“Бир ҳафтада бир қозон қайнатолмайдиган хонадонлар бор, биз ибтидоий жамиятда яшамаймизку”. Қарши туманидаги маҳалла аҳлининг муаммоларини мутасаддилар эшитмаяпти

“Бир ҳафтада бир қозон қайнатолмайдиган хонадонлар бор, биз ибтидоий жамиятда яшамаймизку”. Қарши туманидаги маҳалла аҳлининг муаммоларини мутасаддилар эшитмаяпти

Қарши тумани “Чаман” маҳалласи Обод кўчасида истиқомат қилувчи аҳолини бир неча йиллардан бери йўл, ичимлик суви ва мактаб билан боғлиқ муаммо қийнаб келмоқда. Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, Обод кўча номига мос эмас. Уй-жойларга кираверишдаги асосий йўл умуман асфальт қилинмаган.
“Nasafnews” мухбири вазиятни ўз кўзи билан кўриш ва одамларнинг эътирозини тинглаш мақсадида мазкур маҳаллага борди.

-Бизни ҳам кимдир тинглар эканми? Маҳалла раиси ким эканини билмаймиз, ҳамширалар умуман бу кўчага келмайди. Тез ёрдам чақирсак, бизга қарашли эмас у кўча деб жавоб беради, -дейди Обод кўчасидаги 65-уйда истиқомат қилувчи Раҳматилла Холиқов. Куни кеча қўшнимиз Зокир Нарзуллаев вафот этди. Қон босими кўтарилиб кетгани учун тиббий ёрдам қилишга қийналдик. Тез ёрдам келмади, чақирсак лой кўчага кира олмаймиз деб айтади. Ҳақиқатдан ҳам кўчамизнинг аҳволи жуда оғир.
Машиналар лойга ботиб қоляпти, бир амаллаб йиғилишамиз бу машиналарни сурамиз. Қўшнимиз деб бир-биримизга ёрдам берамиз.

– Биринчи гуруҳ ногирониман, кўчамиз лойлиги учун бирон жойга аравача билан чиқишга ҳам қияналаман. Лойга ботиб қолиб, неча марта азият чекдим. Кўчада 200 дан ортиқ хонадон бор, бундан ташқари шу кўчадан юқоридаги кўчаларга ҳам борилади, у ерларда ҳам 50 га яқин хонадонлар истиқомат қилади, – дейди 53-хонадонда истиқомат қилувчи Учқун Ёдгоров.
– Кўчанинг лой ва чанглиги бизларни 7 йилдан бери қийнаб келади. Мурожаат қилганмиз, яқинда бу мурожаатимизни ўргангани келишди ва йўл масаласида бизга мурожаат қилманглар деб айтишди.

Маълум бўлишича, маҳалла раиси 2019 йилда Қарши тумани “Чаман” маҳалланинг Обод кўчасидаги ички йўллар таъмирланиши ва бу дастурга киритилгани ҳақида фуқароларга маълумот берган.

– Дастурга киритилди, октябрь ойида шағал тўкилади, асосий йўллар таъмирланади деган эди маҳалла раиси. Лекин мана февраль ойи келди ҳеч қандай қурилиш қилингани йўқ. Маҳалла раиси бизни алдаган эканда, қандай қилиб қиш кунида йўлни таъмирлаб бўлади. Аввалроқ ёғингарчилик бўлмаган кунда шағал тўкишни нега ўйлаб кўришмаган? Биз ибтидоий жамиятда яшамаймизку. Ҳеч ким келиб бу ерда қандай яшаяпсизлар деб сўрамайди. Камбағални ҳам шу ердан топасиз, бир ҳафтага бир марта қозон қайнатолмайдиган рўзғорни ҳам шу ердан топасиз. Гапим ёлғон бўлса, мутасаддилар келсин, одамлар қандай яшаётгани билан танишсин,- дейди биринчи гуруҳ ногирони Учқун Ёдгоровнинг аёли Азиза Рўзиева.

Одамларнинг сўзларига қараганда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ҳам қатор муаммолар бор. Тез ёрдам чақирилса улар қўпол муомалада бўлиб, кўча ўзларига тегишли ҳудуд эмаслигини айтишади.

