Боғчаларда кўмир захираси етарлими?

Боғчаларда кўмир захираси етарлими?

Сирдарё вилоятидаги 175 мактабгача таълим муассасасида 22 минг 900 нафардан ортиқ бола тарбияланмоқда.

Бу боғчаларнинг 139 таси замонавий, 36 таси мослаштирилган биноларда жойлашган. Муассасаларнинг 110 таси табиий газ билан иситилса, қолганлари учун кўмир захирасини яратиш керак.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси маълумотларига кўра, чора-тадбирлар режасига асосан, 47 та боғчада 1 минг 410 метр квадрат синган ва яроқсиз ойна алмаштирилган. 26 тасида баъзи ўринлардаги яроқсиз эшик-дераза алмаштирилиб, яроқлилари таъмирланган. 23 МТМнинг 2 минг 645 метр квадрат томидаги носоз шиферлар, 2 МТМда 4 дона иситиш қозони алмаштирилган.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги муассасалар учун жорий куз-қиш мавсумига 720 тонна ёқилғи зарур бўлади. Жумладан, 190 тонна кўмир ва 530 тонна кўмир брикети ажратиш белгиланган. Бу режа жорий йилнинг 20 октябрига қадар амалда 529 тонна, яъни 59,5 фоизга бажарилган. Вилоятдаги МТМлар учун яна 291 тонна кўмир маҳсулоти ёқилғиси жамғарилиши талаб этилади. Бу бўйича ишлар ҳам яқин кунларда тўлиқ амалга оширилади.

Шунингдек, қиш мавсумига мактабгача таълим муассасалари учун 380 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – картошка, сабзи, пиёз ва гуруч захираси яратилиши лозим. Бошқарма мутахассисларининг таъкидлашича, ҳали бу масъулиятли юмуш учун вилоят молия бошқармасидан зарур маблағ ажратилмаган.

Қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини билиш мақсадида Мирзаобод туманида бўлдик. Туманда фаолият олиб бораётган 16 мактабгача таълим муассасасида 154 нафар тарбиячи-педагог меҳнат қилмоқда.

Ҳудудда 3-7 ёшгача болалар сони 6 минг 145 нафар бўлиб, ҳозирги кунда мактабгача таълим муассасаларига 1 минг 425 нафари қамраб олинган. Бу вилоят кўрсаткичидан ҳам паст бўлиб, ўртача 23 фоизни ташкил этади. Тумандаги 3 та МТМда қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли 215 нафар тарбияланувчи вақтинча уйда тарбияланмоқда.

Тумандаги МТМларнинг 8 таси кўмир ёқилғиси билан, 8 таси эса табиий газ ёрдамида иситилади. Кўмир ёқилғиси билан иситиладиган МТМларда кўмирга бўлган талаб 68 тонна. 2018 йил 20 октябрь ҳолатига кўра, куз-қиш мавсумига бор-йўғи 14 тонна кўмир ёқилғиси келтирилган, холос.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида зарур қурилиш ва иситиш материалларига 129 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, туман молия бўлими томонидан бор-йўғи 22 миллион сўм маблағ ажратилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бугунги кунгача туман мактабгача таълим бўлимининг махсус таъмирлаш-эксплуатация техник хизмат кўрсатиш хизмати ходимлари томонидан тумандаги 9 МТМнинг 129,45 метр квадрат синган ва яроқсиз дераза ойналари алмаштирилган.

– Қишга тайёргарлик борасида камчиликлар мавжудлигини тан олиш лозим, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Э.Ўролов. – Мактабгача таълим бўлими томонидан барча МТМларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилиши юзасидан мониторинг олиб борилиб, жойлардаги хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Қисқа фурсатда мавсумга тайёргарлик ишларини якунлаймиз.

Мирзаобод туманидаги ҳолат ва бошқа рақамларга қараб вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида қиш мавсумига тайёргарлик ишларини мукаммал деб бўлмайди. Ҳали қиш мавсумига ўтишга кам бўлса ҳам вақт борлигини инобатга олиб, мутасаддилар тайёргарлик ишларини жадаллаштириш лозимлигини ёдга соламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!