“Бизни орзулар оҳангида алдаётганлар...” ёки замонавий судхўрлик феномени

“Бизни орзулар оҳангида алдаётганлар...” ёки замонавий судхўрлик феномени

Ахборот тасмаларидан бирида шу сатрларга кўзим тушди: “Ўзбекистондаги хусусий бандлик агентликларининг 30 таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаган”. Бу ҳақда 2019 йил 25 октябрь куни парламент Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистонда миграция жараёнлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтилди.

Чет элда ишлаш айб эмас...

Маълумки, миграция ҳозирги глобал дунёда бугун муқаррар жараён­дир. Инсоннинг яхши яшаш учун яхши шароитда ишлаш ва яхши маош олиш ҳуқуқи бутун дунёда эътироф этилган халқаро ҳуқуқдир. Бизнинг одамларимиз каттароқ маошли иш илинжида Россия ва Қозоғистонга кетаётган бир пайтда Россия, Украина ва Қозоғистон фуқаролари Шарқий Европага — Польша, Венгрия, Шарқий Олмонияга ишлашга кетганлар, чунки Россиянинг бизга катта туюлган маоши россиялик­ларнинг ўзи учун камдир. Шарқий Европаликлар — поляклар, венгерлар, болгарлар миллионлаб Ғарбий Европага — Франция, Анг­лия, Швеция ва бошқа юртларга кетганлар ва уларнинг бўшаб қолган ўринларига бизникилар бориб ишлашмоқда. Юз минглаб ўзбеклар ишлаётган Туркиядан миллионлаб турклар Олмонияга бориб ишлайдилар. Катта маош илинжи миллионларни АҚШга етаклаган.

Дунё харитасида ишчи кучи етказиш аҳолининг асосий даромад манбаи бўлган бизники каби давлатлар ҳам кўп.

Дейлик, Филиппин Республикаси иқтисоди ишчи кучи импортига мослашган. Унинг аҳолиси йилига бир ярим миллиондан зиёдга кўпаяди. 2017 йилнинг ўзида 1 630 066 инсон дунёга келган. Мамлакатнинг 10 миллион фуқароси доимий ташқи меҳнат миграциясидадир. Меҳнат муҳожирларининг 60%дан зиёди аёллардир. Дунёдаги балиқчилик ва денгиз юк ташуви соҳасининг умумий сонидан 30% қисми филиппинликлардир. Мамлакат хориж давлатлари билан ишчи кучи жўнатиш бўйича 60 битимга, жумладан, 50 ҳукуматлараро битимга эгадир. Чет элда ишлайдиганлар махсус тайёргарликдан ўтади, хорижда улар ҳуқуқий ҳимоя қилинади, бу соҳада давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Соҳада тўртта агентлик фаолият юритади. Одамларни чет элга ишга тайёрлаш, ўқитиш, шартномалар тузиш ва юбориш, чет элларда қийинчиликларга учраганда кўмаклашиш соҳасида ўн минг ходим ишлайди. Дунёдаги 135 элчихонасида меҳнат атташелари ишлайди. Филиппинлик мардикорларнинг дунё давлатларидан ватанига жўнатадиган йиллик маблағлари 33 миллион аҳолиси бор Ўзбекистоннинг давлат бюджетидан кўпдир.

Шундай қилиб, давлатнинг мақ­сади чет элда ишлашга қар­шилик қилиш эмас, асл мақсад одамларни чет элга жўнатиш учун ўқитиш, фаррошлик ва қоро­вулликка эмас, катта маошли жиддий малакаталаб, юксак технологияли касбларни ўргатиш ва мигрантлар оқимини қашшоқ давлатларга эмас, ривожланган давлатларга йўналтиришдир. Шунинг учун хусусий бандлик агентларига ҳам шу юмушлар билан шуғулланишга рухсат берилди.

Ишончни оқламаган хусусий агентликлар

Маълумотларга кўра, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун асосида 88 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлиги реестрида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 59 таси ўз фаолиятини юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида хусусий бандлик агентликлари томонидан бор-йўғи 1655 нафар фуқаро чет элда ишга жойлаштирилган.

Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ва бошқа масъул ҳуқуқ-тартибот идораларига айрим хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан кўплаб шикоятлар келиб тушган. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентлик­ларидан 30 таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаган.

