Бухорода ҳайдовчининг машинасидан йўқ айбни топган йўл инспекторига интизомий чора кўрилди (видео)

Бухорода ҳайдовчининг машинасидан йўқ айбни топган йўл инспекторига интизомий чора кўрилди (видео)

Бухорода ҳайдовчи Ш.О. ва йўл инспектори З.С. ўртасида юз берган зиддият тасвирланган видео Дарё га келиб тушди. Унда инспектор Ш.О.га тегишли Жигули машинасининг тормоз педалини босганда, стоп ( тўхташ ) белгисини кўрсатувчи орқа ёритув чироқлари ёнмаётгани учун ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузишга уринаётгани, ҳайдовчи эса чироқлар ишлаётганини исботлашга уринаётгани тасвирланган.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, ЙҲХБ ходими З.С. машинага ўтириб, тормозни босган вақтда ҳайдовчи машина орқасида чироқ ёнган-ёнмаганлигини кузатиб турган: чироқлар ёнмаган. Инспектор ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузишга киришган. Ш.О.нинг қизчаси тормоз педалини босганда тўхташ чироғи ишлаб тургани кўринади. Шундан сўнг ҳайдовчи инспектор атайлаб бошқа педал ( сцепление )ни босганлигини гумон қилади. Кейин инспектор ҳайдовчининг қоидабузарлиги ёзилмаган қоғозга унинг имзосини қўйдириб олишга уринган. Ҳайдовчи баённоманинг қоидабузарлик қисми ёзиладиган жойини ўзи тўлдиришини айтганда, инспектор ручкани беришдан бош торган.

Яна бир йўл инспектори Т.Д. вазиятга аралашиб, З.С.га 12 ёшга тўлмаган бола рулда ўтиргани учун баённома тузиш кераклигини ўргатади. Ҳайдовчи қизига машинани ҳайдашга бермагани, стоп чироғи ишлаётган ёки ишламаётганини текшириш учун тўхтаб турган машина рулига ўтқазиб, тормоз педалини босишни сўраганини тушунтиришга ҳаракат қилган. Т.Д. шериги З.С. ҳам ҳодисани тасвирга олиши кераклигини ўргатади.

Бухоро шаҳри кўчасида содир этилган ушбу ҳолат юзасидан Дарё мухбири Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБга мурожаат этди.

Мазкур ҳолат бўйича инспектор З.С. ҳақиқатан ҳам ўз хизмат вазифасига тажрибасизларча ёндашган. Бу борада белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилди ва унинг хатти-ҳаракатларига нисбатан интизомий чора белгиланди. Унга ҳайфсан берилди. Ҳолатга бефарқ қарагани учун иккинчи инспекторга ҳам худди шундай интизомий чора қўлланилди , деди вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот диспетчерлик хизмати бўлими бошлиғи Улуғбек Шукурлаев.

Улуғбек Шукруллаевнинг қўшимча қилишича, бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик учун бугун, 14 мартдан бошлаб йўл инспекторлари ўртасида ўқув семинарлари бошланади.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!