Бош вазир кам таъминланган оилаларга ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун қанча пул ажратилишини айтди

Бош вазир кам таъминланган оилаларга ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун қанча пул ажратилишини айтди

Айни пайтда O‘zLiDeP сиёсий кенгашининг мажлиси ўтказилмоқда.

Унда Бош вазир лавозимига Аблулла Арипов номзоди илгари сурилди. Арипов истиқболдаги режалар хусусида нутқ сўзлади. Аҳолини иш ва уй-жой билан таъминлаш бўйича келгусида амалга оширилиш кутилаётган ишларга тўхталди.

“Жорий йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш давлат дастури доирасида 382 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Норасмий бўлган иш ўринларининг 500 мингтаси легаллаштирилиши таъминланади. Жорий ва келгуси йилларда иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини инфлация даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Уй-жой қурилишини ривожлантириш, уй-жойга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, манзилли ва шаффофликни кучайтириш, аҳоли пунктларини ва урбанизация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида янги тартиб жорий этилади. Янги тартиб асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар шаҳарлари ва Тошкент шаҳрида 13 минг 750 та, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг қишлоқ жойларида 4 мингта уй-жойлар қурилади. Уларни сотиб олиш учун 10 минг 800 нафар кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилага ипотека кредити бўйича дастлабки бадал фоизларининг бир қисмини қоплаш мақсадида республика бюджетидан 351 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилади”.

Шунингдек, Ариповнинг таъкидлашича, уй-жой қурилишида ғиштдан воз кечилади.

“Қурилиш материалларидан кенг фойдаланган ҳолда баланд ва кўп қаватли уйлар қурилиши йўлга қўйилади. Қишлоқ массивларида 5-7 қаватли, шаҳарларда эса 12-16-18 қаватли ҳатто, 30 қаватли бўлган уйлар қурилади. Қурилишда ғиштдан фойдаланишда босқичма-босқич воз кечамиз. Жорий йилда шаҳарларда қуриладиган 81 та кўп қаватли уйларнинг қарийб ярмини монолетли ва панелли уйлар ташкил этади. Бундан ташқари, уй-жой қурилишнинг амалдаги мақсадли дастурлари доирасида 2020 йилда барча ҳудудларда, шаҳар жойларда 4 минг 256 та, қишлоқ жойларда 8 мингта арзон-уй-жойлар қурилади. Бунда келгуси йилдан бошлаб меҳнат мигрантлари учун 2 минг 131 та, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун 950 та, алоҳида намуна кўрсатган ёш оилалар учун 505 та, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун 6 минг 798 уй-жойлар таъминланади”, — деди Арипов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!