Блогер нотўғри муолажа оқибатида коронавирус пневмониясининг оғир шаклини ўтказгани ҳақида гапириб берди

Блогер нотўғри муолажа оқибатида коронавирус пневмониясининг оғир шаклини ўтказгани ҳақида гапириб берди

Блогер, @yuguryugur ва @na_begu телеграм-канали муаллифи Малик Каримов нотўғри муолажа оқибатида коронавирус пневмониясининг оғир шаклини ўтказгани ҳақида гапириб берди.

"Дўстлар, ҳаётимнинг сўнгги икки ҳафтаси мушкул дард билан курашда кечди. Мен бу ҳақида батафсил тавсифли, катта бир пост ёзишни ҳам бошлагандим, лекин кўпчиликни огоҳлантириш, ҳаётларни сақлаб қолиш мумкинлиги сабабли бошимдан ўтказганларимни оралиқ постда ёзишга қарор қилдим. Чунки ҳар дақиқа, инсонлар умри ғанимат!

Дастлабки босқичда ўпка зарарланишининг 20%гача етганини билганимизда, илк кунларданоқ юртимизнинг етакчи пульмонологлари тавсияларига кўра муолажани бошладик.

Омадим кулган экан, аёлим ва иккинчи онам — врач, шу сабабли биз энг мушкул чақириқларга ҳам тайёр эдик. Менинг жисмоний ҳолатим — триатлон ва югуриш билан мунтазам шуғулланишим касалликни енгил шаклда ўтказишга ёрдам беришига чиндан амин эдим.

Аммо, кейин аниқ бўлишича, кўплаб врач ва мутахассислар касаллик ривожланиш механизмини ҳисобга олмай, коронавирусни нотўғри даволашга уринишар экан. Соғлиқни сақлаш вазирлигида бор маълумотларга қарамасдан, коронавирус пневмониясини даволаш ўрнига, улар бактериал пневмонияни даволашар экан! Менинг муолажам капельница ва кўп миқдордаги антибиотиклардан иборат эди. Ва бундай даволаш усули мени яна ҳам боши берк кўча томонга етаклай бошлади — бундай муолажанинг 5-кунига келиб, ўпка шишиши ва зарарланиши 70%га етди!!!

Фақатгина, капельница ва антибиотикларни бекор қилган Иммунология институтининг етакчи иммунолог мутахассиси жараёнга фавқулодда қўшилиши ва тузатишлари шарофати билан менинг ҳолатим бир маромга келди. Доимий қон анализларига (СРБ, Д-димер, ЛДГ, интерлейкин, ОАК, ферритин) асосланиб, касаллик кечишини ўзгартириш ва даволанишга муваффақ бўлдик. Ҳозир ҳолатим анча яхши.

Энг муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман — коронавирус пневмониясини даволаш оддий пневмонияни даволашдан тубдан фарқ қилади, капельница қўйманг! Антибиотиклар эса фақат йўриқнома билан қабул қилиниши керак!

Менга ёрдам берган врач ва унинг ҳамкасблари Азиза Шабатовна Хўжаева, Дилдора Секлер, Абдусалом Абдураҳмонов - бу инсонлар ўзларининг илмий мустаҳкамланган малакаси билан ҳозир мисли кўрилмаган ишларни бажармоқдалар. Улар нафақат врач ва ҳамкасбларининг билимини ошириш билан, балки коронавирусни тўғри даволаш бўйича юртдошларимизга ҳам зиё улашмоқдалар.

Мен уларнинг @tezyordamlive каналига обуна бўлишингиз ва теледастурларини ўтказиб юбормаслигингизни қаттиқ тавсия қиламан. Айни вақтда бу коронавирус ҳамда уни тўғри муолажа қилиш ҳақидаги энг маъқул илмий ва тушунарли манбадир. Мана, масалан, бу видеода (https://t.me/tezyordamlive/225) Абдусалом ака нега капельница қўймаслик кераклигини содда тилда тушунтириб беряптилар, томоша қилинг!

Барча шифокорлар ва лойиҳа муаллифларига таъзим, уларга миннатдорчилигимни билдираман.

Касал бўлманг ва яқинларингизни асранг!"

Малик Каримов,
@yuguryugur ва @na_begu телеграм-канали муаллифи


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!