Бунгача йиллар давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳукуматлараро ва ташкилотлараро битимлар асосида асосан Кореяга, шу билан бирга, охирги пайтларда Туркия, ­Польша, Япония ва бошқа айрим Европа ва араб давлатларига ҳам меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни жўнатишга ҳаракат қилаётганди ва уларнинг сони йилига тўрт мингга ҳам бормасди. Омади чопганлар, имтиҳон ва синовлардан ўтганлар давлат томонидан чет элга кетардилар, қолганлар эса ўзларини таҳликага солиб бўлса-да, Россия, Қозоғистон ва Туркияга йўл олардилар (чунки бу ўлкалар билан виза йўқ ёки виза олиш учун енгилликлар бор).

Ҳолбуки, юртда хорижда ишлашни истайдиганлар сони саккиз миллионгача эди. Ўша “омадли” тўрт мингнинг ичида бўлиш учун ҳатто “пора” беришга ҳам тайёр инсонлар миллионлабдир. Илгари ҳам турли фирибгарлар чет элга ишга юбориш ваъдаси билан одамларнинг пулларини олиб, йиллар бўйи қайтармай юрардилар. Қўлга тушганлари гоҳо судланарди ва чиқиб яна ишини давом эттирар эди.

Шу аҳволда хусусий бандлик агентликлари очиш имконияти пайдо бўлди. Аммо... ростакамига ишламоқчи бўлганлар билан бирга, фирибгарлар ҳам шу соҳага ёпирилдилар. Чунки улар кўпдан орзу қилган йўл — фирибгарликнинг миқёсини бир неча поғона юқорига кўтариш имкони очилганди.

Улар дунёнинг исталган давлатига ишлашга юбора олишларини эълон қила бошладилар. Аммо “истаган давлатга ишга юборадиган” агентлик аслида йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳатто давлатнинг қонуний Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам тўртта ё бешта давлат билан ҳукуматлараро ва идоралараро шартномага эга ва фақат шу давлатларга ташкилий тарзда юбора олади. Агентликнинг хусусий шартнома бўлими эса фуқаронинг ўзи иш топган давлатга бориб ишлаш учун рухсатнома расмийлаштиради, холос.

Масалан, хусусий бандлик агентликларига алданган фуқароларнинг каттагина қисми “Жанубий Кореяга ишлаш учун кетаман, деб” фирибгар агентликларга чув тушганлар. Ҳолбуки, Жанубий Кореяга ишлаш учун Кореянинг бандликка кўмаклашиш тизимидан ташқари ҳеч ким ҳеч бир кимсани ишлашга юбора олмайди. Бу муқаррар қонундир. Жанубий Корея дунёдаги фақат ўн икки давлатдан ишчи олади ва Ўзбекистон шу ўн икки давлатдан биридир. Аммо хусусий агентликлар орқали эмас, фақат давлат ва ҳукумат ташкилоти орқали ишчи олади. Қолаверса, Кореяга бориб ишлаш учун имтиҳонлар харажатларига тўланадиган бир неча ўн долларлик пул ва мослашиш марказида ўқитиш ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш учун Ўзбекистон томони агентлигига тўланадиган бир неча минимал маошдан иборат тўловдан бошқа бир тийин харажати йўқ. Буларнинг бари биргаликда 250-350 доллардан ошмайдиган маблағдир.

Буларнинг бари аён бўлган бир ҳолатда хусусий бандлик агентлик­лари ваколатлари бўлмаган ҳолда Кореяга ишга жўнатишни кафолатлаб, одамларни жалб этганлар ва ҳатто улардан 2000-5000 АҚШ доллари эквивалентида олдиндан маблағ олганлар. Худди “сохта табиб­лар” каби теваракда “кечагина укамни шу ердан жўнатдим”, “икки ўғлим шу фирмадан кетди, учинчисини юборяпман” деб турадиган “даъватчи”лар юрган. Ҳатто фирмаларнинг бири кореялик тайини йўқ бир кимсани фирмасига ўтқазиб қўйган ва келган “талабгор”ларни гўё унинг суҳ­ба­тидан ўтказган. Одамлар агентликда “тирик корея­лик”ни кўриб лаққа тушганлар.

