Бухорода 7 ёшли қизалоқни қийноққа солиб, унинг қўли ва юзларини куйдирган эр-хотинга ҳукм ўқилди

Бухорода 7 ёшли қизалоқни қийноққа солиб, унинг қўли ва юзларини куйдирган эр-хотинга ҳукм ўқилди

Бухоро шаҳрида яшовчи энагалар 7 ёшли қизалоқ ва унинг 1 ёшли синглисига қарагани учун уларнинг онасидан ўз вақтида хизмат ҳақи ололмайди. Шу сабаб эр-хотин энагалар 7 ёшли қизга доимий равишда зўравонлик қилиб, уни қийноққа солиб келган. Бу ҳақда «Дарё»га жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Акбар Жабборов хабар берди.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида яшовчи Марат (барча исмлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Барно билан бирга 7 ёшли Шаҳноза ва унинг 1 ёшли синглиси Комилага энагалик қила бошлайди. Бироқ болаларнинг онасидан келишилган миқдордаги хизмат ҳақини ўз вақтида ололмагани учун 7 ёшли Шаҳнозани қасддан қийноққа солиб келган.

Воқеага аниқлик киритилишича, 2019 йилнинг сентябрь ойида Назира Россияга ишлаш мақсадида кетиш учун вояга етмаган 7 ва 1 ёшли қизларини дугонаси Барнонинг қарамоғига қолдириб, эвазига унга ҳар ойда 200 доллар тўлашини маълум қилган. Турмуш ўртоғи Марат билан ижарада яшаб келаётган Барно ушбу келишувга рози бўлиб, дугонасининг болаларига энагалик қила бошлаган.

Тайинли иши бўлмаган Марат ва Барно орадан бир неча ой вақт ўтгач, вояга етмаган болаларнинг онаси келишилган пулни етказавермагач, болаларни ура бошлаган. Кейинчалик бу уриш, тепкилаш ва камситишлар одатий ҳолга айланган.

«Эр-хотин энагалар шу қадар инсонийлик қиёфасини йўқотганки, болаларни Бухоро шаҳридаги ҳовлиларнинг бирига олиб бориб, 7 ёшли қизалоққа тазйиқ ўтказган. Уни жисмоний қийноққа солиб, қизнинг юзи, қўллари ва баданининг бошқа қисмларига қаттиқ жисмлар билан аямасдан урган. Ошхонадаги газга қошиқ ва капгирни қиздириб, қизалоқнинг юзи, қўллари ва баданига ёпиштирган. Оғриқдан бақирган қизни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, унинг оғзини латта билан боғлаган ва қийноққа солишда давом этган», — дейди Акбар Жабборов.

Судда таъкидланишича, энага Барно жиноий ҳаракатларини давом эттириб, совуқ ҳавода қизалоқни ҳовли ўртасидаги дарахтга боғлаб қўядиган одат чиқарган. Бу ҳам етмагандек, унинг устидан совуқ сув тўкиб, томоша қилган. Қизалоқ азобларга чидолмай, бақириб йиғлаган пайтда оловда қиздирилган чойнак билан унинг билакларини, жағ соҳаси, ияги ва қулоғи атрофларини куйдирган.

Марат турмуш ўртоғини тўхтатиш ўрнига, унга қўшилиб қизалоқнинг юз қисмига мушти билан урган. Ошхона пичоғи билан унинг қорин соҳасини кесиб, тан жароҳати етказган. Биринчи ёрдам кўрсатмагани етмагандек, уни даволатиш чорасини ҳам кўрмаган. Жароҳат ўз ҳолича чандиқ яра бўлиб битган.

Қийноқ ва жисмоний азобларга солинган, тўйиб овқатланмаган қизалоқнинг тинкаси қуриган. Эр-хотин шунга қарамасдан, қизалоқни онаси яшайдиган уйга олиб келиб, кўп қаватли уйнинг зинапоясидан итариб юборган. Овозни эшитган қўшни эшикдан чиқиб қараса, қўшнисининг қизи ерда ётган бўлган. Қўшни уй шароитида қизалоққа биринчи ёрдамни кўрсатиб, сўнгра уни шифохонага олиб борган.

Шунингдек, қизалоқларнинг онасига қўнғироқ қилиб, ҳолатни тушунтирган. Агар зудлик билан етиб келмаса, қизларини болалар уйига топшириб юборишини айтган. Қизалоқларнинг онаси Назира эса қўшнисига ишонмай, фарзандлари ишончли қўлда эканлигини айтган. Шундан сўнг қўшниси қизалоқнинг тан жароҳатларини расмга олиб, онасига юборган.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали хулосасига кўра, вояга етмаган Шаҳнозага чап елка суяги пастки қисмининг тепача орқали синиши ва қўл синиши ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, олиб борилган суд-тергов ишлари жараёнида эр-хотин энагалар қизга нисбатан бош мия чайқалиши билан давом этган ияк, чап томон пастки жағ, юқори ва пастки лаб шиллиқ қаватларидаги шилинмалар, ўнг билак кўкрак орқа ва олд юзасидаги, чап курак, бел соҳасидаги шилинмалар, ўнг қўл кафт орқа юзасидаги куйиш кўкрак олд юзасидаги яра каби соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган тан жароҳатлари етказгани, вояга етмаган шахсни қийнаш жиноятини содир қилганига аниқлик киритилган.

Суднинг аниқлаштиришича, қизалоқ тўрт ой давомида қийноққа солиб келинган.

Суд эр-хотин энагаларни Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айблаб, 110-модда 2-қисмининг «а» банди (қийнаш) санкцияси доирасида уларга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!