Булоқбошилик уч ўғил эгизак туққан онага туман ҳокимлиги қандай «мурувват» кўрсатгани ҳақида...

Булоқбошилик уч ўғил эгизак туққан онага туман ҳокимлиги қандай «мурувват» кўрсатгани ҳақида...

Фарзанд, насл давомчиси туғилиши оилага қувонч бахш этади. Лекин, энди уни соғ-саломат, ҳар томонлама баркамол ҳолда улғайтириб, жамиятга нафи тегадиган инсон қилиб камолга етказиш масъулияти ҳам бор. Фарзандларни камолга етказишда давлат томонидан жуда кўп имтиёзлар белгилангани кўпчиликка аён. Зеро, ҳар бир туғилган чақалоқнинг соғ ва илмли бўлиб улғайиши мамлакат келажагини белгилайди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Оилада одатий ҳолда бир дона туғилган чақалоқни бир-икки яшар қилиб олиш машаққатли жараён. Ота-она, қариндош-уруғ унинг атрофида минг парвона бўлиб парвариш қилишади. Эгизак фарзанд туғилса, уларни оёққа турғизиш унданда қийин.

Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Хидировлар оиласига Яратган жуда катта неъмат ато этди. Шу йилнинг 14 июнь куни оилада бирданига бир эмас, икки эмас, уч чақалоқ дунёга келди. Бир ўғил фарзандни катта қилаётган Бахтиёржон ва Диёрахонлар уч ўғиллик бўлишди. Учаласи ҳам соғлом ҳолатда дунёга келди. Уларга, яхши ниятда Иззатбек, Исломбек, Имронбек исмларини қўйишди.

Бирданига учта фарзандли бўлиш қувончли бўлиши билан биргаликда ўзига хос машаққат ҳамдир. Онанинг уч чақалоққа кўкрак сути етмайди. Ҳар куни озуқа сотиб олиш керак. Таглик, дори-дармон дегандек. Учаласи бирин-кетин йиғлайди. Онанинг бир ўзи уларни парваришлашга жисмоний кучи етмаслиги кундек равшан. Ёрдамчи, кўмакчилар зарур. Ҳозир уч чақалоққа икки қуда томон «навбатчилик» йўли билан қарашмоқда.

Туман ҳокимлиги туғилиши халқ орасида шов-шув бўлган уч полвонга аравачалар ва 2 ёшгача бўлган нафақа пули берилишини айтади. Лекин, бу ваъдалар ваъдалигича қолди.

Эҳ-ҳе.. Она туман ва вилоят ҳокимлигига неча марта ёзма ва оғзаки мурожаат қилмади, дейсиз…

Ҳатто, икки ёшгача бўлган болалар учун бериладиган нафақани ҳам бермадилар

Уч эгизак парваришидек қийин ишни уддалаётган Диёрахон Хидирова ҳужжатларни расмийлаштириб МФЙга борди.

Онаизор мурожаатидан: «Ваъдалардан хурсанд бўлиб, ҳужжатларни яшаш жойимдаги МФЙга ариза билан топширдим. Маҳалла фуқаролар йиғинига июль ойида учраганимда «Ижтимоий қўллаб-қувватлаш» комиссияси август ойида тузилишини айтиб, аризамни қабул қилишмади. Август ойида топширган ҳужжатларга 10 сентябрь куни ёзма жавоб хати кўринишида, турмуш ўртогим давлат ишида ишлашини, ойлик маоши кўп эканлигини рўкач қилган ҳолда, комиссиядан ўта олмаганимни айтишиб қўлимга тутказишди. Биринчи фарзандим туғилганида турмуш ўртоғим Россиядан ишлаб келиб, уйда ишсиз эди. Шунда ҳам комиссиядан ўта олмаганимизни, МФЙ котибаси бир ойлик нафақа пулини бериш эвазига комиссиядан ўтказиб қўйишини айтган эди. Мен иложсиз қолиб, МФЙ котибасининг шартига рози бўлиб, нафақа пули комиссиясидан ўтган эдим. Бу гал ҳам худди ўтган сафарги ҳолат такрорланаётгандай назаримда. Эътироз билан маҳалла фуқаролар йиғинига борганимда, комиссияда қатнашган АБКМ ходими М.Темирова қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтди. Туман ҳокимиятига борганимда эса суюнчи эвазига нафақа пулига ўтказиб беришини айтган туман хотин-қизлар қўмитаси раиси бошқа лавозимга ўтиб кетганини, ўрнига янги тайинланган аёл эса ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини, МФЙ раисини ишига аралаша олмаслигини айтди. Фарзандларим дунёга келганига 4 ой бўлди. Ҳали бирор марта маҳалла фуқаролар йиғинидан вакил келмади. Эгизаклар қай тарзда катта бўлишяпти, бирор ёрдам керак эмасми дейдиган мутасадди йўқ. Уйимизга келиб, ҳолатимизни кўрмасдан чиқараётган хулосалари нотўғри-ку?!