МОЛИЯВИЙ ПИРАМИДАНИНГ ЯНГИ КЎРИНИШИ

Хабарлар тасмаларига эътибор берайлик. “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахс­ларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти хабарига кўра, “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахслари 2018 йил ­ноябрь ойидан 2019 йил сентябрига қадар Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароларини Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литва давлатларига юбориб, ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган иш туридан келиб чиқиб, 11.500.000 сўмдан 35.000.000 сўмгача бўлган пул маблағларини жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиш орқали қўлга киритиб, шу кунга қадар уларни ишга жойлаштириш чораларини кўрмасдан, фуқароларнинг 20 миллиард сўмдан зиёдроқ пулларини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олишган”.

Хўш, чет элга ҳеч кимни жўнат­маган бўлса, пуллар қаерда?

МЧЖ мансабдор шахслари томонидан жиноий йўл билан топилган пулларга ҳарид қилинган Тошкент шаҳрида жойлашган 4 та ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1 та хонадонлар, бир дона “KIA” русумли юкмашинаси, бир дона “LACETTI- GENTRA” русумли ва бир дона “COBALT” русумли автомашиналар ҳамда 6.000 АҚШ доллар миқдоридаги пуллар олиниб, ашёвий далил деб эътироф этилган ва улар келгусида жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашга қаратилади”. Бу, албатта, маблағнинг бир қисми, холос. Бу ишни текширишга 60 нафар терговчи жалб этилган.

Яна бир хабар. “Таҳририятга Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Хуршид Д. Чилонзор туманида жойлашган “Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi” МЧЖ раҳбарларидан шикоят қилиб келди... Фуқаронинг ҳикоя қилишича, у жорий йилнинг февралида ўз танишлари ҳамроҳлигида мазкур хусусий агентликка борган ва уларни кутиб олган ташкилот ходимига Жанубий Кореяга ишга кетиш нияти борлигини айтган. Фирма вакиллари билан суҳбатлашгач, февраль ойи сўнгида агентлик ва фуқаро ўртасида шартнома тузилган, унга кўра Хуршид Д. банк орқали 27 миллион сўм тўлов қилган. Март ойида KOICA (Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги) иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида бир ҳафталик машғулотларда қатнашади. Шундан сўнг, ташкилот директори унга март ойи охирида Кореяга ишга кетишини айтади. Лекин октябрь ойига келиб ҳам фуқарога на иш топилган ва на унинг маблағи қайтарилган. Хуршид Д. Ўзбекистонда ўзи сингари ушбу агентлик раҳбарлари ваъдаларига ишониб юрганлар  сони мингга яқин эканини билдирди. Шартномадаги тўловдан ташқари “шапка” ҳам берилган.. Мени март охирида Кореяга юбормоқчи бўлишди. Аммо бирор амалий иш бўлмаганидан кейин кўпчилик қатори тезроқ юборишлари учун нақд кўринишда 1 минг 700 АҚШ доллари миқдорида “шапка” бердим. Бироқ, шунда ҳам олдинга силжиш кузатилмади. Май ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига қўнғироқ қилиб, бор ҳолатни айтдим. Мен билан гаплашган ходим хусусий бандлик агентликлари Кореяга ишга юбориш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди... Саккиз ойдан бери на ишга юборишдан, на пулни қайтаришдан дарак бор”. 

Маълумки, 2019 йил 4 январда ташкил этилган “Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан ИИВ Тергов департаменти томонидан 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, яъни “алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш” йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Аниқланишича, фуқаро Қаҳрамон О. ва бошқалар “Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi” МЧЖни таъсис этиб, хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ниқоби остида чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларга ёлғон ваъдалар бериб, жамиятга мурожаат қилган 645 нафардан зиёд фуқароларнинг ҳар биридан 27 миллион сўмдан 32 миллион сўмгача бўлган пул маблағларини жамият балансига кирим қилиш йўли билан жами 19 миллиард сўмдан ортиқ пулни қўлга киритган ва ушбу маблағларни шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборишган.

