Бозор лабораторияси ходимлари журналистларга нега олдин мушт кўтаришди?

Бозор лабораторияси ходимлари журналистларга нега олдин мушт кўтаришди?

Бугун юртимиз деҳқон бозорларига кирган киши йилнинг тўрт фаслида ҳам бозор пештахталари садафдек терилган сархил ранглардаги мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари билан тўла эканлигининг гувоҳи бўлади. Айни пайтда эса, ёз фасли ўз таровати ва саховатини намоён этмоқда.

Чунки боғларда пишиқчилик бошланган, мевалар болга тўлган. Бу ризқ-у насибамиз бутунлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги белгиси бўлиб, уларнинг шифобахш хусусиятлари заминимизнинг бетакрор, беқиёс ва беминнат эканлигидан далолатдир. Аммо сотиладиган барча маҳсулотлар ҳам сифат жиҳатдан талабга жавоб берадими?

Бу савол ҳар биримизни қизиқтириши шубҳасиз. Бу савол билан сотувчиларга юзланамиз. Ветеринария санитария экспертиза лаборатория бўлими ходимлари томонидан сизнинг маҳсулотингиз текширувдан ўтказилдими? Улар томонидан сизга маҳсулотингиз истеъмолга яроқли ёки яроқсиз деган хулоса варақаси берилдими? каби саволларга, афсуски, сотувчиларнинг аксарияти жавоб бера олмади.

Деҳқонларнинг айтишича, Тайлоқ туман деҳқон бозорида фаолият юритаётган Ветеринария санитария экспертиза лабораторияси бўлими ходимлари лаборатория текшируви учун ҳар бир сотувчининг маҳсулотларидан, аниқроқ қилиб айтганда, картошка, пиёз, сабзи, бақлажон, памидор, бодринг ва ҳоказо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барчасидан бир донадан, яна энг сараларидан олиб кетишган. Ушбу бозор кунида гўшт ва сут маҳсулотларидан 200 грамдан лаборатория текшируви учун олинади. Лекин, лаборатория текшируви натижаси хақида сотувчилар хабардор қилинмаган. Деҳқонлар экспертиза лаборатория ходимлари маҳсулотимиздан керагича олди, бўлди. Уларнинг вазифалари шу­лар­­­дан иборат, деб ўйлашса керакда.

Негадир ушбу масала бизни қизиқтириб қолди. Бозорда фаолият олиб бораётган Ветеринария санитария экспертиза лабораторияси бўлими фаолияти билан танишиш мақсадида бўлимга ташриф буюрдик. Бўлимнинг эшигига "отнинг калласидек" қулф осилган, ходимлардан эса дарак йўқ. Бир  амаллаб ён атрофдагилар орқали Тайлоқ туман ҳайвонлар касалликлари  ташхиси ва озиқ овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директори Миркамол Муродов ҳамда экспертиза лабораторияси бўлими мудири Охунжон Норбоевларни топишга муяссар бўлдик. Мутасаддиларни тинчи бузилди,  шекилли, бизга "хазинасига тушган ўғри"га қарагандек қарар эди. Лаборатория фаолияти билан танишар эканмиз, бу ердаги иш фаолияти қониқарсиз, иш эса "ўлда-жўлда" эканлиги маълум бўлди.

Сабаби, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айримлари  лаборатория хонасигача келтирилган-у, аммо текширувдан ўтказилмаган. Кун ярмига келган бўлишига қарамай, маҳсулотлар целлофан пакетдан чиқариб ҳам қўйилмаган. Гувоҳи бўлдикки, маҳсулот кесиб, қирқиб ёки нетротест аппарати орқали текширувдан ўтказилгани ҳақида бирорта ҳужжат ҳам расмийлаштирилмаган. Лаборатория учун жуда керакли ҳисобланган иккита музлатгич ҳам аллақачон "ўз вазифасини адо этиб бўлган". Намуна учун олинган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат  маҳсулотлари ҳамда лаборатория текширувида ишлатиладиган дори воситаларини сақлашда фойдаланиладиган музлатгич, умуман, ишга яроқсиз ҳолда турибди. 

 Марказ директори Миркомил Муродовнинг айтишича, маҳсулотларни нет­ротест, микон, лотан, микроскоп ҳамда 18 турдаги кимёвий тек­­шириш дори воситалари орқали лаборатория текширувлари ўтказилар экан. Нима эмиш, бугун бозорда маҳсулотлар нетротест аппарати ёрдамида текширилиши керак эди, лекин нет­ротест аппаратимизнинг қуввати тугаб қолганлиги боис тек­­ширувларни амалга ошира олмадик.

