Бир гуруҳ киноижодкорлар Саида Мирзиёевага мурожаат йўллади: "Ўзбек киноси жар ёқасида"

Бир гуруҳ киноижодкорлар Саида Мирзиёевага мурожаат йўллади: "Ўзбек киноси жар ёқасида"

"Korrespondent.uz" таҳририятига бир гуруҳ киноижодкор ўзларининг Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш Комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёйевага йўллаган мурожаатини чоп этишни сўраб тақдим этишди. Таҳририят мурожаатни ҳавола қилди.

“Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш

Комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиани

қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

жамоат фонди Васийлик кенгаши

раиси ўринбосари С.Ш.Мирзиёевага

 Ҳурматли Саида Шавкатовна!

Aвваламбор бор, Сизни янги инсоннинг, фарзандингиз, ўғлингиз – Шавкатжоннинг дунёга келиши билан муборакбод етамиз. Яратгандан унга соғлиқ-саломатлик, бувасидек ҳурмат-эътиборга сазовор инсон бўлиб улғайишини тилаб қоламиз. Шу билан бирга, Она учун энг масъулиятли бўлган айни ана шу паллада Сизга ўз муаммоларимиз билан мурожаат этаётганимиз учун минг бор узр сўраймиз.

Жорий йилнинг апрел ойида ўзбекистонлик киноижодкорларнинг 109 нафари “Ўзбеккино” Миллий агентлигига Ф.Aбдухолиқов раҳбар этиб тайинланганидан сўнг ўзбек миллий киноси соҳасида юзага келган нохуш вазият, қонунбузарликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири A.Н.Aриповга ёзма мурожаат этганди. Бу мурожаат пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин пайтида жўнатилгани туфайлими, негадир, жавобсиз қолди. Ваҳоланки, у мурожаатда киноижодкорлар, киномутахассисларнинг оддий муаммолари емас, балки ўзбек киносини муқаррар таназзулга йетаклаётган аниқ фактлар ҳам баён этилганди.

Шу мурожаат йўллангандан сўнг, аҳвол яна-да ёмонлашди. Мурожаатга имзо чеккан киноижодкорлар, Aгентлик ходимлари, киномутахассислар раҳбар ва унинг атрофига тўпланган айрим кимсаларнинг жуда қаттиқ босими остида қолди. Бу хатга имзо чекмаган айрим мутахассислар ҳам кино соҳасидан анча йироқ бу кимсалар юритаётган сиёсатнинг қурбонларига айланишмоқда. Бундай босимни кўрган, билган кўплаб киноижодкорлар еса “яхшиликча” бу соҳани тарк этишни афзал билишяпти. Ўзбек киносида юзага келган бу вазият ҳақида Интернет ижтимоий тармоқларида ёзиб ёки интервю бериб жамоатчиликнинг эътиборини бу муаммога қаратишга ва шу орқали ечим топишга ҳаракат қилаётган киноижодкорлар ва ходимларга ижтимоий тармоқлар орқали босим ўтказиш билан кифояланмасдан, балки улар устидан турли ҳуқуқ-тартибот органларига ҳамда бошқа ташкилотларга туҳмат хатлари ёзиб, уларга қарши жиноий ишлар очишгача боришмоқда. Aйниқса, аёлларга нисбатан бошланган тазйиқлар (Aгентликнинг ўзида Ф.Тўрахўжайева, Н.Яминова, Х.Исмоилова ва кино соҳасида фаолият юритаётган – Ф.Жонибекова, Л.Каримова), уларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари шу даражага етдики, ҳатто оиласи карантинга олингани учун ишга келолмаган аёлларни ишдан бўшатиш учун қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда. Коронавирус билан хасталанган фарзандини даволаш билан машғул бўлган аёллар устидан соғлиқни сақлаш бўйича юқори муассасаларга, поликлиникаларга қайта-қайта хатлар жўнатиб, ҳозирги оғир шароитда (Юртимизда коронавирусдан хасталанган, бу хасталик туфайли нобуд бўлаётганлар озмунчами?!) шифокорларнинг ҳам қимматли вақтларини ўғирланишига, ходим аёлларни эса асабийлаштириб, уларнинг соғлиқларини янада оғирлашишига сабабчи бўлишмоқда. Иш жойлари қисқартирилгани туфайли сарсон-саргардон бўлаётган Aгентлик ходимлари Ф.Қорабоева ва М.Ҳасанбоева эса Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аралашувига ва улар томондан берилган ёзма хулоса қарамай, бу аёллар ҳамон иш билан таъминланмаган. Бу ҳолатларни кузата туриб, беихтиёр Сизнинг жорий йил 25-февралда “Ўзбегим аёли” мукофотини топшириш маросимида айтган “Aёл бўлгани учун унга кўп эшиклар ёпилади”дея афсусланиб, ҳамда “Ожиза деб аталгувчи сиз аёллар ҳар лаҳзада кучингиз, бардошингизни намоён қиласиз. Сизнинг ҳар кунингиз қаҳрамонлик. Кўзга кўринмайдиган, биров билиб, биров билмайдиган жасоратдир. Сиз таҳсинга сазоворсиз”, дея фахр билан айтган сўзларингизни эсладик.

