Бирлашсак, бало қайтади

Бирлашсак, бало қайтади

Бугун бутун дунё аҳолисининг ўй-хаёли, фикру зикри, туриш-турмушини бир ваҳима, у ҳам бўлса, коронавирус ҳадиги чулғаб олган. Кексаю ёш, каттаю кичик, мулозиму раият – тирик жон борки тожсимон вирусга йўлиқмаслик чораларини кўряпти.

Энг кулгилиси, 15 март куни Ўзбекистон ҳукумати ўтказган брифингдан сўнг айрим одамлар ўзини бозорларга, дўконларга уришди. Худди Қиёмат қоим бўлаётгандек, ойларга, чорак, ҳатто йилларга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишди.

Баъзилар қаноатни унутиб, ризқ Аллоҳдан эканини, қирқ йил қирғин бўлса-да, фақат ажали етган ўлишини унутиб қўйган кўринади…

Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади. Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур…” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга учрамай қайтиб кетди.

Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтарайлик, У Зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини Ул Зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида У Зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.

Эътибор беринг-а, бу дунёда ажали келган, ризқу насибаси кўтарилган одамнинг жони вирус ёки бошқа юқумли касалликларга боғлиқ эмас! Ёки аксинча: умри тугамаган одамни ҳеч қандай вирус олиб кетолмайди!

Хўш, шундай экан, динимиз таълимотида ҳар бир инсоннинг ажали муайян муддат этиб белгиланган экан, ваҳимага тушишимизга, хавотирланишимизга асос борми?

Болгариялик олим-шифокор Веселин Йолов коронавирус туфайли оммавий ваҳимага тушишга асло ҳожат йўқлигини таъкидлади. Ҳозир дунё бўйича 7 миллиард аҳолидан вафот этганлар саноқлигина миқдорда. Соғайганлар эса жуда кўпчиликни ташкил этади. Ваҳоланки, айни пайтда дунё миқёсида, интернет маълумотларига қараганда, саратондан, юрак хуружидан, диабетдан, зарарли ҳашаротлар чақиши оқибатида, автоҳалокатда ва қотиллик туфайли бир кунда минг-минглаб одамлар ҳаётдан куз юммоқда.

Инсонни омадсизликка, касалликга, фақирликга туширадиган, дуосини ижобатини тўсадиган нарса ҳам – унинг хатолари. Қанча кўп истиғфор айтсак, қанча кўп дуо қилиб Яратганнинг Ўзидан сўрасак, шунча кўпроқ мушкулларимиз енгиллашади!

Таъкидлаш жоизки, киши мусулмон бўлиши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ҳамда Қиёмат куни тирилишга имон келтириши шарт. Демак, мўмин-мусулмонларимиз яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигини унутмасдан, бунинг учун ваҳимага тушмасдан, тўғри йўл тутиб, янада жипслашиб, раҳбарларнинг сўзларига қатъий риоя қилишлари шарт бўлади!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси эълон қилинди. Бу фатвони муфтий ҳазратлари оммавий ахборот воситалари орқали барчага ўқиб эшиттирдилар.

Муҳтарам Президентимизнинг бошчиликларида давлатимиз, ҳукуматимиз халқимизга доимо яхшиликни раво кўриб, турли салбий ҳолатлардан авайлаб-асраб келяпти, Худога шукрки, бу дарддан ҳам халқимизни халос қилиш учун барча зарур ва керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.

Юртимиздаги ҳар бир мўмин-мусулмон ортиқча ваҳимага берилиб, саросимага тушмасдан, динимизга ҳам, қонун-қоидаларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, шарқона одоб-ахлоқимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилмасдан, балки унинг ўрнига ўзимизга ҳам, оила аъзоларимизга ҳам тозалик-озодаликни лозим тутиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя этсак, иншоаллоҳ, бу бало тезда юртимиздан даф бўлади.

Ҳозирги ойимизнинг номи тақвимларда шаъбон ойи бўлиб, улуғ ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган буюк аждодларимизни юксак маънавиятига эга бўлган доно халқимиз неча асрлардан бери бу ойни “бароат ойи” деб улуғлаб келган.

Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг кечасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилишини айтганлар: «Қани, истиғфор айтувчилар борми, уларни мағфират қиламан?! Қани, ризқ сўровчилар борми, уларга ризқ бераман?! Қани, бошига мушкул иш тушганлар борми, уларга офият бераман?! Қани, бирор нарса сўровчилар борми, уларга сўраганларини бераман?!» (Имом Ибн Можа ривояти).

