Бухорода солиқ ходими оқланди

Бухорода солиқ ходими оқланди

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судининг 2014 йил 8 октябрдаги ҳукмига кўра, М.Султонов, Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддасининг 1-қисми билан 4.805.250 сўм, 209-моддасининг 1-қисми билан 9.610.500 сўм жарима, ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 9.610.500 сўм жарима жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, М.Султонов 2012 йилдан бошлаб ДСИда маъмурий амалиёт бош мутахассиси лавозимида ишлаб келиб, туман давлат солиқ инспекциясида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қонунга мувофиқ юритилишини назорат қилиш  ваколатига эга бўлган  мансабдор шахс бўла туриб, мансаб мавқеидан паст ва ғараз мақсадларда фойдаланиб қонунга хилоф равишда, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2014 йили Бухоро туман ДСИ жисмоний шахсларни солиққа тортиш бўлими инспектори О.Султоновдан Бухоро тумани ҳудудида ўтказилган қўшма рейд текшируви давомида 80 В 177 НА давлат рақамли, “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси йўловчиларга махсус рухсатномасиз пуллик хизмат кўрсатганлиги ва ўзини таништириш, тегишли ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиб кетиб қолганлиги ҳақидаги ҳужжатларни ҳамда автомашинанинг давлат рақамини раҳбариятнинг рухсатисиз қабул қилиб олиб, хизмат вазифаси юзасидан ҳайдовчининг шахсини аниқлаш, ҳужжатларни тўлдириш учун ижрочига қайтармасдан “Солиқ текширувлари материалларини, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни рўйхатга олиш” китобига киритмасдан ўзида сақлаб келиб, ҳуқуқбузарликни содир этган Пешкў туманида яшовчи фуқаро С.Ҳайдаров билан 2014 йил 15 июль кунида Бухоро туманидаги “Муҳаммад-Раззоқ-Олия” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ошхонада учрашиб, юқорида номи кўрсатилган транспорт воситасида айнан у томонидан тегишли лицензиясиз транспорт хизмати кўрсатилганлигини аниқлаган бўлсада, унинг маъмурий жавобгарликка тортилмаслигини таъминлаши,  бошқарувидаги автомашинанинг 80 В 177 НА давлат рақамини қайтариб бериши эвазига мазкур ошхонада муқаддам овқатланиб келганидан юзага келган 165.000 сўмдан иборат бўлган қарзларини унга тўлаттириб, моддий наф кўргач 80В177НА давлат рақамли, оқ рангли, “Дамас” автомашинасининг эгаси фуқаро Луқмон Тўхтамишевга нисбатан қонунга хилоф эканлигини била туриб МЖТКнинг 135-моддаси 1-қисми, 1763-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги ҳақида сохта маълумот ва ёзувлар киритиб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида сохта баённома тузиб имзолаб, солиқ текширувлари материалларини, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни рўйхатга олиш китобида рўйхатга олиб, тегишлилиги бўйича кўриб чиқишлик учун 2014 йил 17 июль куни судга юборилишини таъминлаган.      

Кассация шикоятида, судланган М.Султонов, айбсизлиги ҳақида важлар келтириб, суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли Қарорининг 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди судланувчига нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган Қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 1-қисмининг диспозициясига кўра пора олиш деганда давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг саккизинчи бўлимида атамаларнинг ҳуқуқий маъноси кўрсатилган бўлиб, унга биноан давлат органларида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс мансабдор шахс ҳисобланади.

Бироқ, жиноят ишидаги ҳужжатлардан, чунончи ДСИ маъмурий амалиёт бош мутахассиси лавозими йўриқномаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2011 йил 11 ноябрдаги 329-сонли буйруғига илова қилинган “Давлат солиқ хизмати органларида солиқ текшируви материаллари ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир тузилган материаллар ҳаракати тўғрисидаги Регламентдан кўринишича, М.Султонов мансабдор шахс бўлмаган, яъни у Бухоро туман ДСИ маъмурий амалиёт бош мутахассиси сифатида ташкилий-бошқарув ва маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ҳамда юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколатли бўлмаган.

