Бухорода мансабдор шахс жиноят устида ушланди

Бухорода мансабдор шахс жиноят устида ушланди

Бухоро шаҳар ҳокимлиги уй-жойларни ҳисобга олиш ва нотурар жойлардан фойдаланиш давлат корхонаси бошлиғи ўринбосари оилавий ётоқхонадан уй расмийлаштириш эвазига фуқародан пора олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Ҳолатга кўра, Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Ҳ. Бухоро шаҳар ҳокимлиги уй-жойларни ҳисобга олиш ва нотурар жойлардан фойдаланиш давлат корхонасига боқувчисини ёқотганлигини, оилавий шароити оғир эканлигини, уйга муҳтожлигини маълум қилиб, уй ажратиш бўйича мурожаат қилган.

Мурожаат Бухоро шаҳар ҳокимлиги уй-жойларни ҳисобга олиш ва нотурар жойлардан фойдаланиш давлат корхонасига бошлиғи ўринбосари Р.С. томонидан қабул қилинган.

Р.С. мансаб ваколатини суистеъмол қилган ҳолда уй-жойларга муҳтож фуқароларга берилиши лозим оилавий ётоқхонадаги уйлардан бирини ўтган йил охирида ўз қизининг номига расмийлаштирган бўлган. Нафси ҳакалак отган Р.С. вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида фуқаро Д.Ҳ.га оилавий ётоқхонада қизининг номига яшаш учун расмийлаштириб берилган уйни навбатдан ташқари ўтказиладиган комиссия асосида бекор қилиш ҳамда Д.Ҳ.нинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари миқдорида пул “мукофоти”ни талаб қилган.

Жорий йилнинг 24 июль Д.Ҳ. ҳолат юзасидан ДХХ Бухоро вилоят Бошқармасига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган. Д.Ҳ.нинг аризасига асосан, 28 июль куни ДХХ Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан олиб борилган тезкор  тадбир давомида Р.С. ариза муаллифи Д.Ҳ.дан 4 минг АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: Фуқаро Р.С. 2007 йилда мансабдорлик лавозимида ишлаган вақтида ҳам пора олганлиги ҳолати аниқланган. Унга кўра, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2007 йил 28 июлдаги ҳукмига асосан, ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Бундан ташқари, 2015 йил 17 июлда Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан ЖКнинг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми бўйича 3 йил муддатга ахлок тузатиш жазоси тайинланган. Бироқ, Р.С. қўлланилган жазо чораларидан тегишли хулоса чиқармай, ўзининг ноқонуний ҳаракатларини давом эттириб келган.

Р/S: Бухоро шаҳар ҳокимлиги уй-жойларни ҳисобга олиш ва нотурар жойлардан фойдаланиш давлат корхонаси бошлиғи ўринбосари Р.С.нинг бундан илгари ҳам жуда кўп уй-жойга муҳтож фуқароларни оилавий ётоқхоналарда яшаш учун уй қолмагани, уйларнинг кам таъминланган оилаларга тарқатилгани важи билан умидсиз қайтаргани, муҳтож фуқароларнинг иложсизликдан оиласи билан ижарама-ижара ёки қавму-қариндошлари уйларида яшаб келаётгани ҳақида мурожаатлар мавжуд.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!