Бош прокурор 2 йилда қанча ректор, проректор ва декан жиноий жавобгарликка тортилганини айтди

Бош прокурор 2 йилда қанча ректор, проректор ва декан жиноий жавобгарликка тортилганини айтди

Бугун, 18 январь куни Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда унда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувахитов, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари У.Исмаилов, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов қатнашди.

Шунингдек, йиғилишда комиссия аъзолари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари, Бош прокуратура масъул ходимлари иштирок этишди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда сўнгги икки йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидан неча нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилгани таъкидланди.

Бош прокурорга кўра, кейинги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келади.

Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан 3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади. Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган.

Алоҳида таъкидландики, талабалик сафига қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш зарур. Зеро, содир этилган жиноятларнинг аксарият «ўқишга киритиш» билан боғлиқ қилмишлардир. Айни важ билан 115 нафар, жумладан, 58 нафар олий ва 57 нафар ўрта махсус таълим ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

Маълумот ўрнида, соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Агар соҳага 2018 йилда 879 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 трлн. 288 млрд. сўмни, жорий йилда 1 трлн. 888 млрд. сўмни ташкил этган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!