Бухорода колониядан қочишга уринган жиноятчиларга ҳукм ўқилди

Бухорода колониядан қочишга уринган жиноятчиларга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг очиқ суд мажлисида, судланувчи О.Саидов, Р.Дадабоев, А.Маҳкамов ва О.Жумартовларга нисбатан жиноят иши кўрилиб, уларга нисбатан тегишли ҳукм ва жазо тайинланди.

Иш ҳолатига кўра судланувчи О.Саидов жазони ўташ учун 2018 йил 21 ноябрь куни Бухоро вилояти ИИБ Жазони ижро этиш бошқармасига қарашли 1-сонли жазони ижро этиш калониясига этап қилиб олиб келинганидан сўнг, мазкур муассаса ҳудудидан қочиб кетишни режалаштириб, О.Саидов муассаса ҳудудидан қочиб чиқиш мумкин бўлган жой қидириб, муассаса атрофини ўраб турган девор яқинида жойлашган маҳкумлар учун мўлжалланган 5-6 бино ҳожатхонаси остидан лаҳм қазиш орқали муассаса ташқарисига чиқиб, қочиб кетиш мумкинлигини ўйлаб, ўзининг жиноий режаси ҳақида 2018 йил декабрь ойи бошларида мазкур жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар О.Жумартов, Р.Дадабоев ва А.Маҳкамовларга маълум қилиб, улар билан биргаликда муассаса ҳудудидан қочиб кетиш юзасидан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, бу борада жиноий режа тузишган. О.Саидов жиноий гуруҳ раҳбари сифатида жиноий гуруҳ аъзоларининг вазифаларини ўзаро тақсимлаб, унга кўра ўзи ва Р.Дадабоевлар ҳожатхона ички қисмидаги охирги ўриндиқ жойининг бетон қисмини синдириш орқали ер тўлага тушиш учун махсус жой тайёрлаш, О.Жумартов ва А.Махкамовлар ҳожатхона ер тўласига тушиб, ер тўладан муассаса ташқарисига олиб чиқадиган махсус лаҳм қазиш каби вазифаларни бажаришлари лозим бўлган ва шу мақсатда ўзларига керак бўладиган белкурак, болға, челак, темир бўлаклари сингари анжомларни ҳожатхонага олиб келиб қўйишган. Шу тариқа, 2018 йил 28 декабрь куни жиноий гуруҳ аъзолари ўзларининг жиноий ҳатти-ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида 5-6 бино маҳкумлар ҳожатхонасига келиб, олдиндан олиб келиб қўйган болға, темир бўлаги сингари анжомлар билан ҳожатхонанинг ўтириш учун мўлжалланган устки қисми (чашаген)ни ва унинг атрофларини бетон қисмини синдириш орқали махсус тешик ҳосил қилишган. Шундан сўнг, 2018 йил 29 декабр куни жиноий гуруҳ аъзолари ҳожатхонага бориб, ўзлари томонидан тайёрлаб қўйилган махсус тешик орқали ҳожатхонанинг ер тўласига тушиб, жиноий ҳатти ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида олдиндан олиб келиб қўйган катта болға ёрдамида ер тўланинг бетондан иборат бўлган пастки 1,0х1,30 метр ҳажм катталикдаги қисмини синдириб, белкурак ёрдамида лаҳм қазишни бошлаб, кейинчалик куннинг маълум бир қисмида муассаса қўриқчаларига сездирмасдан жиноий гуруҳ аъзолари навбат билан лаҳм қазиб боришга ўзаро келишиб олган.

Чунончи, 2019 йил 1 январь куни соат тахминан 15:00 ларда жиноий гуруҳ аъзолари А.Махкамов ва О.Жумартовлар ҳожатхона ер тўласига тушиб, лаҳм қазиш ишларини давом эттираётган вақтларида уларнинг жиноий ҳатти-ҳаракатлари муассаса ходимлари томонидан аниқланиб, жиноят устига қўлга олиниб, жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмасдан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочишга суиқасд қилиш жиноятини содир қилишган.

Суд мажлисида судланувчи Саидов Отабек Бахриддиновичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,222-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 34,60-моддасига асосан уни ўта хавфли рецидивист деб топилиб, ўташ учун узил-кесил 16 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Дадабоев Рўзиматжон Махаммадалиевичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,222-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан ўташ учун узил-кесил 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Махкамов Азизбек Абдуллажоновичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,222-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан ўташ учун узил-кесил 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда Жумартов Отабек Шавкатжон ўғлига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,222-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан ўташ учун узил-кесил 12 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!