Биз билган ва билмаган номзодлар! Аниқроғи, билмаганларимиз...

Биз билган ва билмаган номзодлар! Аниқроғи, билмаганларимиз...

Бугунги кунда сайлов яқинлашгани сари сиёсий партиялардан Президентлик учун кўрсатилган номзодлар тўғрисида жамоаларда, ижтимоий тармоқларда, қўйингки, барчанинг оғзида хилма-хил фикр, баҳс-мунозаралар, муносабатлар билдирилмоқда. Мазкур фикрлар ичида уларнинг касбий профессионаллиги, илмий салоҳияти, бошқарувчилик маҳоратига шубҳа остида қарашлар ҳам учрайди. Қани, биз улар ҳақида нималарни биламиз?

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Азизовна Варисова. Ҳозир Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш масалалари бўйича раиси ўринбосари сифатида самарали фаолият олиб бормоқда. Меҳнат фаолияти ва босиб ўтган йўлига назар ташлайдиган бўлсак, шифокор-терапевт, оилавий поликлиника мудири, Кенгаш депутати, Сенат аъзоси каби лавозимларда ишлаган. У шифокор бўлгани учун одамларнинг нафақат жисмоний, физиологик дардини ҳис қила олади, балки халқнинг ичидаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий масалаларга ҳам чуқур кира олган ва тушунади. Ундаги интилувчанлик, ўз устида доимий ишлаши шифокор-терапевтликдан раҳбарликка, раҳбарликдан сиёсий ҳаётга кириб келишига асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Мазкур Президентлик сайловида номзод сифатида ягона аёл кишининг мавжуд экани, мамлакатимизда истиқлол йилларида раҳбар аёллар синфи шаклланиб келгани, гендер масалалари борасида олиб борилаётган оқилона давлат сиёсатининг натижаси сифатида эътироф этиш ўринли. Дунё тарихида мамлакатни бошқарган, лидер бўлган аёлларга кўплаб мисоллар мавжуд. Индира Ганди, Маргарет Тэтчер, Беназир Бхутто ва бошқалар. Жаҳон тажрибаси бизга шуни кўрсатадики, Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель кетма-кет 4 муддат федерал канцлер лавозимига сайланиб, мамлакатни муваффақиятли бошқараётган аёл раҳбарлардан биридир. Мамлакатимиз тарихида ҳам ўчмас из қолдирган Тўмарис, Қурбонжон Додхоҳ, Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Зебинисо, Зулфияхоним каби оқила, етакчи аёллар бўлгани маълум. Максуда Азизовна ҳам Президентлик учун бошқа номзодлар каби тенг имкониятларга эга. Максуда Варисова мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи аёл Президент бўлса не ажаб.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов. Мутахассислиги филолог-шарқшунос, араб ва инглиз тиллари ўқитувчиси. Тарих фанлари доктори, профессор. Баҳром Абдураҳимовични биз кўп йиллар фан ва таълим соҳасида фаолият юритган олим сифатида таниймиз. У Марказий Осиё тарихи, фан тарихи, ислом, шарқ қўлёзма асарлари, араб давлатлари, араб тили бўйича йирик мутахассис. Босиб ўтган ҳаёт ва меҳнат фаолиятига эътибор берсак, таржимон, етакчи мутахассис, кичик илмий ходим, илмий ходим, илмий котиб, директор ўринбосари, проректор, Фанлар академияси вице-президенти каби лавозимларда фаолият юритган. Шунингдек, меҳнат фаолияти мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимида ҳам фаолият юритган. Иш фаолияти ва қарор қабул қилиш жараёнида ҳам илмий асосда ёндашади. Унинг илмий тадқиқотларининг натижалари 100 га яқин илмий мақола, рисола ва монографияларда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида эълон қилинган. Жаҳон тажрибасида олимларнинг Президент сифатида давлат бошқарувига келган мисоллар талайгина. Машҳур олим, юрист, профессор, Нобель мукофоти лауреати Вудро Вильсон АҚШнинг 28-президенти сифатида (1913-1921 йй.) давлатни бошқарган. “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимовни илмдан сиёсатга кириб келган катта тажрибали шахс сифатида таниймиз.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Қодиров Алишер Келдиевич. Ҳозир мазкур партиянинг Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари сифатида самарали фаолият олиб бормоқда. У меҳнат фаолиятини Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимида етакчи мутахассисликдан бошлаб, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи лавозимларида шунингдек, Қонунчилик палатаси депутати, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозимларида фаолият юритган. Мутахассислиги филолог-иқтисодчи. Қодировни биз мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётидаги жараёнларга, бўлаётган воқеликка тезкорлик билан ОАВларида ўз муносабатини билдириши билан таниймиз. Алишер Қодировнинг шахси, сиёсий-психологик портретига чизги берадиган бўлсак, қарашлари, кескин фикрлар билдира олиш қобилиятига эгалиги жиҳатидан харизматик лидер сифатида намоён бўлмоқда. Унда ҳокимиятга интилиш мотивацияси кучли. У шахс ва сиёсий раҳбар сифатида ўз партиясининг ишончини олган ва электорат ичида кўплаб одамлар симпатиясини қозона билган номзодлардан бири.

Мамлакатимизнинг энг ёш сиёсий партияси Ўзбекистон экологик партиясидан номзод Нарзулло Наимович Обломурадов. Мутахассислиги иқтисодчи, фан номзоди, доцент. Буюк Британиянинг Бирмингем университетини тамомлаган. Кўп йиллар олий таълим тизимида кафедра мудири, декан лавозимларида фаолият юритган. Банк-молия соҳаси, қўмита раисининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул лавозимларида ишлаган. Обломуродов ҳозирги кунда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси лавозимида самарали фаолият олиб бормоқда. Мазкур партия биринчи маротаба Президентлик сайловида ўз номзодини илгари суриб иштирок этаётганига қарамасдан, сайловолди дастурида давлат ва жамият бошқарувида катта ислоҳотларни амалга оширишни ўз олдига қўймоқда. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташласак хорижий тажриба эга бўлган, стратегик фикрлай оладиган илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ўсиб келаётган истиқболли бошқарув кадрларидан бири десак, муболаға бўлмайди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев. Мазкур партиядан илгари сурилган номзод Шавкат Мирмонович ҳақида халқимиз учун ортиқча тарифлаш беришнинг зарурияти йўқ деб ўйлайман.

Ҳар бир номзоднинг ортида катта ҳаётий тажриба, чуқур билим ва салоҳият, уларни қўллаб-қувватловчи электорати турибди. Яқинлашиб келаётган Президентлик сайлови ўзининг қизғин палласига чиқмоқда. Шундай қилиб, мамлакатимиз жўшқин ривожланиш босқичига кирди, фикрлар хилма-хиллиги, янги сиёсий иродага эга раҳбарлар шаклланаяпти. Энг асосийси, фуқароларимиз мамлакатда юз бераётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмас.

Анвар МИРКОМИЛОВ,

"Тараққиёт стратегияси" маркази бош мутахассиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!