Бизнинг ойлик даромадимиз билан чекланмасдан, эгизаклар учун кетаётган озуқа, дори-дармон ва памперсларни ҳам ҳисоблашлари керак эмасми? Уч чақалоққа бир кунда камида 15 дона таглик (памперс) ҳар куни 62000 минг сўмдан сунъий озуқа (каша) оляпмиз. Бир ойда эса 350000 минг сўм памперсга ва 950000 минг сўм озуқага сарфланяпти. Бундан ташқари, болалар муддатидан олдин дунёга келганликлари учун қўшимча дорилар ичиряпмиз. Лекин ҳеч ким дардимизни эшитишни ҳам хоҳламаётганидан ўкиниб кетяпман. Қайнонамнинг уйида яшаш учун шароит йўқлиги, болалар учун уй ҳажми торлиги учун шу кунгача ўз ота эшигимдаман. Турмуш ўртоғимнинг кўмагидан ташқари акам ва дадамнинг моддий таъминотига муҳтож бўляпман».

Уч бешик қучоқлаган Диёрахонни кўргани бордик

Булоқбошига бориб, кўзимиз қувонгани уч чақалоқнинг дуркун, соғлом катта бўлаётгани бўлди. Уларга тикилиб тўймайди киши.

Уч бешикни қучоқлаган Диёрахон Хидирова ва унинг қайнонаси, онаси эгизакларни парвариш қилиш билан банд экан. Хонадондан нуронийларимиз таъбири билан айтганда, «жаннатнинг иси» келиб турибди.

«Зора, сизларнинг келишингиздан сўнг, ҳокимият вакилларининг эътиборига тушсак. Ҳақиқатда ҳам, уч чақалоқни тарбиялашда давлатнинг кўмаги жуда зарур экан. Ўғлим туман МИБда ишлайди. Хонадонда 12 жонмиз. Битта шу ўғлимнинг қўлига қараб турамиз», дейди қайнонаси.

Оиладан ҳар ҳафтада бир тиббиёт ходимлари келиб хабар олиб туришар экан. Лекин улардан дори-дармон кутиш қийин. Атроф тўла озуқа идишлари, дори-дармонлар.

Онанинг буйрагида зўриқиш пайдо бўлган. Шунда ҳам кулиб-кулиб гапириб, охири кўзига ёш олди. Ҳокимиятга мурожаат қилавериб, натижасизликдан эзилиб кетганини айтди. Албатта, ёрдам бўлиши ҳақида умидлантириб, туман ҳокимлигига бордик.

Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнорахон Худойбердиева яқинда иш бошлабди. Мутасадди, бугуннинг ўзида барча муаммоларни ечишини айтган бўлса-да, ишона олмадик...

Мутасаддилар юрт келажаги бўлган ёш авлод тарбиясига маъсулдирлар

Мана шу жумла остида, йилига ўнлаб семинарлар, мажлислар ўтказилиб, мақола ва кўрсатувлар тайёрланади. Биз эса, бунинг исботини Булоқбошида кўрмадик.

Ўтган йили Олтинкўл туманида эгизаклар туғилганида, туман ҳокими, прокурори билан бирга боргандим. Мутасаддилар, бахтли оилани табриклаб, мебеллар тўплами, кир ювиш машинаси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва барча керакли жиҳозларни тақдим қилишганди.

Наҳотки, «Отасининг ойлиги кўп экан, мезон ва меъёрга тўғри келмади. Сизга болалар пули берилмайди», деган мутасадди бир чақалоқни оёққа турғизиш машаққатини билмаса?

Кечагина, уч чақалоқни жони азобда туққан онага ҳавас кўзи билан қараш ўрнига уни давлат идоралари эшиклари олдида сарсон қилиш инсонийликка қанчалик тўғри келади? Андижон вилояти ва Булоқбоши туман ҳокимликлари бу масалага қандай эътибор қаратишини тез кунларда билиб оламиз...

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!