Бизга шикоят йўллашди: "ЧЕТ ЭЛЛИК “ТАДБИРКОР” МЕНИ ЧУВ ТУШИРДИ"

Бизга шикоят йўллашди: "ЧЕТ ЭЛЛИК “ТАДБИРКОР” МЕНИ ЧУВ ТУШИРДИ"

Таҳририятимизга Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, Масжиди баланд кўчаси 14-уйда яшовчи Зафар Файзиев томонидан шикоят аризаси келди. Унда қуйидагича баён қилинади:

“Мен 2021 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасигаҳозирда мени қийнаб келаётган бир муаммо юзасидан шикоят қилган эдим. Бош прокуратуранинг Н. Мансуров деган ходими имзо қўйган ҳолда шикоятимни қабул қилиб олиб, ҳозирги кунга қадар жавоб бермаяпти. Шикоятимнинг қисқача мазмуни шундан иборатки, мен Эрон Ислом Республикасининг “SIBAR PJSC” компаниясининг вакили, эрон фуқароси Исса Бахадор билан 2018 йил 6 август куни менга тегишли бўлган “KARIMJON FOOD TRADE” МЧЖ ўртасида қурилиш пудрат ишларини амалга ошириш бўйича 5 миллиард 147 миллион 126 минг 746 сўмлик шартнома имзолаган эдим. Ушбу шартномага асосан менинг МЧЖ им Бухоро вилоятидаги Олот туманини ичимлик суви билан таъминловчи 8 та сув тақсимлаш қурилмасини барпо этишда пудрат ишларининг асосий қисмини бажаришни ўз зиммасига олган эди. Ушбу шартнома асосида иш бошлаб, иш ҳажмларини бажариб турганимизни кўриб, Исса Бахадор бизга нисбатан ишонч ҳосил қилди ва 2018 йил 11-декабрда ишда фойдаланиш учун деб мендан 53 минг АҚШ долларини бирга ишлайдиган А. Р. Негматовнинг гувоҳлигида олди. Исса Бахадор мени алдаганини кейинчалик тушундим ва бир неча марта пулимни қайтаришини сўрадим. Аммо у турли баҳоналар билан пулимни қайтаришдан бўйин товлади. МЧЖ томонидан 4.718.341.095 сўмлик иш ҳажми бажарилди. Бажарилган ишлар бўйича акт-процентовкалар тузилиб, икки томонлама расмийлаштирилди ва 2.926.004.650 сўмлик компания томонидан МЧЖ нинг ҳисоб рақамига пул кўчириш йўли билан тўланди. Қолган 1792336445 сўм пул компания томонидан номаълум сабабларга кўра тўлаб берилмади.

Шунингдек, шартномадан ташқари 1756232718 сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлсада, компания вакили Исса Бахадор бу ишларни қабул қилишдан бош тортди. Мен томонимдан бир неча марта бажарилган ишларнинг ҳақини тўлашни сўраб компанияга қилган мурожаатларим афсуски, фойда бермади. Бундан ташқари, МЧЖ га қарашли омборда ҳамда жами 8 та қурилиш участкаларида сақланаётган 648 518 000 сўмлик қурилиш материаллари эшиклардаги қулфлар бузилиб, менинг рухсатимсиз олиб кетилди.

Компания вакили Исса Бахадор томонидан менга етказилган 53000 АҚШ доллари ва 648518000 сўмлик қурилиш материаллари пулини ҳамда 3 миллиард 240 миллион 427 минг 665 сўмлик бажарилган қурилиш ишларининг пулини ундириб берилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Шунингдек, Бош прокуратура томонидан шикоятимга ўз ваколати доирасида жавоб бермаслик ҳолатини аниқлашда ёрдам беришингизни сўрайман".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!