Ана холос, аппаратнинг қуввати тугаб қолса-ю, бутун бошли тонна-тонна маҳсулотлар лаборатория текширувидан ўтказилмаган ҳолда сотилиб кетаверса, аҳоли озиқ-овқат маҳсулотларини касалликка чалинган ёки чалинмаганлигини билиб-билмай истеъмол қилаверса, "кўза кунда эмас, кунида синмайдими", ахир. Тайлоқ туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг фаолияти шу йўсинда давом этаверса, озиқ-овқат маҳсулотларидан тарқалиши мумкин бўлган касалликлар учун ким жавоб беради? Эртага аҳоли орасида бирор-бир касаллик тарқаладиган бўлса, бунинг товонини ким тўлайди?

Лаборатория бўлими мудири Охунжон Норбоевга бугун бозорга неча турдаги қишлоқ хўжалиги ҳамда сут ва гўшт маҳсулотлари сотувга келтирилганлиги, касалликларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг қанчаси лаборатория  текширувидан ўтказилганлиги ва қанчаси истеъмолга яроқли ёки яроқсиз деб топилганлиги ҳақида савол билан мурожаат қилдик. Савол бердиг-у балога қолдик. Буни қарангки, Охунжон укамиз «Закунчи» чиқиб қолди. "Сизларга бу ерга келишга ким рухсат берди?", "Бу ерга келишга буйруғингиз борми?", "Юқори ташкилотларимизга учрашдингизми?" дея бизларни саволга кўмиб ташлади. "Қўрқоқ олдин мушт кўтарар" деганлари шу бўлса керакда.

 Самарқанд туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавф­сизлиги давлат марказига бўлган ташрифимиз ҳам оғир кечди. Марказ ходимларидан бири "раҳбаримиз Аъзам Атаев билан телефон орқали бир гаплашинг" деб телефон аппаратини тутқазди. Телефон орқали мулоқотда суҳбатдошимиз гапни "сол белидан" қилиб бошлади. "Сизларни ким чақирди, ким жўнатди?", "Ҳокимиятга бордингизми?, "Вилоят ташкилотимизга бордингизми?". Менга хеч кимни ташкилотга киритмайсан де­йишган. Мен сизни ташкилотимга киритолмайман".

— Шу гапларни сизга ким айтган биз ҳам билайлик?

— "Ман" айтаяпман, "ман" дейишдан нарига ўтмади.

"Отанга бор-онанга бор" каби таниш ва таъбир жоиз бўлса, ёқимсиз сўзлари билан Аъзамжон акамизнинг ўдағайлаши Охунжон укамизникиданда ошиб тушди. Ваҳоланки, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг тегишли моддаларида Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркинлиги, Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўс­қинлик қилиш ёки аралашиш таъқиқланиши белгилаб қў­йилган".

Идоранинг анчайин таъмирталаб бўлиб қолганлиги, марказ ходимлари "Қиш ғамини ёзда йе" деган нақлга амал қилган кўринади, шекилли, марказ ҳовлисида кенг жой бўла туриб қишлов учун  бир талай ўтинларни ичкарига лаборатория хонасининг шундоқгина кириш эшиги олдида  жойлаб қўйишибди. "Ўзингни эҳтиёт қил қўшнингни ўғри тутма" деган мақолга амал қилган бўлса керакда. Нима эмиш ташқарида ўтинларни ўғирлаб кетар экан. Қишда ўтинсиз қолар эмиш. Ҳа, шу ўринда айтиш жоизки, бу ерга ташриф буюраётган ҳар бир киши Аъзам Атаев ёки марказ ходимларини бекорчиликдан ёки бўлмаса, соғинганидан келмайди. Балки иш фаолияти зарурати юзасидан ташриф буюрадилар, холос.

Тайлоқ ва Самарқанд туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари ходимлари ва раҳбарлари ўз ташкилотларини Оммавий ахборот воситалари ходимларидан "қўриқлаш" ўрнига марказ фаолиятини озиқ-овқат маҳсулотлари орқали аҳоли орасида тарқалиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қа­ратса, деҳқон бозорларида лабораториялар фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйсалар келиб чиқиши мумкин бўлган турли касалликларнинг олди олиниши кафолатланган бўлар эди. Мутасаддилар "бошидан дўпписини олиб", юқоридаги йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш борасида бош қотирсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биз бу мавзуга, албатта, қайтамиз.

Юнус МИРЗАЕВ,

Шерзод ҚУРБОНОВ.

“Jamiyat va Qonun” газетаси мухбирлари.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!