Шунинг учун ҳам шундай улуғ фазилатли ойнинг ҳурмат-шарофатларидан, муқаддас пок Ислом динимизга бўлган беқиёс меҳри юзасидан, жаноб Пайғамбаримизга бўлган камоли эҳтиромидан ва чексиз ҳурматидан ота-бобокалонларимиз муборак фазилатли шаъбон (бароат) ойида туғилган фарзанд-невараларини «Барот», «Бароатулло», «Бўрот», «Баратбек», «Бароат», «Баротхон», «Муҳаммаджон», «Расулжон», «Набижон», «Омина» (оналари), «Оиша» (хотинлари), «Фотима» (қизлари) деб, шу ойнинг номи билан номлаб келган.

Бароат кечасида Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди; бир йил ичида бўладиган ишлар ҳақида қазою ҳукм қилинади; амаллар саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади; Аллоҳ таоло мушрик, гиначи ва силаи раҳмни узувчилардан бошқа барчани мағфират қилади; Аллоҳ таолонинг раҳмати Ер юзига ёғилади, деб Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар.

Энди бир фикр юритайлик… Нега “ойларнинг подшоси” бўлган, “ойларнинг султони” бўлган рўза ойида эмас, нега бутун дунёдан мусулмонлар бир жойга – Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Каъбатуллоҳга – йиғиладиган Ҳаж ойларида эмас? Балки айнан мана шу ойда?

Демак, бу ойнинг ўзгача хислатлари бор экан! Демак, бу ойда Ер юзига Аллоҳ таоло ўзгача илоҳий назари билан, ўзгача раҳмат назари билан қарайдиган ой экан! Демак, бу ойда бандаларига Худои таоло томонидан инсоннинг ақли ожизлик қиладиган кўп яхшиликлар, беқиёс неъматлар, файзу баракалар ёғиладиган ой экан! Ҳозирги ойларимиз шундай улуғ фазилатли ойлар экан!

Мазкур буюк, ҳар бир банда учун муҳим ва зарур ҳодисалар ҳам Худои таолонинг инояти ила айнан шу ойда содир этилиши ҳам, албатта, бежиздан-бежиз эмас! Банданинг Яратгандан ялиниб сўраётганлари ижобат буладиган ой экан! Худога айтаётган илтижолари мустажоб бўладиган ой экан! Парвардигорга ёлвораётган нолалари қабул бўладиган ой экан! Аллоҳ таолога кечаю кундузлари турли хил ўринларда қилаётган дуолари мақбул бўладиган ой экан!

Бароат ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Бароат ойида нафл рўза тутиш ҳам савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда шаъбон ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Кўп ҳадисларда келган тавсиялар ушбу муборак ва улуғ ойнинг кечаларини тоат-ибодатда, зикр ва дуоларда ўтказишга қаратилган. Шунингдек, бу муборак ойда асосий қилинадиган нарса тавба-тазарру экани алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло бароат ойида, айниқса, гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойни имкон қадар кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини шундай фазилатли ойларда эсласак, фойдадан холи бўлмаса керак:

– Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улардан эмас (Имом Табароний ривояти);

– Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кетказилишини дуо қилиб кутишдир (Имом Термизий ривояти);

– Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса сўрамайдиган (дуо қилмайдиган)дан ғазабланади” (Имом Термизий ривояти);

– Садақа балони қайтаради;

– Кимки доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади (Имом Абу Довуд ривояти);

– Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум(зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси;

– Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо(тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунун, дуога маҳкам ёпишинг” (Имом Термизий ривояти).

Келинг, муҳтарам азизлар, бундай улуғ ойнинг фазилатли кунларини бизлар ҳам ғанимат билиб, юртимиз, халқимиз, маҳалламиз, оиламиз, қариндошларимиз, қўшниларимиз, дўстларимиз, яқинларимиз, Ер юзидаги инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик…

Илоҳо, жаннатмонанд юртимизнинг тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, донишманд халқимизнинг фаровонлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган барча хайрли, савобли ишларда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Парвардигори олам барча беморларимизга шифо берсин! Илоҳо, халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Илоҳо, деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-куп омадлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

ЎМИ раиси ўринбосари


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!