Бухорода поeзд «Nexiа»ни босиб кетди. Икки йўловчи воқеа жойида вафот этди

Бухорода поeзд «Nexiа»ни босиб кетди. Икки йўловчи воқеа жойида вафот этди

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида поезд ва "Nexia" автомобилининг тўқнашуви оқибатида икки фуқаро вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ видео хабар берди.

Таъкидланишича, автоҳалокат Қоровулбозор туманидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги ички хўжалик автомобиль йўлининг Қоровулбозор разъезди темир йўлнинг қўриқланмайдиган кесишмасида содир бўлган. Ушбу ички хўжалик йўли Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан қўриқланадиган ҳудуд саналади ва кириб-чиқиши учун блокпост ташкил этилган. Ушбу ҳудудга фақат мазкур корхонада ишловчи ходимларга тегишли бўлган транспорт воситалари махсус рухсатнома асосида кириб-чиқиши мумкин. Ўрнатилган видеокамералар кузатилганда, бахтсиз ҳодиса ҳам айнан шу завод ишчилари билан содир бўлгани аниқланган. 

Завод ишчиси Р.Ж. яқинлашиб келаётган поездни кўрса-да, темир йўл кесишмасидан тезроқ ўтиб кетишни кўзлаган, оқибатда поезднинг олд қисми ҳайдовчи бошқариб бораётган "Nexia"нинг чап томонига урилган. Натижада автомашина ҳайдовчиси Р.Ж. ҳамда олд ўриндиқда ўтирган йўловчи Ш.Н. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

ЙТҲ содир бўлган жойида барча йўл белгилари мавжуд бўлган.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 15 ноябрдаги қарорига мувофиқ, атрофи ўралган ҳудудлар, қўриқланадиган ва кириш рухсатнома орқали амалга ошириладиган ташкилотларнинг ичкарисида содир бўладиган ҳолатлар йўл транспорт ҳодисаси сифатида статистика ҳисобига олинмаслиги кўрсатиб ўтилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!