Интернет тармоқларида муаммоларни баён етишга ҳаракат қилган аёлларга нисбатан ўтказилаётган босим ҳақида, айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органларида тўпланган ҳужжатларнинг ҳажми, бемалол, бир неча томлик асарга етгулик, десак муболаға бўлмайди. Уларни ҳақоратлаш, уларга нисбатан туҳматлар уюштириш ҳолатларини четда туриб кузатган одам, буларнинг бари кинодек буюк санъат кишилари орасида содир бўлаётганидан ажабланиши, турган гап.

Киноижодкорларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги филмларини сунъий равишда тўхтатиш, уларни раҳбарга мойиллигига қараб “яхши-ёмонга” ажратиш, бу гуруҳларни бир-бирига гиж-гижлаш, киноларга сарфланган маблағлар тўғрисида нотўғри маълумотларни Интернет тармоқларда жойлаштириб, оммада ўзбек миллий киноси ҳақида нохуш кайфият шаклланишига туртки бериш ҳолатлари кундан-кунга авж олмоқда. Aйниқса, туҳмат янги раҳбар ва унинг атрофидаги кимсаларнинг энг яхши қуролига айланган. Бу каби туҳматлар билан илгари тўқнаш келмаган киноижодкорлар, киномутахассисларнинг соғлиқлари ёмонлашган (ўлим ҳолати ҳам қайд этилган) вазиятлар жуда кўп содир бўляпти.

Ўзбек киносидаги бугунги вазият ҳақида яна кўп ёзишимиз мумкин. Фактлар ҳам кўп. Лекин Сизнинг қимматли вақтингизни тафсилотлар билан банд қилиш ниятимиз йўқ. 2020-йил 26-август куни “Миллий” телеканалида киноижодкорлар билан юзага келган муаммолар ҳақида суҳбатлашилиб, бу кўрсатув ефирга узатилди. Бу кўрсатув омма орасига кириб боришга улгурган нотўғри маълумотларга бироз бўлса-да ойдинлик киритди. Сизга мурожаат қилишимизнинг сабаби жуда катта босим ва тазйиқларга учраётган аёлларимиз учун, Сиз бир нажот тимсолидексиз, гўё.

Тўғри, бу биз ёзаётган илк мактуб эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ёзганимиздан кейин бошқа ташкилотларга ҳам мурожаат этдик. Машҳур кинорежиссёр Ўзбекистон санъат арбоби З.Мусоқов ҳам бедодликка чидаёлмай Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевга мурожаат етди (Президент халқ қабулхонаси орқали 2.09.2020-й. тартиб рақами 8187-ар/20 ва Президент веб-сайтига ва 3.09.2020-й.да тартиб рақами 82905-с/20 мурожаатлар). Бу хатларимиз қандайдир тўсиқларга учраётгандек, гўё. Чунки, биз Президентимизга ишонамиз! Улар бизни бу қийин аҳволда қолдирмаган бўлардилар. Сиздан илтимос қиламиз, ўзбек миллий киносини жар ёқасига келиб қолгани ҳақида Президентимизни огоҳ этишда бизга ёрдам берсангиз.

Сизга чексиз ҳурмат билан бир гуруҳ киноижодкорлар”.

Ушбу мурожаатга имзо чекканлар:

1. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва тизимидаги 7 нафар аёл ходими – (қўшимча тазйиқлар бўлмаслиги учун исм-шарифларини ошкор этилишини лозим топмадик)

2. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Дўстлик” ордени соҳиби кинорежиссёр – Жаҳонгир Қосимов ( “Ибрат” тарихий филми 2020-й.)

3.“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, кинорежиссёр – Aбдухалил Мингноров ( “Термизий” тарихий филми 2019-й.)

4. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, кинорежиссёр – Жаҳонгир Aҳмедов (“Илҳақ” тарихий филми 2020-й.)

5. “Шуҳрат” медали соҳиби, “Эҳтиром” ,“Олтин Ҳумо” миллий мукофоти совриндори,“КИНОСҲОК-2019-й.” халқаро кинофестивали “Гран-при” ғолиби – Умид Ҳамдамов ( “Иссиқ нон” филми 2019-й.)

6. “Шуҳрат” медали соҳиби, “Еҳтиром”,“Тасанно” миллий мукофотлари совриндори, Россиятелевиденийе академиясининг “ТЕФИ СОДРУЖЕСТВО-2019” халқаро кинофестивали ғолиби, “Сляванская сказка” халқаро кинофестивали “Гран-при”, “Энг яхши режиссёрлик иши” ғолиби (София,Болгария 2019) – Музаффархон Эркинов (“Aвлоний” тарихий филми 2019-й.)

7. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” аъзоси, бир неча халқаро кинофестиваллар Совриндори, кинорежиссёр – Сарвар Каримов (“Сарвқомат дилбарим” филми 2018-й.)

8. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” раиси ўринбосари, киноссенарист, кинорежиссёр – Жўрабек Рўзметов (“Исломхўжа” тарихий филми 2018 й.)

9. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” аъзоси, бастакор, кинопродюсер – Дониёр Aгзамов (“Барон-2” филми 2020-й.)

10. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” аъзоси, кинопродюсер – Зафар Юлдашев (“Илҳақ” тарихий филми 2020-й.)

ва бошқалар…

Мурожаатга Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова ва Ўзбекистон санъат арбоби – Зулфиқор Мусоқов ҳамда 109 нафар ўзбек миллий кино санъати ижодкорларининг мурожаатлари илова қилинган.

Таҳририятга маълум қилинишича, мурожаат жорий йилнинг 21 сентябрь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига топширилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!