 1,8 млн доллари хорижий инвесторлар ҳисобидан амалга оширилди.

-Мазкур лойиҳа муҳим ижтимоий аҳамиятга эгалиги билан эътиборни ўзига тортади,-дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими жарроҳи Ғуломжон Холов.- Гап юрак – қон томир касалликларини даволашда стентлаш амалиётини бажариш учун зарур жиҳозлар тўғрисида бормоқда.Ҳозирга қадар бундай жиҳозлар мамлакатимизга хориждан келтирилаяпти.Табиийки, нархи ҳам баланд.Ўрта Осиёда ягона бўлган ушбу корхонанинг ишга тушиши айни муддаодир.Чунки эндиликда керакли воситаларни четдан харид қилишга ҳожат қолмайди.Улар нархи ҳам аҳолига мақбул келади, деган умиддамиз.Шифохонамизда мана, икки йилдирки, юрак – қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усули қўлланиляпти.Биз йилига ўртача мингга яқин беморда ташхислаш ишини бажарамиз.Шунинг 400 нафарига стентлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Стентлаш воситаларининг Бухорода ишлаб чиқарилиши нафақат ички эҳтиёжни қондириш, балки уни хорижга экспорт қилиш имкониятини ҳам яратмоқда. 

-Бизнинг асосий мақсадимиз юрак хасталиклари, ошқозон – ичак касалликларини даволашда самарали усул саналган стентлаш амалиёти учун керакли тиббий буюмлар ишлаб чиқаришдир,-дейди Жанубий Кореянинг “СVBIO” компанияси президенти Янг Те Ли.-Бу корхонада йилига ўртача 10 мингта шундай жиҳоз ишлаб чиқариш кўзда тутилган.Биз ўзбекистонликлар билан шу йўналишда ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз.

Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 84 таянги ишчи ўринлари яратилаяпти.Таъкидланганидек,6 турдаги тиббий буюмлар (коронар стенд, коронар баллон, коронар ўтказгич, диагностик катетер, интродьюсер, диагностик ўтказгич) ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилаяпти.Юрак ишемик касаллиги билан касалланган беморларни кардиоинтервенцион усулда даволаш имконияти кенгаймоқда.

Муассасанинг тўла қувват билан ишлаши натижасида йилига 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тиббиёт буюмларини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.Лойиҳанинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бундай тиббий буюмлар заргарона меҳнат маҳсули саналади.

Корхонанинг Жанубий Кореянинг бир қатор компаниялари раҳбарлари ҳамда соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтган тантанали очилиш маросимида ана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ў. Барноев иккала давлат ўртасида барча тармоқларда ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини таъкидлади ва инсон саломатлиги билан боғлиқ бу лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти хусусида тўхталди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!