Беш ёшли қизчанинг ўлимига сабабчи бўлган йигит 11 йилга қамалди (фото)

Беш ёшли қизчанинг ўлимига сабабчи бўлган йигит 11 йилга қамалди (фото)

Жорий йилнинг февраль ойи бошларида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 5 ёшли қизни йўқолиши ва кейинчалик вафот этган ҳолда топилганлиги билан боғлиқ жиноят иши барчани жунбушга келтирди. 

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилиб, 2018 йил 13 сентябрь куни айблов ҳукми эълон қилинди. 

– Бу ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган, – дейди жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси М. Ибрагимов. – Суд ҳайъати томонидан очиқ суд мажлисида судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакиллар, гувоҳлар, эксперт-мутахассис ва терговчиларнинг кўрсатувларини, тарафлар музокарасини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, жиноят ишидаги ҳужжатлар ва далиллар синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Суд мазкур жиноят иши бўйича адолатли ҳукмини чиқарди.

Судда аниқланишича, Қўштепа туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов 2018 йил 5 февраль куни эрталаб яшаш хонадонидан велосипедда Олтиариқ тумани марказидаги бозорга борган. У қайтишда Полосон маҳалласидаги 6-мактабгача таълим муассасаси ёнидан ўтиб кетаётиб, ушбу муассасадан кузатувчисиз чиқиб кетаётган тарбияланувчилар вояга етмаган Ш.Ғоффоралиев, Х.Ғоффоралиева ва К.Ғоффоралиевани ёнига чақириб, уларга велосипедда сайр қилдириб, дўкондан ширинликлар олиб беришини айтиб, алдаб, Ш.Ғоффоралиев ва Х.Ғоффоралиевани велосипедининг орқа ўриндиғига, К.Ғоффоралиевани эса велосипедининг олд қисмига ўтирғизиб, уларни ўғирлаб кетган.

Шундан сўнг, А.Абдураҳмонов ўғирлаб кетаётган Ш.Ғоффоралиев ва Х.Ғоффоралиевани Олтиариқ тумани, Тошхирмон кўчаси бўйлаб ўтган йўл четида қолдириб, К.Ғоффоралиевани эса ўзи билан бирга велосипедда Тошкент Марғилон Андижон йўналишидаги темир йўлнинг Олтиариқ Марғилон қисмидан Марғилон шаҳри йўналиши томонга олиб бориб, вояга етмаган, ожиз аҳволдаги К.Ғаффоралиевани ушбу темир йўлнинг 244 километри, 6-пикетида унинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдириб, шу жойда ёлғиз ўзини ташлаб кетган.

Натижада ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган, вояга етмаган К.Ғоффоралиева тунги вақтда Қўқон Марғилон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган 62-сонли йўловчи поезди вагонларининг пастки қисмидаги металл қисмларига урилиб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳатлари олиши оқибатида воқеа жойида вафот этган. 

Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган тезкор қидирув давомида мазкур жиноятни содир этган А. Абдураҳмонов қўлга олинган. Тергов ҳаракатларида давомида А.Абдураҳмонов воқеа куни бошқариб, жиноят содир этишда фойдаланган оқ-кулранг рангдаги, кейинчалик яшил ранга бўяб яшаш хонадонига яшириб қўйган велосипед, яшаш хонадонида бўлган яшил рангли сепиладиган краска уч дона банкалари, воқеа содир бўлган куни унинг эгнида бўлган кулранг-қора рангли куртка, қора рангли қалпоғи далилий ашё тариқасида олинган. Бундан ташқари, Олтиариқ тумани, Ҳамза номидаги маҳалла ҳудудида жойлашган жоме масжидига ўрнатилган видео кузатув камерасига ёзилган видеоёзув бир дона компакт дискка туширилиб, жиноят ишига қўшилган. Бир неча турдаги экспертизалар хулосалари билан ҳам бу жиноят иши ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан судланувчи А. Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 117-моддасининг 2-қисми ва 137-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил кесил 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд қарори эълон қилингандан сўнг раислик қилувчи томонидан судланувчи ва жабрланувчининг вакилларига тушунтиришлар берилди.

Албатта, Олтиариқ туманида содир бўлган бу жиноят барчани янада огоҳ ва масъулиятли бўлишга ундайди. Мактабгача таълим вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тарбияланувчиларни мактабгача таълим масканига олиб келиш ва ундан олиб кетиш билан боғлиқ жараёнга муҳим эътибор қаратишлари лозим бўлади. Суд ана шулардан келиб чиқиб, мутасаддиларга мазкур жиноят иши юзасидан хусусий ажрим чиқарди. Шунингдек, ота-оналар ҳам ҳеч қачон фарзанд тақдирига бефарқ бўлишлари керак эмас. Мана бу жиноят иши барчага сабоқ бўлиши шартдир. 

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!