Тафсилотнинг қизиқ ери шундаки, бу агентлик мансабдор шахслари муқаддам ЖК 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти билан судланиб чиққан шахслардир! Бугунги кунга қадар 19 миллиард сўмдан 200 миллион сўм маблағ қолган, қолгани қай мақсадларда ишлатилганини аниқлаш керак. Маълум бўлишича, 1,7 млрд. сўм пулни ўзи раҳбар ҳисобланган “FAYOZ” МЧЖ балансига молиявий ёрдам кўринишида ўтказиб, 1,5 млрд. сўмини ДТ “Халқ банки”дан олинган кредитни қоплаш учун ўтказиб юборган, 5,5 млрд. сўм “Vega Best” МЧЖнинг ҳисоб-рақамига ўтказилиб, Оққўрғон туманида жойлашган “Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш” заводи сотиб олинган, 870 млн. сўм пулга 3 дона “MALIBU-2” машинаси харид қилинган, 486 млн. сўм ва 600 млн. сўм пул О.Қобиловнинг пластик картасига, 159 млн. сўм пул “Заводни таъмирлаган усталар учун”, 280 млн. сўм пул Машуров Фарҳод учун, 60 млн. сўм пул М.Алиқуловга моддий ёрдам тариқасида, 50 млн. сўм пул жамият ҳуқуқшуноси А.Хасановга моддий ёрдам тариқасида, 433 млн. сўм пул жамиятнинг ташқи меҳнат миграция­си бўйича мутахассиси бўлиб ишлаган У.Халмоновга, 93 млн. сўм пул жамият таъсисчиси Х.Турдиевнинг ҳисоб-рақамига ўтказилиб, сарфлаб юборилган, 2,1 млрд. сўм “Fayoz” МЧЖ ҳисоб-рақамига, 275,8 млн. сўм “GM Ўзбекистон” АЖнинг ҳисоб-рақамига автомашина учун ўтказиб берилган.  Аён бўладики, пуллар инсонларни чет элга жўнатиш учун эмас, шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.

К.Отақулов ва унинг жиноий шериклари Қашқадарё вилоятидан 955 нафар; Самарқанд – 345, Сурхондарё­ - 254; Наманган  - 193, Тошкент – 304 нафар ва бошқа вилоятлар фуқароларини чув туширган. 

СТАТИСТИКА

Бугунги кунда маълумки, 2018 йил 30 ноябрдан ҳозирги кунга қадар 90 та хусусий бандлик агентликлари давлат реестрига киритилган, шундан 66 та ХБАга фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган. Ўтган давр давомида фаолиятини тўғри бошқара олмаганлиги, ўз ташаббуси ёки қонунбузарликларга йўл қўйганликлари учун 8та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган, 3 та ХБА лицензияси вақтинчалик тўхтатилган ва 3 та ХБАга жиноят иши очилган. 

Ҳозирги кунда ХБАлар томонидан, Россияни истисно қилганда, чет элга ишга юборилган фуқаролар сони 871 нафар, холос.  Хусусий бандлик агентликлари томонидан чет элга ишга юборилган ва у ерда турли муаммоларга дуч келган фуқаролар томонидан Ташқи меҳнат миграция агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари номига шикоят ва аризалар келиб тушиш ҳолатлари кузатилади. Шикоят ва аризаларнинг асосий мазмуни – яшаш шароитлари талабга жавоб бермаслиги, белгиланган ойлик маошлари кечиктирилиши ва оғир меҳнат шароитларидан норозилигидан иборат.

НИҲОЯТ...

Шу ерда тўхтайлик-да, бир феномен борасида ўйлайлик – нега бу қадар фирибгарликлар авж олмоқда? Бунинг замирида қандоқ омиллар ётибди? Нега халқимиз тинимсиз чув тушаверади?

Сиз чиройли уй-жойни орзу қиласиз, янги машина минишни хоҳлайсиз, чет элда ишлаб, орзуларингизни рўёбга чиқаришни истайсиз. Ана шу орзуга тезроқ эришиш истагимиздан фирибгарлар фойдаланади. Биз ҳам фарзандимиз бошқа лойиқроқнинг ўрнига ўқишга кириши учун “таниш-билиш” излаймиз, машинани “навбатсиз” олиш учун одам излаймиз, чет элга бошқалардан илгари кетиш учун “шапка” берамиз.

