Бухорода Миллий гвардия ходими ва унинг отаси жиноят устида қўлга олинди

Бухорода Миллий гвардия ходими ва унинг отаси жиноят устида қўлга олинди

Бухорода собиқ ИИБ ходими ҳамда Миллий гвардия вакили Бухоро шаҳрида яшовчи фуқарога тегишли тарихий қийматга эга ота-бобо меросни алдов ва ноқонуний йўл билан сотаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот берилишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 65 ёшли фуқаро М.А. да тарихий қийматга эга бўлган, ишлов берилмаган олмос, Амир Музаффархон даврига оид муҳр, камарбанд ва “Қуръони Карим” китобининг терига ёзилган нусхаси бўлган. У нафақадаги ИИБ ходими 67 ёшли фуқаро Н.С. ҳамда унинг ўғли — Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси сафдори Ш.С.га ушбу ота-бобо мерос бойликларни сотиши кераклигини билдиради. 

Ота ва ўғил фуқаро М.А.нинг тарихий қимматга эга бойликларни қандай сотиш тўғрисида етарли билимга эга эмаслигидан фойдаланиб, ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда, меросни алдов ва фирибгарлик йўли билан сотиш режасини тузишади. 

Орадан кўп ўтмай, ота ва ўғил тил бириктириб, фуқаро М.А. га ушбу тарихий қийматга эга буюмларнинг сотилишидан 10 % микдорини уларнинг ҳар бирига, яъни 50 минг долларидан, жами 100 минг доллари беришига кўндиришган. 

Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро А.Ж.га ушбу буюмларни сотиб олишини билдиради. Бироқ, у шунча қиммат нархда сотиб олишни кўзлаётган тарихий қийматга эга бойликларнинг бирор бир музейдан ўғрилангани ёки уларнинг сохта бўлиши мумкинлигига шубҳа қилиб, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади. 

Аризага асосан, ДХХ Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Ота ва ўғил 72,1 грамм оғирликдаги олмос (бриллиант) 500 минг доллар ҳисобидаги 4,5 миллиард сўм ҳамда 50 минг долларга ноқонуний сотаётган вақтида қўлга олинган. 

Хонадонни кўздан кечириш давомида 1 дона қора рангли қимматбаҳо тош, 1 дона Амир Музаффархон даврига оид муҳр, 1 дона камарбанд ва 1 дона кармон (кашелёк) ашёвий далил тариқасида олинган. 

Ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида М.А. берган курсатмасига кура, ушбу тарихий бойликлар унга тегишли бўлиб, ота-бобосидан мерос бўлиб қолганини билдирган. 

Бундан ташқари, М.А.нинг сўзларига кўра, яшаш манзилида сақланаётган 4 дона “рубин” тошли (2 донаси тарихий қийматга эга), 2 дона “Амитиз2 тошли, 1 дона “Зумрад2 тошли узуклар, тахминан 150 дона “феруза”, “зумрад”, “гавҳар”, “кварц”, “амитиз” ва “гранад” тошлари ихтиёрий равишда топширилган.

Ҳозирда Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан тергов-олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, ашёвий далил тариқасида олинган буюмларнинг тарихий қийматлигини текшириш учун экспертиза тайинланган. 

Экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, ота ва ўғилга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168 –моддаси, 4-банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзгатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!