Босма нашрларнинг иқтисодий аҳволи қачон яхшиланади?

Босма нашрларнинг иқтисодий аҳволи қачон яхшиланади?

– Бугун ҳудудий босма нашрлар фаолиятида ижобий ўзгариш кузатилаётган бўлса-да, кўп таҳририятлар иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда қолган, – дейди Андижон вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. – Қатор газеталарнинг адади жуда кам, саҳифаларида ўқувчини жалб қиладиган таҳлилий-танқидий материаллар кам. Шу боис ҳам айни пайтда таҳририятлар фаолиятини сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш долзарб масалалардан биридир.

Дарҳақиқат, айни кунда аксарият босма нашрлар қийин иқтисодий ҳолатни бошидан ўтказмоқда. Газета қоғози, босмахона харажатлари тобора ортиб бормоқда. Таҳририятларда малакали кадрлар етишмайди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори асосида таҳририятларга солиқ тўловлари бўйича берилган қатор имтиёзлар муддати келгуси йил 1 январдан тугайди. Бу албатта, таҳририятлар иқтисодий ҳолатини янада қийинлаштиради.

Хўш, мана шундай мураккаб шароитда нима қилиш керак? Газеталар адади қачон кўпаяди? деган саволлар соҳа вакилларини ўйлантириши табиий. Шу ўринда таъкидлаш керакки, қачонки газеталар саҳифаларида ҳудудлардаги долзарб, фуқароларни қизиқтирадиган мавзулар очиқ ойдин ёритилса, мавжуд муаммолар юзасидан таҳлилий-танқидий материаллар мунтазам бериб борилса, қолаверса, таҳририятда обунани ташкил этиш, газетхонлар аудиториясини кенгайтириш бўйича маркетинг ишлари тўғри йўлга қўйилсагина газеталарнинг адади ортади, бу эса ўз-ўзидан таҳририятларнинг иқтисодий жиҳатдан бақувват ва мустақил бўлишини таъминлайди.

Андижонда ўтказилган “Ҳудудий босма нашрларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусидаги семинар-тренингда шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Андижон вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда босма нашрлар муҳаррирлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Семинарда ҳудудий оммавий ахборот воситалари иқтисодий ҳолатини яхшилаш, таҳририятлар фаолиятида маркетинг ишларини йўлга қўйиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, обуна, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистларнинг роли ва мазкур жараёнда касбий этика тамойилларига амал қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди. Таҳририятлар фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш, газеталарни мазмунан бойитиш, савияси ва ўқимишлигини ошириш, журналистларнинг касбий малакасини юксалтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

“Ҳудудий босма нашрларнинг бугунги иқтисодий ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишидаги ишларни ташкил этиш”, “Ҳудудий нашрларда ахборотларни тайёрлаш – контент масаласи”, “Журналист текширувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари” каби мавзуларда мутахассисларнинг маърузалар тингланди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!