Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсуповнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсуповнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсупов саломатлиги ҳолати шифокорлар томонидан текширилиб, уни қамоқда сақланишига тўсқинлик қилувчи аломатлар аниқланмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Дарё ёзмоқда.

Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни Жиноят кодексининг 168-моддасида кўзда тутилган фирибгарлик фактлари аниқланганлиги юзасидан қўлга олинган эди. Маълумотларга кўра, Юсупов ўзини махсус хизматлар ходими сифатида таништириб, айрим фуқаролардан 65 минг, 28 минг ва 15 минг доллар пулни фирибгарлик йўли билан олган.

У қўлга олингандан сўнг, Юсуповнинг рафиқаси бир қатор ОАВларга интервью бериб, эрининг оғир касаллиги борлигини, шу туфайли тиббий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати бу хабарларга муносабат билдирди.

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг оёқларида қон томирлари билан боғлиқ касаллиги бор, бу ҳолат назорат остида, оиласи томонидан унга зарур дори-дармон келтирилишига ҳеч бир тўсқинлик қилинмаяпти.

Аксинча, зарурати бўлса, шифокорлар томонидан тергов давомида барча зарурий муолажа ва дорилар тақдим этилади. Бугунги кунда Саид-Абдулазиз Юсуповнинг соғлиғи яхши.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов ОАВлардаги бир қатор мақолалари ва видео чиқишлари билан танилган эди. Хусусан, унинг учта ФФФ назарияси ҳақидаги чиқиши айниқса шов-шувларга сабаб бўлганди. Қўлга олинганидан сўнг, унинг 2018 йил сентябрида ёзиб олинган Ўзбекистон Президентига видеомурожаати эълон қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!