Блогер минбари: Самарқанддаги боғчада газ баллони портлаганини туман ҳокими эшитдими?

Блогер минбари: Самарқанддаги боғчада газ баллони портлаганини туман ҳокими эшитдими?

Жорий йилнинг 13 июн куни тахминан соат 12:30 ларда Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Андижони маҳалласида жойлашган 30-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасида маиший газ баллони портлаган ва ёнғин вужудга келган. Ёнғинни бартараф этиш учун камида тўртта ўт ўчириш автомобиллари жалб қилинган.

Орадан мана икки кун ўтган бўлса-да туман ҳокими Шуҳрат Джамолов на воқеа жойига шахсан борган ва на ҳолат юзасидан туман ишчи гуруҳини тузган.

Газ портлаганидан кейинги куни боғча штат режимда фаолият кўрсата бошлаган. Ошхонаси куйиб кул бўлган боғчадаги болаларга қандай қилиб овқат тайёрлаб берилаётгани номаълум. Боғча мудираси ёнғин ҳолатини яшириш мақсадида тезлик билан ўз ҳисобидан муассаса ошхонасини таъмирламоқда, ҳаттоки, акфа ромлари ўрнатилган. Ёнғин бўйича Мактабгача таълим вазирлиги ҳам хабардор этилмаган.

Боғча яқинидаги бир нечта одамларнинг портлаш овозини эшитиб, «101» қисқа рақамига айнан «портлаш бўлганлиги» юзасидан мурожаат этганига қарамасдан ўт ўчирувчиларнинг ёнғин далолатномасида «портлаш ҳолати» рўйхатга олинмаган. Туман ўт ўчириш бўлими ҳам, вилоят ўт ўчириш бошқармаси раҳбарияти ҳам ҳолат юзасидан «кўчадан келган» одамларга маълумот бермаслигини билдирди.

Қўшни қишлоқлардаги катталарни чўчитган бу портлаш воқеа ёнида бўлган 200дан ортиқ ёш болаларга қандай таъсир этганлиги номаълум.

Портлаш ҳолати яширилганлиги натижасида ёш болаларга тиббий ёки психологик ёрдам кўрсатилмаган. Воқеа кундуз куни жамоат жойида бўлганлиги сабабли жабрланганлар ҳам бўлиши мумкин.

Самарқанд тумани Андижони маҳалласидаги газ портлаши ва ёнғин натижасида 200дан ортиқ вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари бузилиб келинаётганлиги бўйича Бош прокуратура ва Мактабгача таълим вазирлигининг эътибор каратишларини сўраймиз.

Самарқанд тумани ҳокими Шуҳрат Джамолов ва Самарқанд вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти ҳаракатларига ҳам қонуний баҳо берилишига умид билдирамиз.

Manba: sof.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!