БМТ: Инсоният озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисмини ташлаб юбормоқда

БМТ: Инсоният озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисмини ташлаб юбормоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури (UNEP) тақдим этган янги ҳисоботда дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқитга чиқиб кетиши маълум қилинди. Бу ҳақда UNEP веб-сайтига асосланиб Tengrinews хабар берди.

Мазкур глобал ҳисоботга кўра, ҳар йили 900 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат ташлаб юборилади. UNEP Озиқ-овқат чиқиндилари индексига кўра, дўконлар, уйлар ва ресторанларда истеъмолчиларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг 17 фоизи тўғридан-тўғри чиқинди қутисига бориб тушади.

Озиқ-овқатнинг маълум миқдори пештахтагача етиб бормайди: у даланинг ўзида чириб қолади ёки ташиш пайтида яроқсиз ҳолга келади. Аниқланишича, инсоният барча озиқ-овқатларнинг учдан бир қисмини ташлаб юборади.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистон, шунингдек, Қирғизистон ҳам минтақадаги энг исрофгар давлатлар ҳисобланади. Уларда ҳар бир аҳоли йилига 91 килограмм озиқ-овқатни чиқитга ташлайди. Қозоғистонда эса ҳар бир фуқаро йилига 76 килограмм маҳсулотни ташлаб юборади. UNEP томонидан бошқа минтақа таснифига киритилган Россияда бу кўрсаткич анча паст — киши бошига йилига 33 килограмм.

Умуман олганда, тадқиқотга кўра, сайёра аҳолиси сотиб олинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 11 фоизини, ресторанлар 5 фоизини, савдо тармоқлари эса 2 фоизини ташлаб юборади.

Ҳисобот муаллифлари муаммони ҳар томонлама таҳлил қилди ва озиқ-овқат исрофини ҳисоблаш билан боғлиқ тавсиялар ишлаб чиқди. UNEP ташкилотга аъзо давлатлар учун маълумот йиғиш ва қайта ишлаш жараёнини такомиллаштириш бўйича бир қатор семинарлар ўтказишни режалаштирмоқда.

«Агар биз ҳақиқатан ҳам иқлим ўзгариши билан курашишни, биологик хилма-хилликни сақлаб қолишни ва ҳавонинг ифлосланишини бартараф этишни истасак, хусусий сектор, ҳукуматлар ва оддий фуқаролар озиқ-овқат исрофини камайтиришда иштирок этиши керак», — деди UNEP ижрочи директори Ингер Андерсен.

Аввалги тадқиқотларда кўрсатилишича, дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кишиларнинг даромадига қараганда тезроқ ўсиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Disasters Emergency Committee (DEC) 14 та хайрия ташкилоти гуруҳи пандемия сабабли бир нечта мамлакатда очарчилик хавфи ҳақида огоҳлантирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!