Бобо ва Бувилар кунини биласизми?

Бобо ва Бувилар кунини биласизми?

Ёши улуғ кишиларни эъзозлаш умуминсоний қадрият ҳисобланади. Ҳар йили 21 январь куни Польшада Бувилар байрами ўтказилади. Шу сана муносабати билан бувиларга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилади.

Анъанасига кўра, ҳар бир невара бувисига гул, бирор-бир совға ва албатта, кичик бўлса-да ширинлик олиб боради. Биргаликда кино, театрга тушишади, шаҳар кезиб, саёҳатбоп манзилларга йўл олишади. Кекса онахонлар бу куннинг мавжудлигидан жуда миннатдор, сабаби неча ҳафта, ойлаб кўролмаган невара ва қадрдонларини кўришга муяссар бўлишади.

Кетма-кетликни  қаранг, бир кундан кейин Бувалар байрами нишонланади. Польшалик ёшлар 22 январь куни асосий вақтини буваларига бағишлайди. Албатта, бувилари каби буваларга ҳам гул, совға ва ширинлик туҳфа этилади. Кун давомида кексалар билан ёшлар биргаликда сайр қилишади, тўкин дастурхон атрофида суҳбат давом этади, ширин хотиралар ёдга олинади.

Бувилар ва бувалар байрами нафақат Польшада, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам нишонланади. Жумладан, Аргентинада ҳар йили 15 август санасида буви ва бувалар байрами бўлиб ўтади. Канадада эса бундай байрам 12 сентябрда ўтказилади.

Шу ўринда савол туғилади: юртимизда нега бобо-бувилар куни нишонланмайди? Назаримизда, бизда бу байрамга зарурат йўқ. Негаки, менталитетимиз, қон-қонимизга сингиб кетган қадриятларимизга мувофиқ кексаларни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Шундай экан, бобо-бувилар бир йилда бир маротаба невараларининг йиғилишиб келишини кутиши  умуман тасаввурга сиғмайди. Чунки бундай амаллар бизда доимий анъанага айланган қадриятдир!

Иродабону ЖАББОРОВА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!