Бозор ичидаги мозор. Етти пирлардан бирининг қабри вайронага айланиш арафасида

Бозор ичидаги мозор. Етти пирлардан бирининг қабри вайронага айланиш арафасида

Фарғона вилояти Боғдод туманидаги Дўрмонча қишлоғида жойлашган бозор ичидаги мозорда кексаларнинг таъкидлашича, етти пирлардан бирининг қабри вайронага айланиш арафасида, дейди корреспондент мухбири Муҳаммадсаид Холдоров. Балки, бозор раҳбарияти томонидан қабр атрофини чиройли масканга, зиёратгоҳга айлантириш мумкиндир, деган ўй кўпчиликни кўнглидан ўтади. Бозор яқинидаги Муқимий маҳалласида қарийб 52 йилдан буён истиқомат қилаётган Чўлпоной ая билан суҳбатлашдик.

Етти пирларнинг бири Чангалмозор бува бозорни ичидаги қабр ёнида Хизр бува каби кўздан ғойиб бўлган. Укалари Исмоил, Қийиқ, Суҳмозор, Мавлоно пирим бўлган. Хўжа бува унинг акаси, биздан чамаси 5 км. узоқликдаги қабристонда қўним топган. У ерлар обод этилиб, масжид ҳам қурилган. Минг афсуски, бизда бозор расталари тобора қабрга яқинлашиб боряпти. Аввал ўралган эди, ҳозир очиб қўйилган. Болалар қабрни миниб ўйнашади , дейди онахон.

Дарҳақиқат, бозор расталари қабрнинг тўрт тарафида жойлашган. Барча олди-сотди дардида, пирнинг қабри эса ҳамон эътибордан четда қолмоқда.

Ушбу бозор ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари ишлайди. Сотувчиларнинг айтишича, чек берилмасада жой учун 5-6 минг сўмдан пул олинади. Бозорда бунёдкорлик ишлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган, десак хато бўлмайди. Аҳолини айтишича, бозор раҳбарияти мазкур ҳолатга эътиборсизлик билан қараб келмоқда.

Аҳолини сўзларига кўра, бозорда олди-сотди арзон, шу сабабли мустақилликнинг дастлабки йилларида икки уч дўкондан иборат бўлган бу жой, ҳозирда гавжуд бозорлардан бирига айланган.

Бозорнинг қарама-қаршисида яна бир эски қабристон бор. У ҳам ободонлаштиришга муҳтож. Бозор ва мозор орасидаги йўл(агар йўл деб бўлса) жуда тор, айниқса, сешанба ва шанба кунлари катта тирбандлик юзага келади.

Кўпчилик пир қабрига келиб, ис чиқариб, зиёрат қилади. Бозор ичидаги мозорни обод масканга айланишида умид қиляпмиз , дейди Чўлпоной ая.

Manba: darakchi. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!