Божхоначилар йирик миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситасининг контрабандасига чек қўйишди

Божхоначилар йирик миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситасининг контрабандасига чек қўйишди

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва турли найрангларни қўллаган ҳолда юртимизга яширинча олиб киришга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли равишда кураш олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ожхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларининг йирик миқдордаги ноқонуний айланмасига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар бермоқда.

Гап шундаки, Нидерландиядан Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро Д.Н. номига келган почта жўнатмаси божхона ходимлари эътиборини тортди. Мазкур почта жўнатмаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, жўнатмада “ABD-BUTINACA” номли, 498,82 грамм синтетик турдаги гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, мазкур почта жўнатмасига буюртма берган ва унга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Д.Н мазкур почта жўнатмасини қабул қилиб олиш учун келган пайтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди. Фуқаро Д.Н.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида фуқаро Д.Н мазкур гиёҳвандлик воситасини интернет дўкони орқали буюртма берганлиги маълум бўлди. Шу тариқа фуқаро Д.Н. ва бошқаларнинг жиноий қилмишлари фош этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!