Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаатини ўрганиш учун идоралараро комиссияси тузилди

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаатини ўрганиш учун идоралараро комиссияси тузилди

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида келтирилган важларни ўрганиш мақсадида идоралараро комиссия тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси маълум қилди.

Хабар берилишича, Жасур Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди.

«Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Жасур Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади.

Текшириш натижалари бўйича қўшимча равишда хабар берилади», — дейилади Халқ қабулхонаси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 11 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати акс этган видео пайдо бўлди. Видеода шаҳар прокурори унга нисбатан айни пайтда хизмат текшируви олиб борилаётгани, унинг якунлари бўйича қонун бузилишлар аниқланган тақдирда бунинг учун жавоб беришга тайёрлигини айтган. Жасур Фозилов ўз видеомурожаатини Ўзбекистон Президентига ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга йўллаган. Унинг сўзларига кўра, хизмат текширувига сабаб бўлган мурожаат бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга алоқадор бўлган тадбиркор томонидан қилинган. Мурожаатда прокурор Президент Администрацияси раҳбаридан мазкур ҳолатни назоратга олишни сўраган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг 11 декабрдаги баёнотига кўра, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани муносабати билан у 2 декабрь куни вазифасини бажаришдан вақтинча озод қилинган. Бунга Бухоро шаҳридаги тадбиркорлардан бирининг прокурор Фозилов устидан ёзиб берган шикоят аризаси сабаб бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!