Бўлажак ва ёш келинларга ибрат

A A A
Бўлажак ва ёш келинларга ибрат

Бундан бир неча йиллар олдин коллежда ўқиб юрган кезларимиз бир ўқитувчимиз бўлар эди. Ўқитувчимиз ўз фани юзасидан асло дарс ўтмас, доимо ҳаёт фалсафаси ҳақида тинмай ҳикоя қилар эди. Табиийки, бу ҳолдан барча курсдошларимизнинг энсаси қотар ва “Бўлар - бўлмас гапларни айтгунча, дарсини ўтса бўлмас эканми?" деган иддаоларни кўп айтар эдик. Бизнинг гуруҳимизда 30 нафар қиз ўқир, барчаси турли туманлардан эди. Ўша ўқитувчимиз "Бу гапларим сизга ҳаёт йўлида кўп асқотади", дея қайта-қайта такрорлар эди. Ёш бўлганимиз учун ўша ўқитувчининг бирор гапини эътиборга олмас эдик...

Шундай кунларнинг бирида ўқитувчимиз навбатдаги "Ҳаёт дарси"ни бошладилар. "Кеча ажойиб ва қизиқарли воқеанинг гувоҳи бўлдим. Ишонасизларми, шаҳримиздан анча олисга, табиат қўйнига чиққан эдим. Икки дарё  Қорадарё ва Оқдарёнинг қўшилиш жойини кузатишга муваффақ бўлдим. Икки дарёнинг улашган жойида ажиб мўъжизани кўрдим. Дарёлар қўшилиб шиддат билан оқар эди, аммо ўн метр жойгача Оқдарёнинг суви тиниқ бўлиб алоҳида, Қора дарёнинг суви лойқа бўлиб алоҳида оқар эди. 10 метрдан сўнг дарёларнинг суви қўшилиб кетди. Бу мўъжизадан хулоса шуки, сиз эртага турмушга чиқасиз, бир хонадоннинг бекасига айланасиз. 10 йилгача у хонадон билан қўшилишингиз қийин кечади. Агар сиз сабр қилиб, ўша хонадонга мослашсангиз, 10 йилдан сўнг ўша тушган хонадонингизга аралашиб, ҳақиқий бекага айланасиз. Бу гапим асло ёдингиздан чиқмасин", дедилар. Мен ўша пайт устознинг гапларига эътибор қилмадим, аммо улғайиб, оила деб аталмиш ҳаёт боғига қадам қўйганимдагина у гапларнинг мағзини чақиб, ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳар бир катта ҳаёт остонасида турган бўлажак келинлар ҳамда ёш келинлар турмушга чиққач, 10 йил сабр қилинг. 10 йилдан сўнг сиз ўша хонадонингизга тош бўлиб ўрнашасиз, ҳақиқий маликага айланасиз. Бунга мен ва устозимнинг ибратли ҳикояси айни мисол бўла олади...

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳар 11- ИДУМ бошланғич синф ўқитувчиси
Саида Илмурадова


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!