Бизга 1000 нафар дипломли битирувчи эмас, қишлоқларимизга 100 нафар мутахассис керак

Бизга 1000 нафар дипломли битирувчи эмас, қишлоқларимизга 100 нафар мутахассис керак

Ўтган 5 йил ичида олий таълим муассасаларига қабул квоталари сони 2,5 бараварга оширилди. 

Бу кўрсаткич иқтисодиёт тармоқлари учун етарлими? Квоталарини ошириш орқали чекка ҳудудлардаги мутахассисларга бўлган талабни қанчалик қондира оламиз? Келинг, ушбу саволларга бир туманининг икки қишлоғи мисолида жавоб излашга ҳаракат қиламиз. 

Миришкор туманининг Помуқ ва Чандир қишлоқларида қарийб 40 минг киши истиқомат қилади. Мазкур ҳудудда 2 та шифохона, 10 та мактаб мавжуд. Аммо олий маълумотли мутахассислар тақчиллиги натижасида уларда ишловчиларнинг асосий қисмини ўрта махсус маълумотли мутахассислар ва олис масофалардан вақтинча қатнаб ишлайдиган кадрлар ташкил этади. 

Мазкур ҳолат туфайли Помуқ ва Чандир қишлоғи аҳолиси на сифатли таълимдан на малакали тиббий хизматдан фойдалана олишмаяпти. Афсуски, бу вазият фақатгина шу ҳудудгагина тегишли эмас, исталган чекка ҳудуд аҳолисини шу муаммо қийнаб келмоқда. 
Бунинг ҳалигача ечим топилмаётганининг яна бир сабаби бор.  Сифатли таълим ололмаган чекка ҳудуд аҳолиси олий таълимга кириш жараёнида яхшироқ таълим олган марказларда яшовчи абитуриентларга рақобатда ютказмоқда. 

Тўғри, давлат гранти асосида ўқиётган битирувчиларни чекка ҳудудда 3 йил ишлаб бериш шарти билан жўнатиш таклифи кўтарилди. Менинг шахсий фикримча бу йўл билан ҳозир муаммони бартараф эта олмаймиз. Чунки ушбу тизим таълим муассасаларида тақсимот жараёнларида коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариш мумкин.

Шу билан бирга юқорида асосий эҳтиёж таълим ва тиббиёт муассасаларидаги ваканциялар ҳақида сўз юритилмоқда. Бу йўналишдаги олий таълим муассасаларининг аксарият битирувчилари қизлар ҳисобланади. Ҳеч бир ота-она бўйи етган қизининг бир ўзини республикамизнинг чекка ҳудудига жўнатишга рози бўлиши қийин.   

Унда Помуқ, Чандир қишлоқлари каби чекка ҳудудлардаги кадрлар етишмовчилигини қандай ҳал этиш мумкин? 

Учрашувлар жараёнида сайловчиларимизнинг ўзлари бунга жавобини ҳам айтишди. Яъни мактабларда ва шифохоналарда кўп йиллардан буён ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотли кадрлар ёки мактабларнинг битирувчиларига тегишли вазирликлар томонидан кўпроқ мақсадли квота ажратилса, олам гулистон. 

Тўғри, ҳозир ҳам мақсадли қабул учун квоталар ажратилмоқда. Аммо буни етарли ёки мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қондиради деб айта олмаймиз. Мисол учун Миришкор тумани учун жорий йилда 9 та соғлиқни сақлаш йўналишида, 23 та педагогика соҳасида мақсадли квота ажратилган. Помуқ ва Чандир қишлоғи каби 10 дан ортиқ қишлоғи бор бўлган туманга ажратилган квота битта қишлоқни ҳам эҳтиёжини қондира олмайди. 

Мақсадли қабул квоталарини кўпайтириш орқали биз шучаки битирувчиларни эмас, малакали кадрлар хизматига муҳтож бўлиб турган миллионлаб аҳолимиз эҳтиёжларини қондирамиз.  

Тегишли мутасаддилар қабул квоталарини бунчага оширдик, бу йил шунча битирувчига диплом берилди каби рақамларга маҳлиё бўлавермасдан, чекка-чекка ҳудудларни ҳам олий маълумотли мутахассислар билан таъминлаш чораларини кўриши лозим. 

Зеро, Ўзбекистон ҳар бир фуқароси, қаерда яшашидан, қатъий назар тенг ҳуқуқлидир ҳамда сифатли таълим ва тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга. 

Махфират ХУШВАҚТОВА, 
Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!