Бухорода ҳомиладор келинидан жинсий яқинлик талаб қилган қайнота аянчли ўлим топди

Бухорода ҳомиладор келинидан жинсий яқинлик талаб қилган қайнота аянчли ўлим топди

2018 йилнинг 18 ноябрь куни отасини белкурак билан уриб ўлдирган Вобкент туманидаги Шакаркент маҳалла фуқаролар йиғини Роме қишлоғида яшовчи Шаҳобиддин Ҳамидов (исми-шарифи ўзгартирилган)га нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов маълум қилди.

Sof.uz нинг ёзишича, 1982 йилда туғилган, Қоровулбозор туманидаги Нефтьгазқудуқтаъмирлаш УКда ишчи вазифасида ишлаб келган Шаҳобиддин Ҳамидов Ўзбекистон Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан айбланган. У ўткир тиғли белкурак билан отаси Мурод Ҳамидов (исми-шарифи ўзгартирилган)ни белкуракнинг темир қисми билан унинг бош соҳасига уч маротаба уриб, қасддан ўлдирган. Ғиждувон туман суд тиббий экспертиза бўлимининг 2018 йил 17 декабрь кунидаги 60-сонли суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, марҳум Мурод Ҳамидовнинг ўлими бош мия очиқ жароҳатланиши, бош мия тўқимаси жароҳати, калла гумбази суякларини синиб асосига ўтиши оқибатида юзага келган.

Укам 2010 йилда уйланган. Отам ва укам ўртасидаги келишмовчилик худди шу йилдан бошланган. Отам уйда ҳеч ким бўлмаганидан фойдаланиб, олти ойлик ҳомиласи бор ёшгина келинимизга онамизнинг бетоблиги туфайли уй-жой, машина ва мол-мулкни унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан жинсий яқинлик талаб қилган. Бу талаб бир неча марта такрорланган. Келин қўрқиб кетган ва бу ҳақда бор гапни менга ва онамга билдирди. Отам аввалига тан олмай, келинни туҳматчига чиқаргач, мен отамга ёлғондан овозингиз ёзиб олинган , деганимдан сўнг айбини тан олиб, кечирим сўради. Бу ҳақда эса укамга гапирмадик. Аммо орадан икки ой ўтар-ўтмас, отам яна ўз келинидан жинсий яқинлик талаб қилган. Укамга айтишга мажбур бўлдик. Шу воқеа сабаб отам ва укам ўртасида келишмовчилик бошланди. 2012 йилда эса онам вафот этди. Келишмовчиликлар баттар авж олди, дея судга кўрсатма берди марҳумнинг қизи, жабрланувчи Диёра Ҳамидова (исми шарифи ўзгартирилган).

Шаҳобиддин Ҳамидов эса отаси ва турмуш ўртоғи ўртасида ишқий муносабат борлиги ҳақида шубҳаланиб келган. 2015 йилгача бирга яшаб, уч нафар фарзанди туғилганига қарамай, у билан эр-хотин сифатида яшай олмаслигини айтиб, ота-онасининг уйига юборган. 2015 2017 йиллар давомида Россияга кетган. 2018 йил сентябрь ойида турмуш ўртоғи билан ажрашиш учун судга ариза берган. 18 ноябрь куни томорқа ерларини ағдариб беришда кўмаклашиш учун опасининг ҳовлисига борган. Худди шу вақтда отаси Мурод Ҳамидов ўғлини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб келади. Қизи ва неваралари тўхтатмоқчи бўлганда, уларни итариб юборган. Маълум бўлишича, у шу куни спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун маст бўлган.

Отам қўлида болта кўтариб, устимга бостириб кела бошлади. Мен ҳам ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида белкуракдан фойдаландим. Ўзим сезмаган ва англамаган тарзда менинг турмуш ўртоғим билан ажралиш масаласида судга ариза берганим сабабли у ўзини судга чақирилишидан қўрққан ва мени ўлдириш учун келган, деб ўйлаб, жаҳл устида елка ва бош қисмига белкурак билан уч марта урдим. Қилмишимдан пушаймонман, деди судда Шаҳобиддин Ҳамидов.

Шаҳобиддин Ҳамидов 3 нафар фарзанди борлигини, оилавий аҳволини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берган.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, шахсини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи бошқа барча ҳолатларини, шунингдек, жиноят содир этилишига сабаб бўлган жабрланувчининг хатти-ҳаракатларини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилган. Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!