Ўз навбатида, иш ҳужжатларидан кўринишича, 2014 йил 28 июнь куни Бухоро туман ДСИ, ЙҲХБ, транспорт департаменти ходимлари томонидан туман ҳудудида ўтказилган қўшма рейд давомида “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси тегишли ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортганлиги боис автомашинанинг 80 В 177 НА давлат рақами олиниб, далолатномага қайд этилиб, мазкур ҳужжатлар билан бирга туман ДСИга олиб келиниб, маъмурий амалиёт бош мутахассиси М.Султоновга топширилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 95-моддасининг
1-қисмига биноан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметларини Бухоро туман ДСИ ходимлари тегишли асослантирилган қарор асосида олишлари лозим эди. Бироқ бундай қарор чиқарилмасдан, шунингдек, ҳайдовчига тақдим қилинмасдан, мазкур модда талаблари бузилган.

Қолаверса, Солиқ кодекси 95-моддасининг 1-қисми мазмунидан кўринишича ҳужжатлар ёки предметларни олиб қўйиш бундай ҳужжатлар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берсагина, предметлар эса ҳуқуқбузарлик предметлари бўлсагина амалга оширилиши мумкин. Бироқ, иш ҳолатларидан кўринишича, автомашинанинг давлат рақами бундай турдаги ҳужжатлар ёки предметлар тоифасига кирмайди.

Ўзбекистон Республикаси МЖТК 291-моддаси 1-қисмининг “а” бандига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчилари ушбу Кодекс 135-моддаси, 1763-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганда транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши кўрсатилган бўлсада, 2014 йил 28 июнь куни ўтказилган тадбир давомида Дамас автомашинаси ҳайдовчиси ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган бўлсада, Бухоро туман ЙҲХБ ходимлари томонидан автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилмаган, балки унинг давлат рақамини ечиб олиш билан чекланилган, холос. Шунингдек, давлат рақами ЙҲХБ ихтиёрига олинмасдан ҳамда ҳайдовчининг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмасдан Бухоро туман ДСИга топширилган.

Судлов ҳайъати, юқорида кўрсатилган асослардан келиб чиқиб, М.Султонов мансабдор шахс бўлмаганлиги, маъмурий баённома тузиш ваколатига эга бўлмаганлиги, унинг томонидан тузилган маъмурий баённома расмий равишда ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат туғдирмаслиги, ғараз ниятда ҳаракат қилмаганлиги, шундай бўлсада ихтиёридаги расмий ҳужжатлар асосида Л.Тўхтамишовга нисбатан маъмурий баённома тузганлиги, иш ҳужжатларига кўра Л.Тўхтамишовнинг ҳаракатларида ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 135-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги, шу боис Л.Тўхтамишовга нисбатан маъмурий баённоманинг мазмуни тўғри эканлиги, маъмурий баённома тузилиши оқибатида жиддий зарар етказилмаганлиги сабабли, М.Султоновнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 209-моддаси ёки 228-моддасида кўрсатилган жиноятлар аломатлари мавжуд эмас деб топади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 463-моддасига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Қонуннинг мазмунига кўра, ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги ҳақидаги шубҳани бартараф қилишнинг имконияти йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддасига мувофиқ, қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши лозим.

Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати, суд ҳукмини бекор қилишни, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддасининг 1-қисми, ЖК 209-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноят таркиби мавжуд эмас деб ҳисоблаб, ишни ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатишни, М.Султоновни айбсиз деб топиб оқлашни, унинг етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлигини эътироф этишни, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судининг 2014 йил 8 октябрдаги Султонов Мирзо Темировичга оид ҳукми бекор қилиниб, ОҚЛАНДИ.

 

С. Найимов,

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди  судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!