Бухорода 41 ёшли эркак 22 ёшли кар ва соқов қизни зўрлади

Бухорода 41 ёшли эркак 22 ёшли кар ва соқов қизни зўрлади

Бухорода 22 ёшли кар ва соқов қизни уриб, қийнаб, зўрлик ишлатиб, оғиз ва қўлларини скотч билан боғлаб, унинг номусига тегган 41 ёшли шахс суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Суд ҳужжатларига кўра, 2021 йилнинг 5 август куни ғиждувонлик фуқаро М.Ф. туман марказидаги «Бек» ошхонасида тушлик қилган. Унга ошхона ошпази Ҳ.А.нинг кар ва соқов жияни Д.Й. (2000 йилда туғилган) хизмат кўрсатган. У мижоз сифатида ошхонага кирган М.Ф.га бошқа мижозлар қатори нималар тановул қилишини имо-ишоралар орқали сўраган. М. овқатланиб бўлгач, ошхонадан чиқиб кетган. Орадан 3 соатларча чамаси ўтгач, 16:30 ларда Д. уйига кетиш учун йўлга отланган. Худди шу топда М. яна ошхона олдида пайдо бўлган ва Д.нинг йўлини тўсиб чиқиб, уни тўхтатиб, қаёққа кетаётганини сўраган.

Д. унга уйига кетаётганини имо-ишоралар орқали билдирган. М. эса қизга чин дилдан кўмак бериб, уни уйига олиб бориб қўйишини тушунтира олган ва ошхонадан унча узоқ бўлмаган манзилда жойлашган машиналар тураргоҳидан такси ёллаган. Қиз ҳам мижоз сифатида унга ишонган ва у билан бирга фуқаро Ф.Қ.га тегишли Matiz автомашинасига ўтирган. Кўп ўтмай автомашинанинг бошқа манзилга елиб бораётганидан безовталанган Д. имо-ишоралар орқали М.га яшаш уйи тумандаги «Чўғалон» маҳалла фуқаролар йиғини Урганжи қишлоғида эканини тушунтиришга уринган. М. эса таксини тумандаги «Гулистонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Бойхотин қишлоғидаги ўзи яшайдиган хонадон дарвозаси олдида тўхтатган. У қизга имо-ишора орқали автомашинадан тушишини билдирганида қиз машинадан тушмаслигини билдирган. Ҳайдовчи Муродиллодан: «Қиз нимани тушунтиряпти?», деб сўраганида, М. унга: «Ака, кетаверинг, бунинг гапига барибир тушунмайсиз», деган.

Ҳайдовчи кетгач, М. қўлини қизнинг елкасига ташлаб, уни қучоқлаган. Довдираб қолган қиз М.нинг спиртли ичимлик истеъмол қилганини сезган ва унга қаршилик кўрсатган. Бироқ эркак қизни уриб, куч ишлатиб, уни ўзи яшайдиган ҳовлига судраб олиб кирган. Д.нинг оғзини скотч ва ёстиқ билан ёпиб, қўлини ҳам қайириб, скотч билан ўраб, қийнаган. Шафқатсизларча на гапира оладиган ва на эшита оладиган иккинчи гуруҳ ногирони бўлган қизнинг номусига тегган.

Орадан вақт ўтиб, қиз кўчага бақириб, йиғлаб, қочиб чиққан. Худди шу топда уй олдидан Д.га қўшни бўлган М. исмли ўсмир йигит велосипед билан ўтиб кетаётган бўлган. Қиз унга М. унга зўравонлик қилганини, буни зудлик билан уйидагиларига бориб билдиришини имо-ишоралар орқали тушунтираётганда эркак келиб қолган ва йигитга босим ўтказган: «Агар сен мени сотиб, бирор кишига бу қизни бу ерда кўрганингни айтсанг, сени Ғиждувонда юришга қўймайман, таниш ўртоқларимга айтиб, сени йўқоттириб юбораман», дея қўрқитган.

Шунга қарамасдан, ўсмир йигит зудлик билан қишлоққа келган ва ҳолатни унинг яқинларига билдирган. Кар ва соқов қизни бир нечта қўни-қўшнилар ҳам кўрган ва қизнинг яқинлари етиб келгунча, унга ғамхўрлик кўрсатган. Манбага кўра, М. уч маротаба уйланган ва айни воқеа содир бўлган вақтда унинг учинчи хотини Н.Ж. Тошкент шаҳрига даволаниш учун кетган бўлган.

Шундан сўнг туман ички ишлар идоралари, прокуратура ходимлари ҳам воқеа жойига зудлик билан етиб келган. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Суд тақдим этган ҳужжатда қайд этилишича, судланувчи 1996 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «б» банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2000 йилда ҳам худди шу айб билан қамалган. 2002 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланган, тайинланган 6 йил қамоқ жазосини 4 йилини ўтаб, амнистияга тушган. Бироқ 2006 йилда қамоқдан чиқиб, орадан бир неча ой ўтмай, Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми билан айбли деб топилган, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2009 йилда яна такроран Жиноят кодексининг 226-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этиб, 1 йил муддатга қамалган. 2010 йилда Жиноят кодексининг 60-моддасига (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) асосан 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган. 2013 йилда қамоқдан чиқибоқ яна бир нечта жиноятлар содир этиб, 2 йил муддатга қамалган. 2013 йил 12 декабрь кунидаги «Амнистия тўғрисида»ги қарорнинг 3-бандига асосан жазодан озод қилинган. 2014 йилда эса Жиноят кодексининг 226-моддаси 2-қисми «а» банди ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ўз жазо муддатини ўтаган бу шахс озодликка чиққач, бир неча ой ичида, яъни 2016 йилда Жиноят кодексининг 226-моддаси 2-қисми «а» бандини такроран содир этган. Яна 2 йил 6 ой муддатга қамалган.

«Шунча йиллар давомида қамалиб-чиқавериб, ҳали озодликка чиққанига бир йил тўлмаган бу шахс бу гал жисмонан ночор ва ногирон қизнинг ҳаётини барбод қилган. У Жиноят кодексининг 34-моддасига (рецидивист жиноят) асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилди. Шунингдек, Жиноят кодекси 118-моддасининг (номусга тегиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан шу модда билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўтайди», — деган суд раиси Бобур Умаров.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!