– Куни кеча қон босимим кўтарилиб аҳволим оғирлашиб қолди,- дейди аҳоли вакилларидан бири Шахноза Бобоқулова. Тез ёрдамни чақиришга қўрқамиз, неча марта чақирган бўлсак, турли баҳоналарни важ қилиб кўрсатади. Улар бу кўчага хизмат кўрсатишмаса, нега маҳалла бизга шу тез ёрдам шахобчаси хизмат кўрсатишини айтади. Нега уларнинг телефон рақамлари берилган?
Бундан ташқари бизда ичимлик суви ҳам катта муаммо. 70 минг сўмдан сув сотиб олиб ичамиз. Сув ташувчи машиналар эса бундай лой кўчаларга кирмайди, кирса ҳам пулини қиммат олади ёки лойга ботиб қолади. Кейин ҳаммамиз бир бўлиб катта сув ташувчи машинани суриб лойдан чиқаришга мажбур бўламиз.

Чаман маҳалласи фақатгина Обод кўчасидан иборат эмас. Кўчага бореверишда намунали уй-жойлар ҳам қурилган бўлиб, афсуски айрим уй-жойларга яқин ҳудудда умумий ўрта таълим мактаби қурилмаган. Таҳминларга кўра, болалар мактабга бориш учун 8 километрлик масофани босиб ўтади. Қарши шаҳар 35- мактаб эса Қарши туманидаги мактаб ўқувчиларининг ҳаммасини ҳам ўқишга қабул қилавермайди. Фарзандини мазкур мактабга олиб борган ота-оналарга кўпинча бир хил жавоб “Ўзингизнинг туманингиздаги мактабга олиб боринг” деб айтилади.
Аммо чаманликларга туманга қарашли бўлган мактабдан кўра 35-мактаб яқинроқ.

– Болаларимиз мактабга бориш учун қишда жуда қийналади. Кўчага ҳеч қандай йўловчи ташувчи таксилар кирмайди. Ўқишга бориш учун катта йўлга чиқамиз. Таксиларга ишониб биринчи синф ўқувчиларимизни шаҳар марказига юборамиз. Қайтишларини юрак ҳовучлаб кутиб ўттирамиз, -дейди Обод кўчаси 75-уйда истиқомат қилучи Раъно Тўхтахўжаева.

-3 та фарзандим мактабга боради, -дейди Обод кўчаси 60-уйда истиқомат қилувчи Шоҳсанам Мустафаева.
Уларни шаҳар мараказидаги мактабга қўйишга мажбур бўлганмиз. Чунки бизга яқин ҳудудда мактаб йўқ. Энди йўлимизни аҳволини қаранг, болаларимиз лойга ботиб қолаяпти. Мактабга лой бўлиб кириб бораяпти.

-Вилоятимизга янги ҳоким келди деб севиндик,- дейди Раъно Тўхтахўжаева. Энди бизнинг ҳам кўчамизга раҳбарлар эътибор қаратади деб ўйлаган эдик. Лекин вилоят ҳокими қўйган талабни ҳамма раҳбарлар ҳам англагани йўқ. Англаганида эди, биз билан келиб гаплашар эди. Одамларни муаммосига қулоқ тутган бўларди. Зойир Мирзаевга бу сўзларимиз етиб боришини, унинг ўзи келиб турмуш-тарзимиз билан қизиқишини истаймиз.

Ҳақиқатдан ҳам чаманликлар ибтидоий жамиятда яшаётгани йўқ. Бугун ҳар соҳада ривожланиш, қишлоқларда ободлик ишлари, кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик амалга оширилмоқда. Албатта ҳамма жойни бирдан обод қилиб бўлмайди. Лекин мутасаддилар вақт керак экан деб ўтираверса, шаҳар марказига яқин кўчада яшайдиганлар ҳам лойга ботиб юраверади.
Маҳалла аҳли бежизга вилоят ҳокими ташрифини кутмаяпти, балки шундан кейин бирор ўзгариш бўлар. Ҳамма гап мақолада муаммосини айтган одамларнинг ҳасрати Зойир Мирзаевга етиб боришида…
Кузатамиз.

Manba: Nnews. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!