Бухорода кредит ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсди

Бухорода кредит ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, 2021 йилнинг 15 июль куни Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 15 нафардан ортиқ аёл М-37 халқаро аҳамиятга эга магистрал автомобиль йўлини тўсиб қўйган. «Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, ҳолат ғиждувонлик тадбиркор аёл етакчилигида содир этилган.

Ғиждувон туманининг «Қўрғон» МФЙ, Алишер Навоий кўчасида жойлашган «Маржона ғунча» НТМ билан Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуриш учун шартнома имзоланган.

Унга кўра, тадбиркор М.И. 1 миллиард 700 миллион сўмлик битим эвазига 90 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасини тиклаб, фойдаланишга топшириши назарда тутилган. Битимга асосан, вилоят «Ипотека» банки томонидан 1 миллиард 275 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган. НТМ биносининг қурилиш муддати 2018 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган.

Бироқ тадбиркор ўзбошимчалик билан қувватни ошириш мақсадида 90 ўринли эмас, 150 ўринга мўлжалланган НТМ биносини қурган. Бундан ташқари, тадбиркор банкдан қўшимча равишда 21 фоизли 300 миллион сўм кредит олган ҳамда ушбу кредитдан қарздорлик юзага келган. Қарздорлиги бўла туриб, у яна банкдан йирик миқдорда кредит сўраган ва рад жавобини олган. Шундан сўнг ўзига таниш бўлган аёллар билан катта магистрал йўлни тўсиб чиқиб, қонунбузилишига йўл қўйган, дейди Бухоро мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латипов.

Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловга кўра, магистрал автойўлда автомашиналар тўқнашуви ҳам содир бўлган, жароҳат олганлар бор ва улар туман марказий касалхонасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Қонунбузилиши юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига юборилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!