Бизни орзуларимиз оҳангида алдаш давом этмоқда!

Агар янада устомонроқ бўлган­ларида бу фирибгарликда айбланаётганлар янада узоқ “даврон суришлари” мумкин эди. Воқеанинг замири шундаки, улар одамларнинг пулларини айлантириб пул топувчи судхўрлардир. Сиз чет элга тезроқ кетишни орзу қилдингиз ва бунинг учун пулингизни унинг банкдаги ҳисоб рақамига тушириб бердингиз, у ҳеч иш қилмаганда ҳам, шу пулнинг фоизига улкан бойга айлана олади. 20 миллиард сўм банкда ойига 2 фоиз фойда келтирса ҳам, бу тўда ойига 200 миллион сўм фойда олиб туради. Олти ой-бир йилда жонига текканларга пулини бир тийин камайтирмай аслича қайтарса ва янги келганларнинг пулини яна банкка қўйиб турса ҳам бўлади, арзчилар охири кўниб кетади. 

Бироқ бу фирибгарларнинг бу галги интиҳосини нафси яқинлаштирди. Уларнинг бирлари банкнинг фоизига қаноат қилмай, сизнинг пулларингизга завод, уй-жойлар сотиб олди, бошқаси қаторлар энг қиммат машиналар харид қилди, учинчиси энг қиммат меҳмонхоналарда ётиб, қиммат рес­торанларда емак еб, Европани кезди, Канар оролларида дам олди, оиласи билан чет элдан келмай ҳам қўйди... Оқибат ишлари фош бўлмоқда.

ИНТИҲО

Биз мазкур мақола устида ишлаётганда янги бир хабар келди – “хорижга ишга жойлаштирадиган” икки фирманинг соҳиби Иброҳимжон ­Жанузаковга ҳам қидирув эълон қилинди. У 181 кишини Кореяга жўнатаман деб, 6,5 миллиард сўмни қўлга киритган. 

2017 йилдан то 2019 йил августигача Жанузаков Global Works Resources ва Profelite Imp Xususiy Bandlik Agentligi номли икки компанияни таъсис қилган ва юритган. Энг қизиғи, у лицензия ҳам олиб ўтирмаган. Унга миллионларини тутқазган хорижда ишлашга “орзуманд”лар ҳатто унинг ташкилоти ҳужжатини ҳам сўраб ўтирмаган. 

Нима ҳам дейишимиз мумкин?! Бу ходисаларнинг ҳаммасини бирлаштириб турган бир жиҳат бор: бир томонда – орзуманд, қонунни четлаб, бошқа бировнинг манфаатини поймол этиб, ўзи каби жонларнинг ҳаққи ҳисобидан бўлса ҳам, орзусига, имкон қадар тезроқ етиш талвасасига тушган соддадиллар бор ва иккинчи томонда – шу “орзуга етказиш” ваъдаси билан уларни чув туширадиган муттаҳамлар бор. Соддадил орзумандлар қанча бўлса, уларни чув туширадиган шунча муттаҳам чиқаверади. 

Бир прокурор Олий Мажлис минбаридан порахўрликни тугатиш учун “халқ беришни тўхтатиши керак”, деганида ҳамма, шу жумладан, мен ҳам кулгуга олувдик. Аслида унинг гапида жон бор эди. Коррупцияга қарши курашимиз шунга боғлиқ бўлиб қолди. Аниқ бўлдики, агар пастдагилар беришни тўхтатмаса, тепадагилар олишни тўхтатмайди. Ҳуқуқимизни билайлик, ҳаққимизни танийлик.

Акс ҳолда, ўзи дўқ-пўписа қилиб, сўкиб, кейин айбни буни (ёзиб олиб!) эълон­ қилганларга тўнкайдиганлар, биттагина ҳовлиси 12 миллиардга сотувга қўйиладиган муттаҳамлар, катта-ю кичик “Аҳмадбойлар” чи­қаверади, телеўйинда машина ютаман, деб мева шарбати ичиб ёки маргарин еб ётганлар урчийверади. Ва янги-янги фирибгарлар домига тушаверади. Соддалар муттаҳамларни яратади.

Карим БАҲРИЕВ, журналист

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!