Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуёш фотоэлектр станциялари қурилади

Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуёш фотоэлектр станциялари қурилади

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги давлат-хусусий шериклиги асосида қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) қурилиши бўйича «Scaling Solar 3» учинчи лойиҳаси бошланиши тўғрисида эълон қилди.

«Scaling Solar 3» учинчи лойиҳаси доирасида умумий қуввати 500 МВт бўлган учта ФЭС қурилиши режалаштирилиб, уларнинг инвесторлари тендер натижасига кўра аниқланади.

Учинчи лойиҳа бошланиши 2021 йил февраль ойига режалаштирилган. ФЭС қурилиши Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Қайд этиш жоизки, 2019 йил 18 октябрь куни «Scaling Solar 1» лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида қуввати  100 МВт бўлган ФЭС қурилиши бўйича ўтказилган тендерда Masdar (БАА) компанияси ғолиб бўлди. Бу борадаги ижобий натижани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Халқаро молия корпорацияси ўртасида консультация хизматларини жалб қилиш ва Scaling Solar лойиҳаси бўйича қуёш ФЭСларининг қувватини 1000 МВтгача ошириш бўйича келишув имзоланди.  

Мазкур келишув натижаси ўлароқ 2020 йил бошида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида умумий қуввати 400 МВт бўлган  2 та «Scaling Solar 2» ФЭС қурилиши лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинган эди. Ушбу лойиҳалар бўйича ҳозирги вақтда тендер савдолари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан кенг миқёсли қайта тикланувчи энергия стратегияси амалга оширилиб, унинг доирасида яқин 10 йил ичида 5 ГВтгача экологик тоза қуёш энергиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Стратегия электр энергиясига тобора ортиб бораётган эҳтиёжни қондиришга қаратилган бўлиб, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси доирасида амалга оширилмоқда.  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!